Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:55

Марказий банк валюта айирбошлашни камида уч ойга тўхтатиб қўйди


АҚШ долларнинг қора бозордаги нархи бирданига 5 минг сўмгача чиққани Марказий Банк қарори билан боғлиқ бўлиши мумкин.
АҚШ долларнинг қора бозордаги нархи бирданига 5 минг сўмгача чиққани Марказий Банк қарори билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Марказий банки жисмоний ва юридик шахслар учун валютани расмий курс бўйича айирбошлаш операцияларини вақтинча тўхтатиб қўйди. Банк ходимининг Озодликка айтишича, валюта айирбошлаш камида июль ойига қадар амалга оширилмайди. Иқтисодчилар мазкур қарор Ўзбекистонда валюта тушумининг кескин камайгани тасдиқлашини айтади, лекин вазиятни мазкур чора билан ўнглаш уринишлари ички бозорда нархларнинг кўтарилишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Жисмоний ва юридик шахслар учун валюта айирбошлаш операцияларини тўхтатиб қўйилгани тўғрисидаги хабар Ўзбекистон Марказий Банки мамлакат бош вазирини нақд пул тақчиллиги тўғрисида огоҳлантирганидан бир неча кун ўтиб пайдо бўлди. Бу ҳақда 20 май куни хабар қилган Узметроном нашрининг ёзишича, хорижий сармоядорлар ва маҳаллий тадбиркорлар ўз даромадларини конвертация қилиш имконидан номаълум муддатга маҳрум бўлган.

Озодлик мазкур қарор қачон қабул қилингани тўғрисида Марказий банкдан маълумот ололмади. Лекин Ўзбекистондаги Алоқабанк ходими, Озодлик билан суҳбатда, бу хабарни тасдиқлади. Жисмоний ва юридик шахслар учун валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш камида июль ойига қадар тўхтатиб қўйилгани айтади банк ходими.

“Валюта операциялари июль ойигача тўхтатилди. Сабаби валюта айирбошлаш сўраб мурожаат қилганлар сони ҳаддан ортиқ кўпайиб кетган. Шу сабабли улардан аризалари олиниб, жорий кварталда айирбошлаш операцияларини тўхтатиб қўйишга қарор қилинган. Бунда ҳаммага, ҳам тадбиркорлар, ҳам жисмоний шахслар учун валюта айирбошлаш тўхтатиб қўйилди”, дейди банк ходими.

Узметроном нашрининг хабар қилишича, Марказий банк қарори билан биргаликда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги товарлар импортига доир шартномаларни рўйхатдан ўтказишни тўхтатиб қўйган. Ўзбекистонлик тадбиркорлар валюта биржасига конвертация ҳақида ариза топширишларидан аввал импорт қилинадиган хом ашё, асбоб-ускуналар ва товарларга доир шартномаларни вазирликдан рўйхатдан ўтказишлари лозим.

Озодлик суҳбатлашган Алоқабанк ходими, вазирлик қароридан хабари йўқлиги, лекин Марказий банк жорий қилган чекловнинг ўзи мамлакатга импортни вақтинча чаклашини айтади.

“Тадбиркорлар мамлакатга июль ойига қадар, вақтинчлик товар олиб кира олмайди. Чунки уларнинг банк карталари ёпиб қўйилган Июль ойида чеклов олиб ташланса, кейин яна бемалол олиб киришлари мумкин бўлади”, деди банк ходими.

Суҳбатдошимиз Озодликнинг валюта айирбошлаш операциялари июль ойида очиладими, деган саволига аниқ жавоб бера олмаслигини билдирди. Лекин ҳозирча чеклов 2015 йилнинг 2-чорагига жорий қилинганини таъкидлади.

Чеклов жорий қилингунига қадар ҳам валютани Марказий банк белгилаган расмий курс бўйича айирбошлаш ўта чекланган миқдорда амалга оширилган. Жисмоний шахслар хорижга сафар қиладиган тақдирда, авиачипта ва бошқа тегишли ҳужжатларни тақдим қилсагина, бир чоракда бир марта 2 минг АҚШ долларини айирбошлаши мумкин эди. Тадбиркорлар ҳам хом ашё ва товарларни хориждан сотиб олиш учун конвертацияни бир неча ойлаб кутишига тўғри келар эди.

Ўтган ҳафта Марказий Банк бош вазирга йўллаган ҳисоботида иқтисодда нақд пул тақчиллиги юзага келганидан огоҳлантирган эди.
Ўтган ҳафта Марказий Банк бош вазирга йўллаган ҳисоботида иқтисодда нақд пул тақчиллиги юзага келганидан огоҳлантирган эди.

Марказий банк жорий қилган чеклов президент Ислом Каримов “дангасага” чиқарган миллионлаб ўзбек муҳожирлари Ўзбекистон иқтисодининг каттагина қисмини таъминлаб келганини яна бир бор намойиш қилди, демоқда кузатувчилар. Иқтисодчилар Россияда АҚШ доллари нархининг кескин ошиб кетиши Ўзбекистонга валюта тушумини пасайтириб юборишидан огоҳлантириб келаётган эди.

Остонадаги Евроосиё университети доценти, Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев гапиради:

- Чет элда ишлаётган фуқароларимиздан келиб тушадиган 5 миллиард долларга яқин маблағ кескин камайиб, 2-3 миллиардга тушиб қолгани айтилмоқда. Икки миллиардга камайиб кетиши ҳам Ўзбекистондек мамлакат учун катта йўқотишдир. Ўзи экспорт ҳажми 14-15 миллиардни ташкил қилса, тасаввур қилинг, 11-12 миллиардга тушиб қолса. Валюта тушуми камайса, валюта айирбошлайдиганларнинг 30-40 фоизи жисмоний шахслар ва кичик тадбиркорлар, уларга қаердан олиб беради валютани. Албатта¸ уларга бу нарса таъсир қилади,- дейди иқтисодчи.

Сапарбой Жубаев шу ҳафта бошида АҚШ долларнинг қора бозордаги нархи бирданига 5 минг сўмга чиқиб кетгани ҳам Марказий банк жорий қилган чеклов билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини қўшимча қилади. Иқтисодчи жорий қилинган чекловни “мисли кўрилмаган”, дея атаб, валюта конвертацияси яқин орада қайта очилмаса, бу нархларнинг янада ошишига туртки бўлишини башорат қилади.

- Энг керакли нарсани биз барибир олиб келамиз. Озиқ-овқат, маиший товарлар, одамларнинг кундалик эҳтиёж моллари, масалан, оддий болалар мактаби учун керакли жиҳозларни ташқаридан олиб келамиз, уни ҳеч ким тўхтата олмайди. Лекин бу товарларнинг нархлари, биринчи навбатда, озиқ-овқат нархи кескин ошиши мумкин,- дейди Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими.

XS
SM
MD
LG