Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:28

Ўзбекистон – иқтисоди муҳожир пулига энг қарам давлат


Дунë бўйлаб меҳнат муҳожирлари ўз ватанига юбораëтган пул ва унинг жаҳон иқтисодидаги улушини ўрганган Қишлоқ хўжалиги тараққиëти учун халқаро жамғармага кўра¸ пул юбориладиган давлат сифатида Россия дунëда биринчи деб топилди. Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар эса¸ ўз юртига пул юбориш бўйича яна биринчилардан бўлди. Айни пайтда¸ Россия рублининг долларга нисбатан қадрсизланиши ортидан ўзбек муҳожирлари юбораëтган пул миқдори қарийб 50 фоизга қисқарган.

Мустақил¸ аммо Россияга қарам?

Ўзбекистон иқтисоди Россиядан юборилаëтган муҳожир пулига ниҳоятда қарам ва бу қарамлик борасида у нафақат постсовет ҳудуди¸ балки дунëдаги етакчилардан бири.

Қишлоқ хўжалиги тараққиëти учун халқаро жамғарма эълон қилган янги ҳисобот хулосаларидан бири шу мазмунда.

Пул юборилаëтган давлатлар рўйхатида дунëдабиринчиликка қўйилган Россиядан ўтган йил давомида қарийб 21 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги пул жўнатилган.

Бу 21 миллиард долларнинг 60 фоизи¸ қарийб 13 миллиард долларини уч давлат – Ўзбекистон¸ Украина ва Тожикистон қабул қилиб олган.

Пул камайди¸ қарамликчи?

Халқаро жамғарманинг бу ҳисоботи билан кетма-кет эълон қилинган “TMT Консалтинг” агентлиги ва CONTACT пул ўтказиш тизими таҳлил маркази тадқиқотига кўра¸ Россиядан Ўзбекистонга юборилаëтган пул миқдори 2015 йилнинг биринчи уч ойи ичида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 фоизга¸ ëки тақрибан ярим миллиард долларга қамайган.

Бундай қисқариш сабабларига тўхталган таҳлилчилар уни Россия рубли қурбининг асосий валюталарга нисбатан кескин қадрсизланиши ва Россиядаги иқтисодий кризис билан изоҳламоқдалар.

Аммо Россияда йиллардан бери тадбиркорлик билан шуғулланиб келаëтган Баҳодир Ўзбекистонга юборилаëтган пул миқдорининг кескин қисқариши ортида бу сабаблардан ташқари Москва ҳукуматининг Тошкентга босимни кучайтиришга қаратилган махсус стратегияси ҳам бор¸ деган фикрда:

- Мисол учун¸ иккита қирғиз ëки тожик ва икки ўзбек кетаëтган полиция тўхтатса¸ қирғиз билан тожикни қўйворади¸ лекин ўзбекни¸ албатта¸ депорт қилади ëки қамаб қўяди. Ўзбекистонликларни оммавий депортация қилиш тўхтамаяпти. Жуда кўп одам Россияга қайтиб келолмаяпти. Юборилаëтган пулнинг камайишига муҳожир сонининг камайиши¸ менимча¸ жиддий таъсир қилди. Мақсад¸ менимча¸ ўзбекистонликларни қийнашни кучайтириб бориб¸ уларни Россияга қўшилмасак очимиздан ўламиз¸ деган фикрга олиб келиш. Бу махсус сиëсат. Ҳозирча Ўзбекистонни қўшиб олишнинг мавриди эмас¸ аммо Москва ҳукумати шунга замин яратаяпти¸ дейди ўзбекистонлик кузатувчи.

Тўйлар ва уйлар камая бошлади

Қишлоқ хўжалиги тараққиëти учун халқаро жамғарма иқтисоди, асосан, Россиядан юборилаëтган муҳожир пулига қарам деб таъкидлаган Ўзбекистон учун бу пулларнинг кескин камайиши аллақачон ўз кўринишини бера бошлади.

- Бу нарса ҳамма нарсага таъсир қилаяпти. Қурилишлар тўхтаяпти¸ тўйлар тортилаяпти¸ одамларнинг ҳаëт манзараси ғариблашиб бораяпти. Ҳозир пишиқчилик¸ бунинг таъсири унча билинмаяпти. Лекин қиш келса аҳвол жуда чатоқлашади. Одамлар ҳозир борини еб-ичаяпти. Қишга запас қилишга қўли юпқалик қилаяпти. Газ йўқ¸ свет йўқ¸ пул йўқ аҳволда бу йилги қишдан ўзбекистонликлар қандай чиқади¸ буниси жуда оғир савол энди¸ дейди Озодлик суҳбатлашган кузатувчи.

Расмий сони 2 миллиондан¸ норасмий сони 5 миллиондан ошиши айтилаëтган Россиядаги ўзбек муҳожирлари¸ кузатувчиларга кўра¸ ватанда қолган миллионлаб яқинини боқиш баробарида¸ Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсишида катта улушни эгаллаб келган.

Муҳожир пулининг ярмига кесилиши улар яқинлари турмуш даражасини пасайтириши ортидан Ўзбекистон молия-иқтисодий тизимини жиддий таназзулга солиб қўйди.

Айрим таҳлилчилар¸ йиллар давомида Россиядан йилига ўрта ҳисобда 10 миллиард доллар муҳожир пулининг келаëтгани ҳисобидан ижтимоий вазиятни назоратда ушлаб келган Тошкент¸ бу пулнинг қисқаришидан келадиган зарбани қайтариш учун иқтисодий тизимни ислоҳ қилишига умид билдирган эди.

Аммо ҳозирга қадар муҳожирлар юбораëтган пулнинг иқтисоддаги катта улушини очиқ тан олмаган Тошкент ҳукумати бу пул камайишидан етаëтган зарбани ҳам тан олиш аломатини кўрсатмаëтир.

XS
SM
MD
LG