Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:41

Ўзбекистонлик маҳбуслар Рашодхон Камоловга қарши кўрсатма берди


Рашодхон Камолов 5 ойдан бери Ўш шаҳар ҳибсхонасида сақланмоқда.
Рашодхон Камолов 5 ойдан бери Ўш шаҳар ҳибсхонасида сақланмоқда.

Экстремистик ҳаракатларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган қорасувлик имом Рашод Камолов иши юзасидан Ўш милицияси Ўзбекистонга жўнатган сўров жавоби келди. Бунинг натижасида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Рашод Камолов билан алоқадор бўлган айрим фуқароларга оид маълумотларни йиғмоқда.

Ўзбекистонда икки маҳбус МХХ томонидан сўроқ қилинди

Ўш милицияси Ўзбекистонга Рашод қори Камолов масаласида жўнатган сўров ортидан Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари айни пайтда жазо муддатини ўтаётган ўзбекистонлик икки маҳбусни сўроқ қилган.Қирғиз матбуотига сиздирилган сўроқ протоколида қайд этилишича, сўроқни 2015 йилнинг 22 май куни МХХ терговчиси, юстиция катта лейтенанти Ж.А.Иброҳимов адвокат Ш.М. Шарипов иштирокида ўтказган,

Сўров юзасидан Ўзбекистондан келган ҳужжатларда айтилишича, сўроқ қилинган Шуҳрат Мавлянов билан Файзулло Аминов экстремистликда айбланиб 2012 йилда Ўзбекистон суди томонидан сиртдан 10 йилга ҳукм қилган. 2015 йилда эса улар қўлга олинган ва айни пайтда Ўзбекистонда жазо муддатини ўтамоқда. Ўзбекистон томони жўнатган жавобда улар қирғизистонлик имом Рашодхон қори Камолов билан яқин алоқада бўлганини тан олгани айтилади.

Ўзбекистон томони қирғизистонлик ҳамкасбларига жўнатган жавобга ишонилса, сўроқ давомида Файзулло Аминов қирғиз ҳукуматини қурол қўлланиб босиб олиш, халифалик ўрнатиш тўғрисида 2014 йили қирғизистонликлар билан Туркияда бўлиб ўтган учрашувда суҳбатлашганини айтган. Шунингдек, ўша учрашувда Рашод Камоловдан ташқари Миқтибек исмли тележурналист ва ўшлик икки шахс иштирок этганини айтган.

Ўзбекистон хавфсизлик хизматига Файзулло Аминов “у ерда Суриядаги жангариларни қўллаш орқали Қирғизистон ҳукуматини қурол билан босиб олиш режалари гаплашилган”, деб маълум қилган.

"МХХ жўнатган маълумотларни текшираяпмиз"

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Бақит Сейитовга кўра, ҳозирда Ички ишлари вазирлиги Ўзбекистондан келган маълумотларни текширмоқда:

- Бизнинг асосий масаламиз Камолов атрофидаги вазиятни аниқлаш бўлган. Бизда тезкор ҳамда аниқланган маълумотлар бор. Кимнинг нима қилиб юрганини биламиз, бироқ ҳозир бу маълумотларни очиқлай олмаймиз. Сабаби яна аниқланиши керак бўлган масалалар бор. Ҳозир сўроқ чоғида тилга олинган одамлар билан иш олиб борамиз. Ҳозирда махсус гуруҳ Ўш ва Жалолободда аниқлаш ишларини олиб бормоқда. У ерда фамилияси айтилмай, Миқтибек деган тележурналист айтилган экан. Бу бўйича аниқлаш, ўрганиш ишлари олиб борилади, - дейди Бақит Сейитов.

Ички ишлар вазирлиги Рашодхон қори Камоловни жазодан озод қилинишидан манфаатдор томонлар кўп эканини ва ўртада катта миқдорда пул борлигини шунингдек, тележурналист Миқтибек Арстанбекдан гувоҳ сифатида маълумот олинишини айтади.

Миқтибек: "Туркияда ҳукуматни ағдариш ҳақида гап бўлган эмас"

Тележурналист Миқтибек Арстанбек 2014 йили Туркияга борганини, у ерда Рашодхон Камоловни кўрганини тасдиқлади. Бироқ журналист у ерда фақат диний конференция бўлиб ўтгани, юқорида тилга олингандай радикал ҳаракатлар, экстремистик руҳдаги сўзлар бўлмаганини айтади:

- Туркияда бўлиб ўтган туркистонликлар конференцияси ҳар йили бўлиб ўтади. Маданий, адабий ҳамкорлик бўйича қонуний конференция. Мени ўтган йили ўша конференцияга чақирган экан. Қирғизистондан ҳам одамлар борган. Мен Қирғизистондаги диний вазият тўғрисида маъруза қилдим. Камоловни ҳам кўрдим. Бироқ ундай сўзлар айтилувчи ер эмас. Ундай сўз бўлмаган. У қонуний, турк давлати томонидан ўтказилаётган конференция эди, - дейди Миқтибек Арстанбек.

Миқтибек Арстанбек диний йўналишда кўрсатувлар тайёрловчи журналист. Ҳозирда Жамоатчилик биринчи каналида “Рўзада ўттиз кун” номли диний кўрсатувнинг олиб борувчиси.

Рашодхон Камолов: "Бу Ўзбекистоннинг сиёсий буюртмаси"

Шу йил май ойининг биринчи ҳафтасида Рашод Камоловга жазо чораси белгилаш юзасидан ўтказилган маҳкамада Рашодхон Камоловнинг ўзи, унга нисбатан қўйилаётган айблов юзасидан Ўзбекистонга юборилган сўровни сиёсий бюртма ўлароқ баҳолаганди:

- Ўзбекистон масаласида гапирмоқчиман. Мен 9 йилдан буён Ўзбекистонга бормаганман. Ўзбекистон билан умуман алоқам йўқ. Бироқ ўзбек тилида масала қилиб, обрўли имом бўлганим учун Ўзбекистон ҳукумати менга нисбатан сиёсий ёмон кўз билан қарайди. Бунга далил сифатида айта олишим мумкинки, Қорасув милицияси Ўзбекистондан келган китллерни қўлга олган. Киллер: “Ҳақиқатдан Рашод Камоловни отиб кетиш учун Ўзбекистон ҳукуматидан менга буюртма бўлган, шунинг учун келганман”, деб тан олган. У қурол билан ушланган. Ҳозир қамалиб Қирғизистонда ўтирибди. Шу сабабли мен Ўзбекистондан келадиган нарсаларни сиёсий буюртма деб биламан, - деган эди Рашод Камолов.

Асли Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридан бўлган ва Фарғона водийсида танилган 37 ёшли ўзбек имоми Рашодхон қори Камолов Қирғизистон жиноий кодексининг 299-моддасининг бир неча бандларида айбланмоқда.

У шу йилнинг 9 февраль куни ўз уйидан бир неча ниқобли милиция ходимлари ва Қорасув расмийлари иштирокида Қорасув милициясига олиб кетилган, сўнгра Ўш шаҳар милициясига олиб келинган ва ҳибс қилинганди.

XS
SM
MD
LG