Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:57

Москвада патент нархи оширилиши мумкин


Москвада 2015 йилнинг январидан май ойи ўрталарига қадар патент олишга ҳужжат топширганлар сони 1 миллиондан кўпроқ бўлгани ҳолда¸ 200 минг муҳожиргина патент олишга муваффақ бўлган.
Москвада 2015 йилнинг январидан май ойи ўрталарига қадар патент олишга ҳужжат топширганлар сони 1 миллиондан кўпроқ бўлгани ҳолда¸ 200 минг муҳожиргина патент олишга муваффақ бўлган.

Москва ҳукумати пойтахтдаги маҳаллий фуқаролар орасида ишсизлик кўлами кенгайса¸ меҳнат муҳожирлари учун ишчи патентлар нархи оширилиши мумкинлигини билдирди. Мэр Сергей Собянин бу қарор Москвага келаётган муҳожирлар оқимини камайтиришга қаратилганини очиқ эътироф қилди.

Москвага келаётган мигрантлар оқими қаттиқ назорат қилинади

Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянин шаҳар Касаба уюшмалари фаоллари билан куни-кеча бўлиб ўтган учрашувда пойтахтда маҳаллийлар орасида ишсизлик даражаси ошиши ортидан мигрантлар учун патентлар нархи ҳам оширилиши мумкинлигини маълум қилди:

- Қурилиш секторида, айниқса, тижорий қурилишда хорижлик ишчилар сони ўзгармасдан қолади, деб ўйлайман. Аммо, агарда Россия фуқаролари, москваликлар орасида ишсизлик ошиб бораётганини қайд этсак, патентларга бўлган тўлов нархларини кўтариб, мигрантлар секторини сиқишга ҳаракат қилиб борамиз. Шу тариқа, биз бозор иқтисодиёти усуллари билан бу соҳани назорат қилиб борамиз, мигрантларнинг Москвага келаётган оқимини сунъий равишда камайтирамиз, деди Сергей Собянин.

Ҳозирда Москвадаги ишсизлик даражаси 0,5 фоиздан юқори эмаслигини таъкидлаган Собянин ўз нутқида “бундан олдин ўн минглаб, ҳатто юз минглаб муҳожир ўзига кўрсатилган тиббий хизматлар учун давлат бюджетига умуман ҳақ тўламагани”ни ҳам билдирди:

- Бу муаммо ҳам деярли бартараф этилган. Ҳар ҳолда, биз мигрантларнинг реал сони ва уларга таъсир этиш нуқталари тўғрисида тасаввурга эгамиз, деди Сергей Собянин йиғилган касабачиларга.

Айни пайтда, Москва ҳукуматининг Меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш департаменти пойтахт меҳнат бозорида етишмовчилик сезилаётган иш ўринлари тўғрисида статистика маълумотларини очиқлади. Жумладан, катта эҳтиёж сезилаётган вакансиялар рўйхатида фаррош-қоровуллар биринчиликда бўлиб¸ Москвада 6059 фаррош етишмаслиги айтилди. Экспертлар жами шаҳар хўжалилига 30 минг ишчи етишмаётганини гапирмоқда.

Украина бўҳронидан кейин Россия рублининг доллар ва еврога нисбатан қадрсизланиши ортидан меҳнат муҳожирлари иш ҳақлари ҳам камайди, кам ҳақ тўланадиган касбларга мигрантларнинг қизиқиши ҳам кескин сусайди. Москва ҳукумати шаҳарда фаррошларнинг ўртача меҳнат ҳақи 18,5 минг рубльга тенг эканини ҳам эълон қилди.

"Муҳожирлар патентга тўламай қўяди!"

Москвадаги меҳнат муҳожирлари вазият бундан-да мураккаб эканига эътибор қаратмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган 40 ёшли Адҳам шаҳарда ошпазлик қилади. У 4 минг рубллик патент нархи ошириладиган бўлса, кўп муҳожир патент учун тўламай қўйишини айтади:

- Мен 30 минг ойлик оламан. Бир хонада 6-7 киши турамиз. Бу ёқда ейиш-ичиш, транспорт харажатлари бор. Яна патентга тўласам, мен уйга болаларга нима жўнатаман?! Нархи ошса умуман ҳеч ким келмайди – ҳамма кетворади. Мана, Москвада иш кўп, ободонлаштиришга одам етишмаяпти. Ишчиларга талаб катта даражада, аммо ишлайдиган одамнинг ўзи йўқ – “ўзимизникиларга иш ўрни очамиз”, деб ўзбекларни, тожикларни, қирғизларни қисқартирди. Лекин ўзлариники бу ойликка бормаяпти! Менинг танишларим бор -12 киши дворник бўлиб ишлайди. Подвалда яшайди, 12 минг сўмдан ишлайди. Тасаввур қилинг! Биттасида ҳам патенти йўқ! Чунки патентга 4 минг сўм тўласа, уйига нима жўнатади?! -дейди Адҳамжон.

Россияда ҳар бир минтақа ойлик патент тўловлари сони ва нархини ўзи белгилаб боради.

Сахарово Миграция марказидаги муҳожирлар навбати
Сахарово Миграция марказидаги муҳожирлар навбати

Россиянинг айрим ҳудудларида жорий этилган янги патент тизими туфайли мигрантлар сони кескин камайгани кузатилмоқда. Масалан, Томск вилоят депутатлари апрель охирларида ишга рухсатнома нархини 4 минг рублдан 2,5 минг рубльга қисқартиришга мажбур бўлди. Буни халқ вакиллари йил бошидан буён минтақада атиги 401 дона патент расмийлаштирилгани билан изоҳлади.

Ҳозирги кунда хориж фуқаролари Москва шаҳрида бирор фаолият билан шуғулланишга рухсат берувчи патент учун ойига 4 000 рубль тўлаб бориши лозим.

Ишга рухсатномани расмийлаштиришга (дактилоскопия, тиббий кўрик, имтиҳон, давлат божи) эса бир вақтнинг ўзида камида 16 минг рубл тўловни амалга ошириш талаб қилинади.

Сахаровода очилган Кўптармоқли миграция маркази (ММЦ) келтираётган маълумотларга кўра, Москвада 2015 йилнинг январидан май ойи ўрталарига қадар патент олишга ҳужжат топширганлар сони 1 миллиондан кўпроқ бўлгани ҳолда¸ 200 минг муҳожиргина патент олишга муваффақ бўлган.

XS
SM
MD
LG