Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:12

Дума хорижий ҳайдовчилик гувоҳномалари муддатини узайтирди


Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларининг Россия ГАИ ходимлари учун ем охур бўлиб қолгани айтилади.
Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларининг Россия ГАИ ходимлари учун ем охур бўлиб қолгани айтилади.

Россияда хориж ҳайдовчилик гувоҳномалар билан меҳнат қилаётган муҳожирларга 2017 йилнинг 1 июнига қадар ишлашга рухсат берилди.

Давлат Думаси тегишли қонунга киритган ўзгартишнинг мамлакатда жамоатчилик транспорти қулаши олдини олиш ва Қримдаги “янги фуқароларга” Украина ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириб бериш учун киритилгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда берилган гувоҳномалар билан яна икки йил ишлаши мумкин

19 май куни Россия парламенти хориж фуқароларига ўз мамлакатларида берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари билан яна икки йил ишлашга рухсат берувчи ўзгартишларни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” қонуни ва Маъмурий қонунбузарликлар тўғрисидаги Кодексга киритди.

Мазкур янгилик ташаббуси билан чиққан “Единая Россия” партиясининг Думадаги Транспорт масалалари бўйича қўмитаси вакили Евгений Москвичевга кўра, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлган шахслар 2017 йилнинг 1 июнига қадар ўз ҳужжатларини Россия ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириши лозим.

Олдинги қонунда Россияда берилмаган ҳайдовчилик лицензиясига эга бўлган ҳайдовчилар 2015 йилнинг 1 июнидан меҳнат қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши кўзда тутилган эди.

Ўзгартиш муаллифлари буни ҳозирги кунда хориж “права”лари қўшиб олинган Қрим ва Севастополь ҳайдовчиларида ҳам борлиги билан изоҳлади. Улар олдинроқ қабул қилинган қонун кучга кирса¸ Россия фуқаролигини олган Қрим аҳолиси ишсиз қолишидан огоҳлантирди. Шунингдек, Беларусда гувоҳнома олган ҳайдовчиларнинг ҳам айни вазиятда қолиши айтилди.

“Россия Федерациясида ишлаётган барча хорижлик ҳайдовчиларга ўз гувоҳномаларини алмаштириш кўп вақт ва маблағ талаб қилишини ҳисобга олиб, миллий ҳайдовчилик гувоҳномалар алмаштиришнинг якунловчи муддатини кейинроққа суриш тавсия этилади”, дейилади қонун лойиҳасига киритилган тушунтириш хатида.

Депутатлар қўшиб берилган икки йил барча чет эллик машина ҳайдовчиларига ҳужжатларини алмаштириб олиш учун етарли муддат эканини эътироф этди.

Ўзбек ҳайдовчиларини нега тўхтатишаяпти?

Хўш, бу ўзгартишлар Россиядаги ўзбекистонлик ҳайдовчиларга қанчалик енгиллик яратади?

Бу савол билан Озодлик мухбири Москвадаги транспорт компанияларидан бирида диспетчерлик вазифасида ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирга мурожаат қилди.

Ўзини Абдулатиф деб таништирган ҳайдовчилар назоратчиси бу янгилик сўзсиз Россияда ишлаётган ўзбек ҳайдовчиларига маъқул тушса-да, бу ерда мавжуд бошқа муаммоларга эътибор қаратди.

Абдулатиф билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:00 0:00
Бевосита линк

“Энг катта муаммо – ўзбек гувоҳномаларидаги амал қилиш муддати бўлиб қолаяпти”, дейди у:

- Буларда янги қонуни кучга кирибди-ки, эски узунчоқ праваларимизда қачон берилгани бор – амал қилиш муддати кўрсатилмаган. Ҳозир ҳайдовчиларимиз бориб, тўғрилаб келаяпти. Чунки ана шу автоиспекторларга асос бўлиб қолаяпти ушлашга. Бошқа муаммо йўқ! Ҳозирча Россияни ҳужжати бўлиши шарт эмас. “Муддати кўрсатилмаган”, деб ҳаммани бош оғриқ қилиб, соққа олишаяпти. Муддати кўрсатилганлар ҳужжат таржимаси билан ишлаяпти автобус ва бошқа фирмаларда, дейди Абдулатиф.

Суҳбатдош бундан бир неча йил олдин ҳамма ҳайдовчилар Россия ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишга корхона раҳбарияти томонидан мажбурлангани – шофёрлардан 45 минг рублдан пул йиғиб олингани, аммо ҳанузгача улар Ўзбекистонда берилган ҳужжатлар билан ишлаётганини айтди.

Диспетчерлик қилаётган Абдулатиф нима учун Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларида амал қилиш муддати кўрсатилмаслиги сабабларини ҳам тушунтиришга уринди:

- Сабаби, биз ҳар ўн йилда бир маротаба паспорт алмаштирамиз ва кейин умрбод мана шу битта права билан ўтиб кетамиз. Россияда эса ҳар ўн йилда паспорт янгиланиши, демак гувоҳнома ҳам янгиланиши зарур. Шунинг учун кўпчилик “Россияга чиқмоқчи эдим, илтимос, менга амал қилиш муддатини уриб беринг, мана бу 5 сўмни олиб қўйинг”, деб уриб олaяпти. ГАИ бу ерда биринчи бўлиб, ана шу амал қилиш муддатига қараяпти. Аммо, нега мени машинамни бирор маротаба тўхтатишмайди, биласизми? Биз ҳаммамиз пул топгани келганмиз-да! Жонвор машинани ювмаймиз: пачағи чиқиб, кўзлари ёнмаган ҳолда юрибмиз. Ўзимиз тўхтатишга, текширишга асос яратиб берaяпмиз. Қолаверса, биринчи турган ГАИ ходимидан сўранг – “ўзбеклар қанақа машина минади?”, деб. “Нексия!” Шу сабабли, тўхтатмасин деганлар бошқа, дурустроқ машинага ўтaяпти, деди ўзбекистонлик Абдулатиф.

Давлат Думаси хориж ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш муддатини биринчи маротаба сураётгани йўқ. Олдинроқ бу қоида 2014 йилнинг май ойидан жорий қилиниши назарда тутилган эди. Лекин, Россия юк ва йўловчиларни ташиш транпорти коллапс ҳолатига келиб қолмаслиги учун бу муҳлат 2015 йилнинг 1 июнигача узайтирилди. Зеро, Россияда жамоатчилик транспортида ҳайдовчилик қилаётганларнинг асосий қисмини хорижлик меҳнат муҳожирлари ташкил этaди.

Россия ҳайдовчилик лицензиясини олиш учун хорижликлар маҳаллий Йўл ҳаракати хавфсизлиги идорасида ҳам назарий, ҳам амалий имтиҳондан ўтишлари лозим.

Айни пайтда, Москвада ҳайдовчилик касбига бўлган эҳтиёж юқорилиги маълум. Москва шаҳар ҳокимияти очиқлаган маълумотлардан шаҳар транспорт корхоналарига қарийб 5 мингга яқин ҳайдовчи кераклигини билиб олиш мумкин.

XS
SM
MD
LG