Ўзбекистон кино идораларидаги икки йилдан зиëд давом этган ва мисли кўрилмаган тафтиш ортидан ҳукумат миллий кинематографияни ривожлантиришга доир янги режа ишлаб чиқди.
Озодликнинг "Қурултой" эшиттириши иштирокчиларига кўра¸"Ўзбеккино" тизимида қатор ислоҳотлар амалга оширилиши учун "Кинематография ҳақида"ги махсус қонун қабул қилиниши кутилмоқда.
Озодликнинг Ўзбекистон киноарбоблари уюшмасидаги манбасига кўра¸ кино соҳасидаги ислоҳотларни Ўзбекистон президенти Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ташкиллаштирмоқда.
Бу ислоҳотлар Ўзбекистондаги кино индустрияси тафтиш қилинганда юзага чиққан ўта аянч аҳвол¸ хусусан¸ коррупцияни бартараф қилишни мақсад қилгани билдирилди.
Ўтган йили “Ўзбекфильм” очиқ акционерлик жамияти директори Файзираҳмон Усманов жиддий тафтиш натижасида аниқланган бир миллиард сўм камомадда айбланиб ишдан олинган эди.
Бу воқеадан бир неча кун ўтгач “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош муҳаррири Мурод Муҳаммад Дўст ҳам лавозимидан бўшатилган эди.
Озодлик манбаларига кўра¸ кейинги бир йил ичида “Ўзбекфильм” молия бўлимида ишловчи камида икки нафар ходим ҳибсга олинган.
"Қурултой" дастурида суҳбатлашган кино соҳасидаги мутахассислар “Ўзбекфильм” раҳбариятидагилар¸ ўзларидан юқори мартабадаги давлат мулозимлари билан биргаликда кино соҳасига ажратилган йирик миқдордаги давлат маблағларини муттасил ўзлаштириб келди¸ деган иддаоларни илгари суришди.
Бу иддаоларни илгари сураётган мутахассисларга кўра, кейинги йиллар ичидаги текширишлар асносида кино техникаси¸ декорация ва актерлар маошига ажратилган катта маблағлар ўзлаштирилгани аниқланган.