Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:40

Тошкентда давлат корхонаси ишчилари "минг кетмон" ҳашарига чиқарилди


Қўйичирчик туманидан сурат йўллаган ҳашарчилар ажриқ босган пахтазорларнинг эгалари - фермерлар кўринмаётганини айтмоқда
Қўйичирчик туманидан сурат йўллаган ҳашарчилар ажриқ босган пахтазорларнинг эгалари - фермерлар кўринмаётганини айтмоқда

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида аксар бюджет ташкилотлари ходимлари фермер хўжаликларига қарашли экин далаларига чопиқ ва яганага чиқарилмоқда.

Қуйичирчиқ туманидаги Озодлик манбаларининг айтишича, бюджет ходимлари дам олиш кунларида “ихтиёрий-мажбурий ҳашар”га жалб этилмоқда.

23 май куни Қуйичирчиқдаги ҳар бир таълим ва тиббий муассасасидан йигирматадан ходим дала ишларига юборилган.

"Минг кетмон ҳашари"

Қуйичирчиқдаги манбанинг айтишича, ҳашар туман ҳокимининг буйруғи асосида амалга оширилмоқда.

“Бизда ҳамма ташкилотлар пахтага ҳайдалди. Ҳокимият ҳамма шароитларни яратган. Обеддан кейин музқаймоқ,” – деб ёзган Озодликка Whats App орқали боғланган ҳашарчилардан бири.

У ҳашарчилар юборилган ер ўта ташландиқ ҳолда эканини таъкидлайди:

“Даланинг аҳволи жуда ёмон, расмда кўриниб турибди, ажриқ босган. Неча йилдан бери чопиқда юриб биламан, бу “дала” одам бўлмайди.”

Қўйичирчик туманидан йўлланган суратда пахта қарийб кўринмайди
Қўйичирчик туманидан йўлланган суратда пахта қарийб кўринмайди

Бошқа бир манбанинг айтишича, овқатланиш харажатлари маҳаллий фермерлар зиммасига юклатилган.

“Мактаб, боғча, коллеж, шифохона, хуллас, барча бюджет корхоналари ходимлари далага олиб кетилди. Бизнинг ишхонани "Керосин" деган жойга юборишди. Ягана ва чопиқ учун пул тўланмайди, лекин маошларимизга қўшиб беришаркан”, - дейди Қуйичирчиқ туманидаги ўқитувчилардан бири.

"Келганларга янги кетмон. 100дан ошиқ одам. Айтишларича, "минг кетмон" ҳашари эмиш," - деб ёзади Озодликка Whats App oрқали боғланган манба.

"Олий маълумотли чопиқчилар"

Сўнгги кунларда бюджет ҳисобидаги ишчи-хизматчиларнинг баҳорги дала ишларига жалб қилиниши нафақат Қуйичирчиқ туманида, балки Тошкент вилоятининг бошқа қатор туманларида ҳам кузатилмоқда.

Тошкент вилояти Бекобод туманидаги поликлиникалардан бирида фаррошлик қилаётган Марям Дадажанова сўзларига кўра, поликлиника ходимлари, жумладан фаррошлар ва ҳамширалар пахта чопиғига «ҳайдалди».

Унинг айтишича, фаррошлар навбатма-навбат ҳар куни далага ягана қилишга чиқарилмоқда.

"Чиқмасак бўлмайди. Маошимиз ўзи жуда оз, лекин ўшани ҳам тўлашмаса, қандай кун кўрамиз," - дейди Марям Дадажанова.

Озодлик манбаларига кўра, "ихтиёрий-мажбурий ҳашар" Тошкент вилоятининг яна Бўка ва Пскент сингари туманларида ҳам йўлга қўйилган.

"Шунча харажат, оворагарчилик ўзини оқлармикан? Ундан кўра, шу пулларни қишлоқ аҳолиси, фермер ишчиларига беришса, далани олтин қилиб юборишарди. Биламан шунақа фермерларни, уларга умуман ҳашарчи-ю "олий маълумотли чопиқчи"ларнинг кераги йўқ," - дейди Whats App воситасида Озодликка мактуб йўллаган ҳашарчи.

Ўзбекистонда давлат муассасалари ходимларининг ўз соҳаларига алоқаси бўлмаган турли-туман ишларга жалб этилиши кенг тарқалган.

Аммо, англашилишича, бу йил мажбурий меҳнат таътил мавсумида ва кенг миқёсда рўй бермоқда.

XS
SM
MD
LG