Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:16

ИДга қўшилган тожик қўмондони янги видеоси сабаб Тожикистонда бир неча сайтга тўсиқ қўйилди


Тожикистонлик собиқ ОМОНчи Гулмурод Ҳалимов.
Тожикистонлик собиқ ОМОНчи Гулмурод Ҳалимов.

Ҳозирда “Исломий Давлат” гуруҳи сафида жанг қилаётган тожикистонлик собиқ ОМОН қўмондони акс этган иккинчи видео пайдо бўлиши ортидан Тожикистонда Facebook, YouTube ва Одноклассники каби ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйилди.

Тўсиқ бўйича ҳали расмий изоҳ берилгани йўқ.

ОМОН қўмондони Гулмурод Ҳалимовнинг апрель ойида “Исломий Давлат” сафига қўшилиш учун ғойиб бўлиши Тожикистон учун катта шармандалик бўлиб қолмоқда. Қашшоқ ва асосан мусулмонлар яшайдиган Тожикистон ёшларни Ироқ ва Сурияга бориб, радикал гуруҳ сафига қўшилишдан тутиб қолиш учун курашиб келади.

Тожикистон матбуоти 18 июнь тушдан кейин ижтимоий тармоқлар очилмай қолгани ҳақида хабар берди. Бундан бир неча соат аввал Ҳалимов акс этган видео Интернетда ёйинланган эди. Видеода собиқ ОМОН қўмондони “кофирлар”, Россия ҳамда АҚШга таҳдид қилади.

Видеода Ҳалимов ва бошқа бир неча жангари қора байроқ олдида туриб, Ҳалимов Сурияга тожикистонлик жангари Нусрат Назаровни ўлдириш мақсадида боргани ҳақидаги миш-мишлар нотўғри эканлигини таъкидлайди.

Абу Холидий Кулобий ва Фурқон Фаластин исмлари билан ҳам маълум бўлган Назаров “Исломий Давлат”нинг бир неча видеосида Раққадаги тожик жангариларининг етакчиси эканлигини иддао қилган.

Тожик матбуоти Назаров яқинда ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Иккинчи видеода Ҳалимов Назаровнинг ўлимини тилга олмайди, аммо “Фурқонга мангу биродар бўлиб қоламан”, дейди.

Қуролига ишора қилар экан, Ҳалимов ундан фақат кофирларни ўлдириш учун фойдаланишини айтади: “Агар ўз акам ёки укам кофир бўлса, унинг бошини олган бўлардим. Агар бизга қарши курашса, уни ўлдирган бўлардим”.

27 май куни тарқатилган биринчи видеода Ҳалимов тожик ҳукуматининг диний эътиқодга қўйган тўсиқларига, жумладан, исломий либос ҳамда масжидда намоз ўқиш бўйича чекловларга қарши чиқиш ниятида жангари гуруҳга қўшилганини айтган, муқаддас уруш Россия ва АҚШ ерларига ҳам олиб борилишини айтиб, таҳдид қилган эди.

Биринчи видео пайдо бўлганидан кейин Тожикистондаги машҳур ижтимоий тармоқларга бир неча кун тўсиқ қўйилганди.

Тожикистон Интернет провайдерлари ассоциацияси раҳбари Асомуддин Атоев Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатда айрим провайдерлар Давлат коммуникация хизматидан келган оғзаки буйруққа асосан бу сайтларга тўсиқ қўйганини билдирган эди.

Атоев тўсиққа Ҳалимов ҳақидаги хабарлар сабаб бўлганини айтган эди.

Тожикистон Ҳалимовни хоинликда ҳамда чет мамлакатдаги ҳарбий амалиётларда ноқонуний иштирок этишда айбламоқда.

Саккиз боланинг отаси бўлган Ҳалимов Россия ва АҚШда контртерроризм курсларидан ўтган.

Гулмурод Ҳалимов тожик милициясига 90-йиллар бошида кирган, 2012 йилда эса ОМОН қўмондони этиб тайинланган.

Фарангиз Нажибулла қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG