Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:32

"16 йилга қамалган Муҳаммад Бекжон дарҳол озод этилиши шарт!"


Муҳаммад Бекжон
Муҳаммад Бекжон

БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг Ўзбекистонга келиши арафасида “Чегара билмас мухбирлар” ҳамда “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси Тошкентни мустақил журналист Муҳаммад Бекжонни озод қилишга чақирди.

"Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ қамоқда қолаётган журналистлардан биридир. 2013 йилда "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг йиллик мукофоти билан тақдирланган Бекжон Ўзбекистонда етакчи мухолифат нашрининг бош муҳаррири бўлган. У оилали, уч фарзанднинг отасидир", дейилади ҳар икки ташкилот 11 июнь куни БМТ раҳбарига йўллаган очиқ баённомада.

Ҳибс этилишидан олдин 90- йиллар бошида мухолифат нашри ҳисобланган “Эрк” газетасига бош муҳаррирлик қилган Муҳаммад Бекжон 16 йилдан бери ўзбек қамоқхонасида қолмоқда.

Бошқа кўплаб фаоллар қатори Бекжон ҳам Тошкентдаги 1999 йил 16 февраль портлашларига алоқадорликда айбланиб, аввалига 15 йилга қамалди.

2003 йилда унинг қамоқ муддати қисқартирилди. Лекин 2012 йилда қамоқхона тартибини бузди, деган важ билан унинг жазо муддати яна 4 йилу 8 ойга узайтирилди.

Адвокат билан учрашиш имкони берилмаяпти

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати маҳбус журналистнинг ўз адвокати Полина Браунерг билан учрашишига рухсат бермаяпти.

Браунерг 2015 йилнинг 29 апрель куни Бекжон билан учрашмоқчи эди. Қамоқхона нозирлари унга Бекжоннинг Миллий хавфсизлик хизмати “қора рўйхат”ида экани ва шу сабаб унинг қаердалиги ҳақида гапириш мумкин эмаслигини айтганлар¸ дейилади мурожаатда.

“38 даража иссиқда ҳимоям остидаги шахс билан учрашиш умидида беш соат турдим. Бекжонов ҳуқуқий ва тиббий ёрдамга муҳтож, лекин менга унинг қаердалигини ҳам айтишмади”, - деб айтган Полина Браунерг "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Атаева Бекжоннинг олдига адвокати қўйилмаётгани ва махбуснинг ҳимояланиш ҳуқуқи бузилаётганидан жиддий хавотир билдиради.

- Муҳаммад Бекжонга ҳам тиббий, ҳам юридик ёрдам зудликда кўрсатилиши керак. Қамоқхонадаги абгор шароит унинг соғлигига футур етказган ва биз унинг ҳаётига таҳдид борлигидан қўрқаяпмиз, - дейди Атаева.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йоханн Бир:

- 16 йил ўтган бўлса ҳам маҳкум ва унинг оиласига нима асосда суд қилингани ҳақидаги ҳукм нусхаси берилмаган, - дейди.

Каримов режими гаровида

"Муҳаммад Бекжон режим гаровида қолмоқда. Унинг акаси, таниқли шоир Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистонда 1991 йил декабрида бўлиб ўтган президент сайловида Ислом Каримовнинг ягона рақиби бўлган эди. Расмий маълумотга кўра, Солиҳ ўшанда сайловчиларнинг 13 фоиз овозини қозонган. Мустақил кузатувчилар эса Солиҳнинг сайловда ютганини айтишади. Кейинчалик Муҳаммад Солиҳнинг тарафдорлари бўлган талабаларга куч қўлланилди ва мухолифат газеталари беркитилди. Бекжон қийноққа солинган ва тиббий ёрдамдан махрум қолмоқда, -дейилади БМТ раҳбари Бан Ки Мун номига йўлланган мурожаатда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Муҳаммад Бекжон ҳибсга олингач қийноққа солинган. Дастлабки тергов пайти Бекжон калтакланган, оқибатда унинг боши жароҳат олган, қовурғаси синган, бир неча марта ҳушидан кетган. 2003 йилда Бекжон оёғидан жароҳатланди. Олинган жароҳатлар туфайли унинг қулоғи эшитмайди ва кўп тишлари тўкилган. Сил касалининг оғир формасига чалинган бўлса-да, унга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти.

- Муҳаммад Бекжон ҳам жисмонан, ҳам руҳан ҳолдан тойган ва бутунлай соғайиб кетишини башорат қилиш қийин, - дейди Надежда Атаева.

Маҳкумнинг рафиқаси Нина Бекжонова, 2014 йилда уни зиёрат қилганида эрининг танасидаги оғриққлардан азобланаётгани ва ғишт заводидаги оғир мажбурий меҳнат боис орттирган чотидаги шишдан қийналаётганига гувоҳ бўлган.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, ҳозир Ўзбекистонда яна саккиз нафар журналист ўз касбий фаолияти сабаб қамоқда қолмоқда.

Ҳукуматнинг кўплаб мухолифлари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаровий жамият фаоллари ҳам озодликдан маҳрум этилган.

"Сўнгги вақтларда сиёсий маҳкумларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 221-моддаси, яъни қамоқхона маъмурияти талабига бўйсунмаслик банди қўлланилиб, ёлғон кўрсатмалар асосида, жазо муддатини узайтириш кенг тарқалди. 221-модда бир неча марта қўлланилади ва бунинг оқибатида махбус қамоқда деярли бир умр қолаверади", дейилади "Чегара билмас мухбирлар" ҳамда Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти 11 июнь куни БМТ раҳбари номига йўллаган очиқ баёнотда.

XS
SM
MD
LG