Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:30

ЕИ Марказий Осиё билан инсон ҳуқуқлари масаласида қатъийроқ бўлмоқчи


Брюсселда ўзбек фаоллари ва собиқ сиёсий махбуслар намойиш ўтказмоқда
Брюсселда ўзбек фаоллари ва собиқ сиёсий махбуслар намойиш ўтказмоқда

Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий муаммоларни ўнглаш йўлида ҳаракатларни кучайтирмоқчи. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан турли соҳалардаги муносабатларда Иттифоқнинг умумий сиёсатини белгилувчи ҳужжат ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Люксембургда 22 июнь куни бўладиган йиғинида тасдиқланиши кутилаяпти.

“Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси” деб номланган мазкур ҳужжат лойиҳасида ЕИ Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари, жумладан тинч йиғинлар ўтказиш, уюшмаларга бирлашиш, ўз фикрини эркин айта билиш, диний эркинлик, шунингдек, аёллар, болалар ҳамда озчилик ҳуқуқларини таъминлаш каби масалаларда конкрет амалларга қўл уриши кўзда тутилган.

Шунингдек, Иттифоқ мазкур мамлакатларда қийноқларни йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирларни ҳам қўллаб-қувватлашга жиддий бел боғлаган.

АҚШ ҳамда 28 мамлакатни бирлаштирган Европа Иттифоқи Марказий Осиё ўлкаларидаги инсон ҳуқуқларининг мунтазам бузилиши, демократик қадриятларнинг топталаётганига қарамай ёнилғи ресурсларига бой ва стратегик аҳамиятга эга ушбу минтақа давлатлари билан яқин алоқаларни ушлаб туришга ҳаракат қилиб келади.

Минтақадаги айрим мамлакатлар 25 йилдан бери якка шахснинг авторитар бошқаруви остида қолиб келаётгани маълум.

Эндиликда, Европа Иттифоқи кўриб чиқаётган янги стратегияда Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқ ҳимоячилари алоҳида эътиборга лойиқ экани ва Иттифоқ қўллаб-қувватловига сазоворлиги айтилади.

Марказий Осиёнинг беш давлати билан инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотлар фуқаровий жамият ташкилотларини кенг жалб этган ҳолда ўтказилиши кераклиги ҳам ҳужжатда урғуланади.

Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик даражада ҳар йили ўтказиладиган мулоқотларда инсон ҳуқуқлари мавзуси кўтарилади. Лекин танқидчилар бунинг ижобий таъсири кам бўлганини айтишади.

Янги стратегия, шунингдек, мамлакатларда қонун устиворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш дастурларларини рағбатлантиришни ҳам кўзда тутади.

Хавфсизлик масаласида эса ҳужжатда диний радикализмнинг минтақага хавфи, наркотиклар оқими, сув ва чегаравий муаммолар тилга олинади.

ЕИ Марказий Осиё давлатлари билан Афғонистонни ҳам жалб этган холда бу муаммоларни ҳал этиш йўлларини излаши ҳужжат лойиҳасида кўзда тутилган.

Европа Иттифоқи давлатларидаги ширкатларни Марказий Осиёга сармоя ётқизишга жалб этиш стратегиянинг яна бир муҳим қисмидир.

Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кўтараётган муаммолар, жумладан, қамоқдаги ҳуқуқ фаолларини озод қилиш, фуқаролик жамияти вакилларига босимни камайтириш ва болалар меҳнатидан фойдаланиш каби долзарб масалаларни Ўзбекистон расмийлари билан муҳокама қилишга уриниб келади.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари шу пайтгача бу натижа бермай келаётганини айтишади.

XS
SM
MD
LG