Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:30

Эрон расм танловида “Исломий давлат” ва унинг "ҳомий"лари ҳажв қилинди


Теҳрондаги карикарура танловига қўйилган расмлардан бири.
Теҳрондаги карикарура танловига қўйилган расмлардан бири.

Узун, қора соқолли киши Ироқ харитаси шаклидаги қон билан тўлдирилган ванна ичида ўтирибди. Орқасидаги деворга автомат суяб қўйилган.

Яна бир соқолли одам АҚШ байроғи ёпилган жойда ётибди, енгларига Исроил байроқлари тикилган массажчи аёл бўлса¸ унинг елкаларини уқаламоқда.

Бу ўтган ҳафтада Теҳрондаги бир неча санъат галереясида кўргазмага қўйилган расмларнинг айримларидир. Кўргазмада “Исломий давлат” қўл урган ваҳшийликлар тасвирланади ва АҚШ, Исроил ҳамда Саудия Арабистони жангари гуруҳни қўллашда айбланади.

Кўргазмани Эрон Расмлар уйи уюштирди. Бу ташкилот аввалроқ кўпчилик эътирозига сабаб бўлган ҳолокост расм танловини уюштирган эди.

Ташкилотга кўра, 40 мамлакат, жумладан, Австралия, Бразилия ҳамда Индонезиядан келган тахминан 280 расм жангариларни масхаралаш ҳамда уларни “дастаклаётганлар”ни фош қилиш учун кўргазмага қўйилган.

Кўргазмага қўйилган расмлар келиб тушган 800 асар ичидан танлаб олинган. Танлов уюштирувчилари уч энг сара асарга 700-1,500 доллар мукофот ваъда қилмоқдалар.

Танлов ғолиблари 31 май куни эълон қилинади. Ўша куни танловда қатнашган асарларни ўзида жамлаган китоб ҳам тақдим қилинади.

Танловнинг масъул котиби Муҳаммад Ҳабибий 24 май куни Теҳронда бўлиб ўтган конференцияда чиқиш қилиб, чет эллик рассомларнинг айримлари “хавфсизлик мақсадларида” тахаллус ишлатишга мажбур бўлишганини билдирди.

Ҳабибий танловда иштирок этган айрим асарлар “Исломий давлат”дан жабр кўраётган мамлакатлар, жумладан, Ироқ ва Сурияда ҳам кўргазмага қўйилишини айтди.

Танлов маъмури ҳамда Эрон Расмлар уйи етакчиси Саид Масуд Шожайи Табобаий Эрон давлат телеканали билан қилган суҳбати давомида танлов икки қисмдан иборатлигини айтди:

“Асосий бўлимда, биз эътиборимизни Даиш (“Исломий Давлат”) террористик гуруҳига ҳамда уни қўлловчи ғарбликлар, араблар ҳамда яҳудийларга қаратдик” деган Табобаий иккинчи қисм учун рассомлардан “Исломий давлат”ни қўлловчилар юзини акс эттириш сўралганини қўшимча қилди.

Танловнинг иккинчи қисмида жаҳон етакчилари, жумладан, АҚШ президенти Барак Обама, Франция президенти Франсуа Олланд, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳамда Саудия Арабистони Қироли Салмон карикатураларини кўриш мумкин.

Эронлик радикал расмийлар АҚШ, Исроил ва айрим араб давлатларини “Исломий давлат”ни яратишда ва дастаклашда айблаб келади.

25 май куни Эроннинг Қудс кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний Вашингтонни террорчи гуруҳни тўхтатишни хоҳламасликда айблади. Эрон матбуотида ёзилишича, Сулаймоний “Рамадидан бир неча километр нарида қотилликлар ҳамда уруш жиноятлари содир бўлаётган бир пайтда ҳеч қандай чора кўрмаётган Америка қандай қилиб Ироқ ҳукуматини ҳимоя қилаётганини иддао қилади? Бу ёвуз режада қатнашишнинг ўзи эмасми?” деган.

"Исломий давлат" жиҳодий гуруҳига қарши халқаро коалицияга етакчилик қилаëтган АҚШ маъмурияти гуруҳ жангариларини “кучсизлантириш ва пировардида енгиш” ниятида эканини таъкидлаб келади.

Эронда мунтазам равишда расм танловлари бўлиб туради. Аммо эронлик расмийларни танқид ёки масхара қилганлар жазоланади.

Хабарларга кўра, яқинда эронлик ижодкор ва фаол Атена Фарғаданий “парламент аъзоларини расмлар орқали ҳақоратлашда” айбланиб, маҳкамага тортилган.

Фарғаданий ўтган йилда ҳам қўлга олинган эди. Бунга рассомнинг контрацепциядан фойдаланишни чекловчи қонун лойиҳаси бўйича овоз бераётган парламент аъзолари ҳайвонлар сифатида тасвирланган расми сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG