Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:18

Чегарада отишма: Ўзбекистон чегарачиси яралангани айтилмоқда


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги кўприкни қўриқлаётган ўзбек чегарачилари.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги кўприкни қўриқлаётган ўзбек чегарачилари.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида содир этилган отишмада бир ўзбек чегарачиси яралангани айтилмоқда. Қирғиз томони отишма ўзбек чегарачилари чегарани назорат қилиш тартибини бузгани ортидан юз берганини билдирди. Ўзбекистон бу борада ҳозирча расмий маълумот бергани йўқ.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, отишма 29 июнь куни эрталаб ўзбек-қирғиз чегарасининг ҳали аниқланмаган ҳудудида содир этилган. Чегара хизмати расмийси Сажира Чўқўлўеванинг Озодлик радиосига айтишича, воқеа Ҳайдаркон отряди назорат қилаётган Қорашўра чегара заставасининг Машаланг назорат пунктида бўлиб ўтган. Мазкур ҳудуд Ўзбекистоннинг Шоҳимардон эксклави билан чегарадош.

Сажира Чўқўлўевага кўра, бир неча йил аввал томонлар аниқланмаган ҳудудларни муайян масофадан туриб назорат қилишга келишиб олган. Ўзбекистон чегарачилари 29 июнь куни мана шу битим шартларига амал қилмай, Шоҳимардон эксклавидан белгиланган назорат чизиғини бузиб, аниқланмаган ҳудудга ўтиб келган.

- Икки республика чегара нарядлари ўртасидаги отишма чегаранинг аниқланмаган ҳудудида содир этилган. Қирғиз томонидан ҳалок бўлганлар ва яраланганлар йўқ. Ўзбекистон томони бир чегарачиси яраланганини билдирди. Қирғиз чегарачилари белгиланган назорат чизиғини бузиб, аниқланмаган ҳудудга кириб келган ўзбекистонликларга ҳудудни белгиланган масофадан туриб назорат қилиш кераклигини эслатган. Бунга жавобан Ўзбекистон чегарачилари қирғиз чегарачиларига қарата ўқ ота бошлаган. Ўзбек чегарачилари биринчи бўлиб ўқ отган,- деди Сажира Чўқўлўева.

Чегарада отишма: Ўзбекистон чегарачиси яралангани айтилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:49 0:00
Бевосита линк

Қирғиз Чегара хизмати вакилининг Озодлик радиосига билдиришича, мазкур воқеа юзасидан 29 июнь куни икки давлат чегара расмийлари ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

- Учрашувда томонлар муросага кела олмади. Томонлар ҳар бири ўз фикрида қолди. Яъни, Қирғизистон томони ўзини ҳақ деб ҳисобламоқда, Ўзбекистон эса ўз чегарачилари ҳаракати тўғри бўлган, деган фикрда қолмоқда. Бунинг натижасида томонлар бу воқеа юзасидан алоҳида-алоҳида текширув ўтказадиган бўлди, - деди Сажира Чўқўлўева.

Қирғизистон Чегара хизматининг иддао қилишича, Ўзбекистон чегарачилари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ўқ ота бошлаган. Белгиланган тартиб бўйича эса аввал оғзаки огоҳлантириш берилиши лозим. Бу огоҳлантириш инобатга олинмаган тақдирда ҳавога ўқ узилади. Шундан сўнггина чегарабузарга қарата ўқ отилиши керак.

Мазкур воқеа содир этилганидан сўнг Қирғизистоннинг Боткен вилояти расмийлари Ўзбекистон ҳaрбийлaри дaвлaт чегaрaсини бузиб ўтгaнлaргa қaрaтa огоҳлaнтиришсиз қурол қўллaётгани иддаоси билан чиқди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматига сўзлаган рaсмий ўзбек чегaрaчилaрини қонунбузaрлaрни тўхтaтиш учун дaстлaб осмонгa ўқ отиш орқaли огоҳлaнтириш қоидасига амал қилмаётганликда айблади.

Ўзбекистонлик чегaрaчилaр мaй ойидa Боткен вилояти билaн чегaрaдош ҳудудлaрдa чегaрaни бузгaнлaргa қaрaтa икки мaртa огоҳлaнтиришсиз ўқ отгaни aйтилaди.

Айни пайтда Қозоғистон матбуоти 28 июнь куни кечқурун ўзбек чегарачилари Сирдарёда қайиқда сузиб балиқчилик қилаётган қозоқ фуқароларига нисбатан ўқ отганини ёзиб чиқди. Хабарларда айтилишича, Қозоғистон фуқароси Уалихан Ахметов ўзбек чегарачиси ўқидан воқеа жойида ҳалок бўлган. Қайиқдаги иккинчи қозоғистонлик Женис Бекешов эса қозоғистон қирғоғига қайтишга муваффақ бўлган.

“Биз Қозоғистон чегараси томонидан қайиқда сузиб бораётган эдик. Кутилмаганда ўзбек чегараси томонидан тўхташ ҳақида огоҳлантириш берилди. Менинг шеригим қайиқни тўхтатмади. Шунда ўқ отила бошланди. Шеригим қайиқ ичига йиқилиб тушди. Қарасам, унга ўқ теккан экан. Мен ўзимни дарёга отиб, Қозоғистон соҳилигача сузиб келдим”, деб иқтибос келтиради Женис Бекешов сўзларидан Қозоғистон матбуоти.

Ўзбекистон томони бу икки воқеа юзасидан ҳозирча расмий билдирув тарқатгани йўқ.

XS
SM
MD
LG