Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:38

"Каримовнинг Кореяга сафари Ўзбекистон мустақил эканини таъкидлашдир"


Ислом Каримов Жанубий Корея президенти Парк хонимни 2014 йилнинг июнида Ўзбекистонда меҳмон қилган эди.
Ислом Каримов Жанубий Корея президенти Парк хонимни 2014 йилнинг июнида Ўзбекистонда меҳмон қилган эди.

Ислом Каримов 2015 йилда қайта президентликка сайлангач ўзининг биринчи сафарини Жанубий Кореядан бошлагани “Ўзбекистон дунё сиёсий саҳнасидаги асосий ўйинчилардан масофа сақлаш принципида собит эканини” намойиш этувчи ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Сеулда 28 ва 29 май кунлари Жанубий Корея расмийлари, жумладан, президент Пак Кин Хе билан музокаралар ўтказади. Ўзбекистон раҳбарининг Жанубий Кореяга расмий сафари 27 май куни бошланган бўлса ҳам, музокаралар ўтказиш бугун ва эртага режалаштирилган.

Маҳаллий матбуот билан бир қаторда айрим хориж нашрларида ҳам Ислом Каримовнинг бу сафарига эътибор қаратилди.

"Каримовнинг Кореяга сафари Ўзбекистон мустақил эканини таъкидлашдир"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:39 0:00
Бевосита линк

Москва давлат халқаро алоқалар институтининг Таҳлил маркази раҳбари, сиёсатшунослик фанлари доктори Андрей Казанцев рус матбуотига берган шарҳида, Ислом Каримов яна бир муддатга президентликка сайланганидан сўнг биринчи сафарини Жанубий Кореядан бошлашининг сиёсий сабаблари борлигини айтган:

“Ислом Каримов Москвага бормади. У Ғарбага ҳам бормади. Бу билан у Ўзбекистон мустақил давлат эканини ҳамда сиёсатни Кремль ишоратисиз ўзи хоҳлагандек олиб боришини намойиш этмоқда. Айни пайтда Каримов Ғарбга бориб Москванинг жиғига тегишдан тийилди. Каримов Хитойга бормади, бу билан у Вашингтонни хафа қилиши мумкин эди. Жанубий Корея эса жаҳон сиёсатида ҳам, Марказий Осиё сиёсатида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлишга интилмайдиган давлат. Демак, Каримов Тошкентнинг жаҳон сиёсий майдонидаги асосий ўйинчиларидан масофаланиш курсини сақлаб қолаётганини кўрсатди ва Ўзбекистон Марказий Осиёда лидерлик амбициясига эга бўлган мутлақо мустақил давлат эканини таъкидлади”, деб билдирган Андрей Казанцев

Москвада нашр этиладиган “Независимая газета” 27 май куни эълон қилинган “Ислом Каримовнинг дипломатик юриши”, сарлавҳали мақоласида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дўстона муносабатлар Тошкентнинг Вашингтон билан ярашуви жараёнида асосий омил бўлганини эслатган.

“Айнан Жанубий Корея Ўзбекистоннинг АҚШ билан ярашишида алоҳида роль ўйнаган. Бу ҳақда Жанубий Кореяни 2008-2013 йиллар давомида бошқарган собиқ президент Ли Мен Бак ўтган йили нашрдан чиққан мемуарларида ёзган эди. Унга кўра, Вашингтон Ўзбекистоннинг Навоий аэропортига қизиқиш билдирган, бу аэропорт орқали Афғонистонга юқларни олиб ўтмоқчи бўлган. Давлат департаменти вакиллари Ли Мен Бакдан бу масалада Ислом Каримов билан 2005 йилдан сўнг ёмонлашган муносабатларни яхшилаш юзасидан ўтадиган музокараларда ўртамчилик қилишни илтимос этган. “Мен Ислом Каримовни ўтмишдаги ёқимсиз воқеаларга қарамай, Ўзбекистон хавфсизлиги ва иқтисоди учун АҚШ билан сўзлашувларни қайта жонлантиришга узоқ вақт кўндиришга ҳаракат қилдим. Мен Ўзбекистондан кетаётганимда Ислом Каримов қўлимни сиқиб, Вашингтон билан ҳамкорлик қилишга ваъда берди. Шундан сўнг АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги мураккаб муаммолар ҳал этилди ҳамда Ўзбекистонга Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ташриф буюрди”, деб ёзилади Ли Мен Бакнинг “Президент вақти-2008-2013” китобида”, деб ёзади “Новая газета”.

Маҳаллий ва хориж матбуотининг ёзишича, 1992 йилдан бери Ўзбекистон ва Корея ўртасида савдо соҳаси ижобий ривожланмоқда. 2014 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 1,9 миллиард долларга етган. Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодига ётқизган сармояси эса 5 миллиард долларни ташкил қилган. Ўзбекистонда кореялик сармоядорлар иштирокидаги 412 корхона ва Кореянинг 81 ширкати ваколатхонаси иш олиб бормоқда. Ўзбекистондаги 13 олийгоҳ ва 28 мактабда корейс тили ўқитилмоқда.

Озарбайжоннинг “Тренд” нашри ўз мақоласида Жанубий Кореяда ўтган корейс-ўзбек бизнес форуми ҳақида маълумот берган. Бу форумда ўзбекистонлик 200 тадбиркор иштирок этгани айтилмоқда.

“Форумда айтилган фикрлардан келиб чиқилса, икки томонлама ҳамкорлик нефть қазиб олиш, газни қайта ишлаш, ахборот коммуникация технологиялари, сув заҳираларини бошқариш, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат саноати соҳасида ривожлантирилиши кутилмоқда. Бизнес форум якунида Корея ва Ўзбекистон ишбилармонлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги бешта меморандум имзоланган”, деб ёзади “Тренд” нашри.

Жанубий Кореядаги “Эксимбанк” вице-президенти Ким Ёнг Ки Сеулда бўлиб ўтган корейс-ўзбек бизнес форумида Ўзбекистонга 3 миллиард доллар кредит ажратилишини маълум қилди. Мазкур маблағ Ўзбекистон банкларига стратегик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида берилади.

“Жаҳон” агентлигининг хабар беришича, “Эксимбанк”нинг сармоявий молиялаштириш соҳасидаги энг катта лойиҳалари Ўзбекистонга тўғри келади. Банк Ўзбекистондаги лойиҳаларга 2 миллиард доллардан ортиқ пул ётқизган.

XS
SM
MD
LG