Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:41

Райҳоннинг Туркиядаги “ярим-яланғоч” рақсини қўмита муҳокама қилди


Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси кенгайтирилган йиғилишида 37 яшар ўзбек хонандаси Райҳон Ғаниеванинг ҳулқ-атвори, кийиниши ва унинг иштирокидаги клип савияси муҳокама қилинди. Манбаларнинг айтишича, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳоннинг 18 май куни Туркияда берган концерти Хотин-қизлар қўмитаси танқидига нишон бўлган.

Мажлисда иштирок этган маҳаллий журналистлардан бирининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка маълум қилишича, қўмитада “Маънавиятимизни асрайлик!” шиори остида ўтган йиғилишда Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Маънавият ва маърифат жамоатчилик маркази ҳамда бошқа давлат идоралари мулозимлари иштирок этган.

Яланғоч арабча эмас, ўзбекча кийиниб рақсга тушинг!

Манбанинг айтишича, мажлис қатнашчиларига Райҳон Ғаниеванинг 18 май куни Истанбулда арабча либосда ижро қилган “қорин рақси" акс этган видеотасвирлар кўрсатилиб, бу тарзда рақс тушиш “ўзбек санъаткорига ярашмаслиги” алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси йиғилишида қатнашган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси мулозимига Ғаниеванинг Истанбулдаги концерти юзасидан “танқидий хулоса чиқариб, айбдорларни қаттиқ жазолаш” топширилган.

Республика Хотин-қизлар қўмитаси йиғилишида сўзга чиққан мулозимлар Маънавият ва маърифат жамоатчилик маркази ва "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси рухсати билан саҳнага чиқаëтган қўшиқчи аëлларнинг очиқ-сочиқ кийинишига йўл қўймаслик талаб қилинган.

Бир жинсли муҳаббат тараннум қилинмасин!

Мажлисда “Райҳон ва Лоланинг бир-бирига мастона сузилиши бир жинслилар муносабатини ёдга солишига шаъма қилинган” клипи ҳам танқидга учраган.

Мунаққидлар назарида “Кўникмадим” қўшиғига ишланган клипда хонандалар Райҳон ва Лоланинг бир-бирига мастона сузилишлари ва ишққа лиммо-лим хитоблари бир жинслиларнинг "лесбийча" муҳаббатига ишора қилади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси йиғилиши қатнашчилари бу клипни “ëшларни васвага солиб, шуурини издан чиқарувчи” дея танқид остига олинган.

Мажлисда қатнашган “қўшиқ билимдонлари” хулосасига кўра, аëл хонанданинг бошқа бир аëлга қарата: “Негадир сенга талпинар юрак?” “Ўзгани севишга кўникмадим”, “Юрагинг мендан кечар” каби ишқий хитоб қилиб, бир-бирига мастона боқиши ўзбек аëл санъаткорлари зеҳниятига зид “салбий ҳолатдир”.

Яланғочлик давр талаби эмас!

Мажлисда Райҳон Ғаниева ҳамда Лола Йўлдошеванинг "миллий менталитетга зид" либосда Тошкентда концерт бергани ҳам эслатиб ўтилган.

Жорий йилнинг март ойида Республика Хотин - қизлар қўмитаси, Маънавият ва маърифат жамоатчилик маркази ва "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси тарафидан ëзилиб, вилоятлардаги маданият масканларига юборилган ҳужжатда саҳнага чиқаëтган қўшиқчи аëлларнинг очиқ-сочиқ кийинишига йўл қўймаслик талаб қилинган эди.

Жиззах вилоятида концертлар ташкил қиладиган маъмур Равшан Холмирзаевнинг айтишича, Наврўз байрамидаги концертлар арафасида келган бу ҳужжат қўшиқчи аëлларнинг саҳнадаги кийимлари устидан кучли назорат ўрнатишни кўзлаган:

"Анча қаттиқ талаблар қўйилган. Елкаси ëки сони очиқ кийимлар¸ калта этаклар ва ортиқча сексуал элементлар мутлақо бўлмаслиги талаб қилинди. Шу кунларда маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлимида ашулачи қизлар суҳбатдан ўтказилиб¸ ярим-яланғоч саҳнага чиқиш миллий менталитетимизга зид эканлиги тушунтирилмоқда", деган эди Равшан Холмирзаев.

Унга кўра, ушбу ҳужжат "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси томонидан хонанда Лола Йўлдошеванинг "миллий менталитетга зид" либосда шу йилнинг 24 февралида Тошкентда бўлиб ўтган концертдаги чиқиши текширилгач, пайдо бўлган.

"Билсангиз, Лола 24 февраль куни қўшиқчи Райҳоннинг "Истиқлол" санъат саройидаги концертида у билан саҳнада "Кўникмадим" дуэтини ижро этди. Дуэтда Лола сони очиқ ва орқаси белигача очиқ қизил кўйлак билан чиқди. Лола кийган ярим-ялонғоч либос "Ўзбекнаво" танқидига учради. Лола Йўлдошева "Ўзбекнаво"га чақиртирилиб, расман огоҳлантирилди. Бизга ўтган жума келган ҳужжатда эса бошқа санъаткорларнинг ҳам саҳнага ярим яланғоч чиқишини олдини олиш талаби қўйилган", деди Равшан Холмирзаев.

Озодликнинг "Ўзбекнаво"га яқин манбаларига кўра¸ ашулачи қизлар ва раққосаларнинг саҳнада "қуюшқондан чиқиши" ўтган ой "Ўзвекнаво"да алоҳида муҳокама этилган.

"Ўзи буни биз эмас оқсоқоллар¸ маънавий устозлар ва зиëлилар муҳокама қилиб¸ саҳнага ярим-яланғоч чиқиш ўзбек одатларига тўғри келмайди, деб артист қизларга насиҳат берса, маъқул бўлар эди. Аммо, бу зарур иш фақат "Ўзбекнаво" зиммасида қолиб кетмоқда. Одамлар шикояти боис¸ бу идора айни масалани муҳокама қилди. Лола Йўлдошева "Ўзбекнаво"га таклиф қилиниб, Райҳон Ғаниева концертида кийиб чиққан либоси миллий менталитетимизга зидлиги ҳақида огоҳлантирилди ва ундан бошқа ярим-яланғоч саҳнага чиқмаслик ҳақида тушунтириш хати олинди", деган эди суҳбатдош.

Лола Йўлдошеванинг кийими "Ўзбекнаво"да муҳокама қилинган расмий ҳужжат Озодликда мавжуд.

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси раҳбари ўринбосари Мурод Мажидов имзолаган ҳужжатда "Ўзбекнаво" хонанда Лола Йўлдошеванинг миллий менталилетимизга зид либосда концертда куйлагани юзасидан шикоят” хатини кўриб чиққани таъкидланади.

Ҳужжатда жумладан, "келгусида бундай ҳолатлар олдини олиш мақсадида барча хонандалар концерт ўтказишдан аввал махсус эксперт гуруҳи вакиллари томонидан жиддий огоҳлантирилиб, саҳнага чиқадиган ҳар бир иштирокчининг либосию ўзини тутишигача муҳокама этилиб борилади", дея уқтирилади.

Мусаввира ижодий эркинлик тарафдори

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси танқидига учраган либослар тошкентлик таниқли дизайнер Зулфия Султонга оиддир.

Озодлик билан суҳбатда Зулфия Султон бу либосларнинг "миллий менталитетимизга зид", дея баҳоланиши "нотўғри" эканини урғулаган эди.

"Бу либос қўшиқ руҳидан келиб чиққан ҳолда¸ саҳнавий образга уйғун ҳолатда яратилди. Мен бу ҳолатда ҳеч қандай ортиқчаликни кўрмайман ва танқидларни ўринсиз деб биламан", деган эди Зулфия Султон.

31 яшар рассом Зулфия Султон Лола Йўлдошева билан ижодий ҳамкорликни ҳалиям давом эттираётгани ва ҳозирда янги саҳна либослари устида ишлаëтганини маълум қилган эди.

18 май куни Райҳон Ғаниеванинг Истанбулдаги концертда кийган ва ўзбек мулозимлари танқидига учраган кийимлари ҳам Зулфия Султонга оид.

Зулфия Султонга кўра, шоу-бизбес вакиласининг саҳнавий сиëфаси "кутубхоначи ëки исломий коллеж талабасидан фарқли" бўлиши табиий.

"Ижодкорнинг эркинлиги, деган нарса ҳам борку. Шу боис эркин тарздаги либос учун мулозимларнинг тергаши маъқул эмас", деган эди Зулфия Султон.

XS
SM
MD
LG