Европа суди Россияда ўғирлаб кетилган ўзбекистонлик Лутфиддин Муҳиддинов фойдасига ҳукм чиқариб, Россия ҳукумати зиммасига Муҳиддиновга 7,5 минг евро товон тўлаш мажбуриятини юклади. Ўтган йили Тюмень шаҳридан ўғирлаб кетилган наманганлик диндорнинг тақдири ҳозиргача номаълум қолмоқда. Яқинлари уни Ўзбекистон МХХси ўғирлаган, деб даъво қилади.
"Страсбург суди Россия ҳукуматини айбдор деб топди"
2015 йилнинг 25 майида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди “Муҳиддинов Россияга қарши” иши юзасидан ўз ҳукмини эълон қилди ва ҳимоячилар келтирган барча моддалар бўйича ўзбекистонлик диндорнинг ҳақлигини тан олди.
Адвокат Надежда Ермолаева Россия ҳукумати зиммасига ҳақлари поймол этилган ўзбек диндорига 7,5 минг евро, шунингдек, суд ҳаражатларига яна 10 минг евро товон тўлаш мажбурияти юкланганини айтади:
- Биз жўнатган шикоятнинг барча бандлари юзасидан Европа суди тўлиқ ижобий қарор чиқарди. Суд 5, 3 ва 34-моддалар асосида Конвенция бузилганини қайд этди ва Россия Лутфиддинга товон пули тўлаши кераклиги белгилади. Россия аввалига уни экстрадиция қилмоқчи эди, Страсбург буни тақиқлаганидан кейин эса унинг ўғирлаб кетилишига йўл қўйди, - деб даъво қилди адвокат Надежда Ермолаева.
Ҳуқуқ ҳимоячиси илгари бевосита Муҳиддинов иши билан марҳума Елена Рябинина шуғулланганини ҳам эслатиб ўтди.
Натижада, 2014 йилнинг 17 мартидан Страсбург суди ҳимоясига тушган Лутфиддин орадан бир неча ой ўтиб - 22 июлда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди.
1967 йилда Ўзбекистонда туғилган Лутфиддин 1992 йилда ўз оиласи билан Ўзбекистонни тарк этгани ва 1997 йилгача Саудия Арабистонидаги Ислом университетида таҳсил олгани маълум. У 1997 йилдан буён Россияда яшаб келган, 2001 йилда рус фуқаролигини олган. Бу ерда Лутфиддин ўзига Усмон исмини олган.
Диндорнинг яқинлари 1992 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетганига қарамасдан, Лутфиддин 1998 йилдан кейин “диний-экстремистик ташкилотлар тузганликда” ва “Ўзбекистон Республикасига хавф солувчи фаолият” юритганликда айбланиб, қидирувга берилганини таъкидлайди.
Лутфиддин Муҳиддинов 2013 йилнинг 2 июлида Тюмен шаҳар аэропортида Ўзбекистон сўрови билан ҳибсга олинган ва қисқа муддатдан сўнг қўйиб юборилган эди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш Бош бошқармаси томонидан 2003 йил май ойида эълон қилинган “Жиноятчилар қидирув бюллетени”да Ички ишлар вазирилигининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Наманган шаҳридан бўлган Лутфиддин Муҳиддиновни “ЎР Жиноят Кодексининг 159-моддаси 1-қисми билан айбланиб, 1998 йилнинг 7 майида қидирувга бергани” акс эттирилган.
Россия расмий идоралари Ўзбекистонга юборган сўровномасига Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармасидан “Муҳиддинов хориж (Саудия Арабистони)да доимий яшаётган ва консуллик қайдидан ўтмаган шахс сифатида 1997 йилда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотган”и тўғрисида жавоб олинган.
Лутфиддинни ким ўғирлаб кетди?
1992 йилдан буён Ўзбекистонда яшамаган Лутфиддинга нисбатан 1998 йилдан бошлаб қатор жиноий ишлар очилган.
Адвокат Надежда Ермолаева Россия ФСБ ва ФМС диний айбловлар билан ҳибсга олинган Лутфиддиннинг Россия фуқаролигини бекор қилишга ва уни Ўзбекистонга чиқариб юборишга шошилган, дейди:
- Аслида у 1989 йилдан бери Ўзбекистонда доимий яшамаган ва ҳатто, Ўзбекистон фуқаролигига эга эмас. Умуман олганда, Ўзбекистонга унинг алоқаси ҳам йўқ. Ҳамма қариндош-уруғлари шу ерда, Россияда. Иккита хотини ва болалари маҳаллий фуқароликда, Тюменда яшайди. Ўзбекистонда унга аллақандай сохта айбловлар қўйилаётганини кўриб унга берилган фуқаролик бекор қилинди! - дейди Россияда ўзбек диндори ҳақлари бузилганини таъкидлаган адвокат Ермолаева.
Тюмен вилоятининг Мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари Галимжан Бикмуллин Озодлик билан суҳбатда 10 йил аввал Усмон Муҳиддинов номи билан Россияга паспортини олган бу шахсни жуда яхши таниши ва унга қўйилаётган айбловларни асоссиз, деб билишини айган:
- У ўта камтарин, босиқ одам, 5 нафар фарзанднинг отаси. Бир вақтлари у масжидимизда болаларга Қуръон ўргатган. У ҳақиқатан ажойиб Қуръон ҳофизи, у Саудияда ўқишни битириб келиб, Татаристонда Россия Ислом университетини сиртдан битириб, дипломини олди. У анчадан бери дин билан боғлиқ бўлмаган соҳада ишлайди – бола-чақани боқиш керакку... Бизда ойлик кам. У таксичилик қилган, юк машинасини ҳайдаган. Москвага кетиб ишлади, кейин ҳаж ишлари билан одамларга ёрдам бериб юрди. У рус тилини яхши билмаслиги сабабли ҳатто ваъз айтишни билмайди. Ўзбекларга ниманидир тушунтириши мумкин, лекин аллақандай партия-ташкилотлар тузганига мен шахсан ишонмайман,- деган эди Озодликка берган интервьюсида Тюмен Мусулмонлар диний бошқармаси раиси Галимжан Бикмуллин.
Маълум бўлишича, Усмон Муҳиддинов охирги йилларда Россиядан ҳажга кетаётган одамларга ҳамроҳлик қилиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатувчи бўлиб хизмат қилиб юрган, Тюменда уни билган мусулмонлар орасида жуда катта ҳурмат-иззатга эга бўлган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Институти хабарига кўра, ўтган йилнинг 22 июлида оиласи билан яшаётган уй ёнида машина келиб тўхтаган. Ундан тушган Миграция хизмати формасидаги бир гуруҳ шахс адвокат Виктор Храмов қаршилигига қарамасдан Лутфидинни “идорага суҳбатга” олиб кетган. ФМСчилар машинаси орқасидан кетаётган адвокат Храмовнинг машинаси сабабсиз йўл полициячилари томонидан “текширувга” тўхтатилган.
Лутфиддин Мухиддинов билан ҳамроҳликда ФМСга кетаётган унинг дўстини “фмсчилар” уриб-туртиб машинадан чиқариб, йўлда қолдириб кетган.
Ҳанузгача ҳимоячилар Лутфиддин-Усмон Муҳиддиновнинг қаерда экани тўғрисида бирор маълумотга эга эмас. Аммо, яқинлари уни Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари ўғирлаган, деб даъво қилиб келмоқда.
Озодлик сўнгги йилларда турли диний айбловлар билан Россия ва бошқа мамлакатлардан ноқонуний ва қонуний йўллар билан Ўзбекистонга олиб чиқиб кетилаётган диндорлар сони ошиб бораётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.