Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Сўх анклави аҳволи: маошлар кечикиб берилмоқда, нархлар осмонда, йўллар эса берк


Cўхга бораётган автоуловлар
Cўхга бораётган автоуловлар

Сўх анклавида давлат идоралари ходимлари ва нафақахўрларга маош ва пенсиялар камида икки ой кечикиб берилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган сўхликлар туманда уч ойдан буён нақд пул тақчиллиги кузатилаётганини айтди.

Уларнинг сўзларига кўра, Сўх туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш моллари ва кимёвий ўғитлар нархи Фарғона вилоятининг бошқа минтақаларига нисбатан 30-50 фоизга қимматлаган.

Анклавга нақд пул олиб ўтиш муаммоси

Озодлик суҳбатлашган собиқ ўқитувчи Набижон Раҳматов апрель ойи нафақасини навбатда туриб, якшанба куни ололганини билдирди:

- Нафақанинг ярмини пластик картага ўтказиб юборган. Карта энди онлайн экан ҳамма жойда йўқ. Бир икки жойда беришаяпти, лекин ўша ҳам бир-икки минг сўм фарқи бор. Маошим 657000. Унинг ярмини пластик картага ўтказишади, ярмини нақд беришади, - дейди 68 ёшли нафақахўр Набижон Раҳматов.

У нақд пул тақчиллиги муаммоси баҳор мавсумидан буён кузатилаётганини айтди.

Туман расмийларининг эътироф этишича, сўнгги ойларда Ўзбекистондан нақд пул келтиришнинг имкони бўлмаётир.

Сўх тумани ҳокимлигинининг юқори мулозими Фарғона вилоятидан анклавга инкасаторларда нақд пул етказиб беришда муаммолар юзага келаётганини айтди.

Ўз исмини ошкор этмасликни сўраган бу мулозимнинг билдиришича, қирғиз чегарачилари инкасатор ходимларига “нақд пулни анклавга қуролсиз олиб ўтиш шартини қўйган, аммо ўзбек томони бу шартга рози бўлмаган”.

"Тамагирлик ортиб боряпти"

Қирғизистон ҳудуди ичкарисида жойлашган Ўзбекистонга қарашли ушбу анклавга элтувчи Риштон шоҳ йўли уч ярим йилдан буён бутунлай ёпиқлигича қолмоқда.

2012 йил январь ойида Қирғизистон чегарачилари Сўх анклави ҳудудида симёғоч ўрнатишга ҳаракат қилган пайти маҳаллий аҳоли норозилик билдирган ва ўртада чиққан жанжал ортидан қирғиз расмийлари Сўх анклавига борувчи Риштон чегара-ўтиш нуқтасини беркитиб қўйганди.

Бишкек расмийлари олинган тадбирни "чегарада вазиятни барқарорлаштиришга йўналтирилган чора," деб тасвирлаганлар.

Сўхликлар уч ярим йилдан буён Фарғона вилоятига етиб олиш учун бошқа айланма йўллардан фойдаланишга мажбур бўлишаётганини билдирди.

Сўх яшовчиларидан биринг Озодликка айтишича, Қирғизистон чегарачилари, божхоначилари ва давлат автомобиль назорати ходимлари орасида "тамагирлик ортиб боряпти".

У Сўх анклавидан Қирғизистон ҳудуди орқали Ўзбекистонгача камида тўртта текшириш нуқтаси борлигини айтди.

"Сўғднинг Чашма қишлоғидан Фарғона шаҳригача 90 километр, Ғазнов, Қалъача қишлоқларидан 130-140 километрга тўғри келади шу йўналиш. Юк машиналари маҳсулот турига қараб, 50 мингдан 300 минггача беришади,” дейди Сўх яшовчиси.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1378 километрга тенг, унинг 320 километри ҳозирча аниқланмаган.

Икки мамлакатда мавжуд анклавлар демаркация ва делимитация жараёнининг энг оғриқли масалалари ҳисобланади.

2007 йилда Ўзбекистон президенти қирғиз раҳбариятига икки мамлакат анклавларига элтувчи коридорларни очиб қўйиш таклифи билан чиққанди.

"Биз ўз таклифимизни бердик. Жанубий Сўх ҳудудидан улар ўзига муносиб, айтайлик, ўзига керак бўлган... Ва бизни Сўх минтақаси билан боғлайдиган коридор берса агар бизлар ҳам худди шу. Улар ҳам хоҳлаган жойидан ўзига кесиб олсин. Талабини, айтайлик, берсин бизларга. Буниси ёқмаса, бунисининг ери тош бўлса агар, энг, айтайлик, уларга ёқадиган бошқа жойни топиб берсин. Керак бўлса, биз қишлоқларимизни ҳам кўчиришга тайёрмиз, баракатопкур," деб айтганди Ўзбекистон президенти.

Бироқ кузатувчилар, анклавлар муаммоси икки мамалакат раҳбариятида ягона позиция ва сиёсий ирода бўлмас экан, ҳали вери ҳал этилмаслиги айтишади.

XS
SM
MD
LG