Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:35

Қорақалпоғистонлик талаба: “Касал бўлсанг далада ўл, дейишди”


Элликқалъа тумани, талабалар далада
Элликқалъа тумани, талабалар далада

Қорақалпоғистонда "пахта ҳашари"га олиб чиқилган талабалар далаларда уларга яратилган шароитдан шикоят қилишди. Мажбурий тарзда далага ҳайдалган талабалар озиқ-овқат етишмовчилиги, яшаш шароитининг оғирлигидан нолимоқда. Бу борада Озодликка боғланган талабалар айни пайтда шароитлар қанчалар оғир бўлмасин, маҳаллий раҳбариятга эътироз билдира олмаслигини айтишди.

Қорақалпоғистонда пахта чопиғига олиб чиқилган талабалар далаларда уларга яратилган шароитнинг “чидаб бўлмас даражада” оғирлигидан шикоят қилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка бир-биридан мустақил бир неча манба билдирди.

Уларга кўра, Қорақалпоғистоннинг деярли барча туманларида давлат муассасалари ходимлари - шифокорлар, мактаб, коллеж ўқитувчилари, техник ходимлари, боғча тарбиячилари ва талабалар – май ойи ўрталаридан пахта далаларига олиб чиқилган.

Кегайли, Чимбой, Халқобод, Шуманай, Хўжайли, Тахтакўпир, Қораузак, Амударё, Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа районларида “праполка” давом этмоқда,” дея маълум қилади манбалардан бири.

"Сохта кўрсатма"

Озодлик боғланган қорақалпоғистонлик мутассаддилар наинки далаларда шароитнинг йўқлиги, балки давлат муассасалари ходимларининг пахтага чиқарилаётганини ҳам инкор этдилар.

Бироқ, Озодликка WhatsApp орқали боғланган бир манба давлат муассасалари ходимлари ва талабаларга мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолларини инкор этиш бўйича “юқоридан” кўрсатма келганини айтди.

Биз пахтага чиқмадик, ўқишда бўлдик, деган маънода сохта кўрсатма бердиришганига ўзим гувоҳ бўлдим,” деб ёзади бу манба.

Айни манба Озодликка пахта далаларида чопиқ қилаётган талабалар суратларини ҳам йўллаган.

Манбага кўра, “ҳашарчилар”ни тушлик овқати ва ётоқ билан таъминлаш маҳаллий фермерлар зиммасига юклатилган.

"Тунда пашша, бурга ётирмайди бечораларни"

Кундузлари ҳаво иссиқлиги 40 даражага етади
Кундузлари ҳаво иссиқлиги 40 даражага етади

Талабалар 40 градус иссиқда дала чопмоқдалар. Бечоралар тонг саҳар бешда уйқудан туришади, олтида далада бўлиш шарт. Шароит йўқ, овқат оз, чўмилишга душ йўқ, кунда макарон шўрва, эрталаб кўк чой. Конфетларниям чўнтакдан олишади,” дейди қорақалпоғистонлик бир талаба.

Элликқалъа туманидаги коллеж ўқитувчиларидан бири эса “ҳеч ким” эътироз билдира олмаслигини билдиради:

Ўз вазифасидан ташқари ишни қилиш ҳамманинг жонига теккан, аммо ҳеч ким буни нотўғри эканлигини айта олмайди. – деди у. - Элга келган тўй, деб ишлаяпмиз. Мажбурий меҳнатлигини биламиз, аммо қўлимиздан нимаям келарди?

Кузатувчиларнинг ишонишича, арзон пахта етиштириш истаги давлат идора-ташкилотларининг ходимларини мажбурий меҳнатга олиб чиқадиган асосий омилдир.

Касал бўлсанг далада ўл, дейишади домлалар. Тунда пашша, бурга ётирмайди бечораларни. Билмадим бу системани қанақа тўхтатамиз, ким тўхтатади. Увол тўрт йил умринг талаба,” дейди Озодлик боғланган яна бир манба.

Ўтган ҳафта Озодлик билан суҳбатлашган қорақалпоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аман Сагидуллаев талабаларнинг текин ишчи сифатида далага олиб чиқилишини ишчи кучи етишмовчилиги билан изоҳлаганди.

-Қорақалпоғистонда ишчи қолмаган. Ҳаммаси гастарбайтер бўлиб Қозоғистон, Россияга кетиб қолган. Фермерларга ёрдам берадиган рабочийлар йўқ. Овулларда эркак одам қолмади. Қорақалпоғистонда СССР вақтида одамларни иш билан таъминлаб келган заводлар бор эди. Улкан совхозлар бор эди. Минглаган, ўн минглаган одамларни иш билан таъминлайдиган корхоналар бор эди. Ҳозир бари барбод бўлди, - деб айтганди қорақалпоғистонлик фаол.

Пахта Ўзбекистон учун стратегик маҳсулот ҳисобланади, бироқ Ўзбекистон ҳукумати пахта ва дон етиштиришни эркинлаштириш ҳақидаги чақириқларни рад этиб келади.

Ўзбекистон пахтадан йилига бир миллиард доллардан кўпроқ даромад кўради.

XS
SM
MD
LG