Ўзбекистоннинг Хоразм, Самарқанд вилоятларидан қўнғироқ қилган тингловчилар пластик карточкадан тўловни карточка берган банкдан бошқа банклар қабул қилмаётгани ҳақида шикоят қилди. Маҳаллий банк расмийлари бу шикоятни тасдиқлаб, юқоридан кўрсатма бўлганини айтмоқда. Марказий Банк эса буни инкор қилмоқда.
Хоразм вилоятининг Шовот туманида истиқомат қиладиган 45 яшар Қаҳрамоннинг айтишича, Микрокредитбанк берган пластик карточкаларидан қилинадиган тўловларни Халқ банки қабул қилмаган:
- Банклар ўз билганини қиляпти. Фарзандларимнинг боғча пулини тўламоқчи бўлиб Микрокредит банкига бордим. Лекин мени тўловимни қабул қилишмади. Банк ходимининг айтишича, Халқ банкининг пластик карточкалари уларга ўтмас экан, уларга юқоридан шунақа инструкция келган экан. Агар пластик карточка ҳамма банкларда тенг ҳолатда юрмаса ва бир-бирига ўтмаса унда менга нима кераги бор уни. Унда мени ойлигимни нақд қилиб берсин, - деди шовотлик Қаҳрамон.
Микрокредит банкининг Шовот тумани филиали мулозими Озодлик билан суҳбатда Қаҳрамон келтирган фактларни тасдиқлади:
“Агар бизнинг банкимизнинг ўзини пластик карточкаси бўлса, истаган жойингизга ўтказиб берамиз. Бошқа банкнинг пластик карточкаси бўлса унга рухсат йўқ. Юқоридан шунақа тартиб ўрнатилган”, деди банк мулозими.
Мижозга бошқа банкнинг пластик карточкаси асосида хизмат кўрсатмаслик ҳоллари сўнгги бир ой ичида Самарқанд вилоятидаги банкларда ҳам учрашидан шикоятлар бор.
Самарқанд вилояти Пайариқ туманида истиқомат қиладиган биринчи гуруҳ ногирони Сайфиддиннинг айтишича, у ҳам пластик карточкасидаги пулни ечиб ололмай сарсон бўляпти:
- Мен Челак шаҳридаги Халқ банкига бордим. Карточкамдаги пулни нақд қилиб олмоқчи эдим. Лекин улар сиз Агробанк мижози экансиз, пластик карточкадан фақат ўша банкнинг ўзидан ечиб олишингиз мумкин, деди. Худди шундай гапни Самарқанд шаҳридаги Миллий банкдан, Алоқабанкдан ҳам эшитдим. Банк ходимларининг айтишларича, уларга Тошкентдан шунақа буйруқ келган экан, деди Сайфиддин.
Ўзбекистон Марказий Банкининг ўзини таништирмаган мулозими, Озодлик билан суҳбатда пластик карточкалардан тўловларни барча банкларда бир хил амалга ошириш мумкинлигини таъкидларкан, бундай ҳолатлар содир бўлган тақдирда мижозларга Марказий Банкнинг ишонч телефонларига сим қоқишини маслаҳат берди:
- Марказий банкдан бунақа кўрсатма бўлгани йўқ, бунақа топшириқ бўлмаган. Фақат шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлиши керак. Агар шу ҳолатда ҳам хизмат кўрсатишни рад қилишса, Марказий банкнинг ишонч телефонларига сим қоқишсин, - деди Марказий банк мулозими.
Ўзбекистонда ишчи ва хизматчиларнинг ойлик маошлари асосан пластик карточкаларга ўтказилади. Бироқ ўзбекистонликлар нақд пул тақчиллиги боис пластик карточкалардан пул ечиб олиш муаммо бўлиб қолаётганидан шикоят қиладилар.
Айни пайтда Озодлик манбалари пластик карточкалар орқали банкоматлардан пул ечиб олиш имконсиз эканини, бундан фойдаланган тужжорлар эса, пластикдаги пулни нақд пулга айлантириш учун карта эгаларидан 10-20 фоиз миқдорида устама ҳақ олаётганини айтиб келадилар.