Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:45

Жиноий квартет ва “исрофгар” Озодбек Назарбеков


Озодбек Назарбеков антиқа таом олдида тушган сурати ортидан "исрофгарчилик"да айбланди.
Озодбек Назарбеков антиқа таом олдида тушган сурати ортидан "исрофгарчилик"да айбланди.

Суғурта ва банк мансабдорларидан иборат жиноий квартет қўлга олинди. Viza картасидан 430 минг долларни нақдлаштирган гуруҳ фош қилинди. Тошкентда ўрнатилган янги светофор жазирамада эриб кетди. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Суғурта ва банк мансабдорларидан иборат жиноий квартет қўлга олинди”

“Ўзагросуғурта” давлат компанияси Тошкент вилояти Оққўрғон тумани бўлинмаси менежери С.Жалғашев ва бош ҳисобчи М.Аҳмедова 2009-2013 йилларда жуда катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирган (“Адолат кўзгуси”, 2 июль).

Суғурта мансабдорларига Халқ банки Оққўрғон филиали бошқарувчи А.Қодиров ва банк бош ҳисобчиси А.Исоқулов ёрдам берган. Жиноий квартет ҳужжатларни сохталаштириш орқали бир неча ўн миллионларни ўмарган.

“Беихтиёр Н. Гоголнинг “Ревизор”идаги шаҳар ҳокимининг қоғозда қуриб битказилган биноларга ўт тушиб ёниб кетгани ҳақидаги сафсатаси ёдга тушади”, деб ёзади Бош прокуратура терговчиси А.Ўрмонов.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани суди суғурта компанияси бош ҳисобчиси М.Аҳмедовага 33,6 миллион сўм миқдорида жарима тайинлаган.

Жиноий квартетнинг қолган уч аъзосига тайинланган жазо очиқланмаган.

“Яширин заҳар (спайс) чеккан одамни хурмача қилиқларидан билиб олиш мумкин”

Ёшлар орасида яширин оғу – спайс чекаётганлар сони ошиб бормоқда (“Халқ сўзи”, 1 июль).

Спайс марихуананинг синтетик муқобили бўлиб, унга қараганда кучли ва хатарлидир. Хавфли жиҳати шундаки, спайсни ҳидидан ажратиш қийин, унинг ҳиди хушбўй тамакига ўхшайди.

“Спайсни истеъмол қилган кишини қолипга сиғмайдиган хурмача қилиқлари орқали осон билиб олиш мумкин. Йўқ, одам билан суҳбатлашиш, йўқ нарсаларнинг кўриниши, эшитилиши, сабабсиз кўтаринкилик ёки кўзёш тўкиш ва соатлаб қотиб қолиш – синтетик заҳарни ичига тортганларга хос аломатлардир”, деб ёзади муаллиф.

“Viza картасидан 430 минг долларни хорижда нақдлаштирган тошкентлик гуруҳ фош қилинди”

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида Viza электрон картаси орқали 430 минг АҚШ долларини нақдлаштирган жиноий гуруҳ қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 2 июль).

Тўрт кишидан иборат жиноий гуруҳ Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банк филиалидан 215 нафар шахс номига Viza электрон картасини расмийлаштирган. Сўнг мазкур карталардаги валюта хорижга олиб чиқиб нақдлаштирилган ва Тошкент қора бозорида сотилган.

Ўз номига пластик карточка очишга розилик берган 215 нафар фуқарога “ҳимматлари” учун 100 минг сўмдан мукофот улашилган. Жиноий гуруҳ аъзолари ва уларга тайинланган жазо очиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йил 1 февралдан Ўзбекистон Республикаси резидентлари – жисмоний шахсларга ваколатли банклар томонидан хорижий валютани халқаро тўлов карталари орқали нақдсиз шаклда сотиш механизми жорий этилган. Унга кўра, ҳар бир аризачига 2000 АҚШ доллари миқдорида чеклов белгиланган.

“Тарбияга эътиборсизлик туфайли ўзбек қизлари орасида никоҳсиз фарзанд кўраётганлар учрамоқда”

Ҳар куни дунёда вояга етмаган 20 минг нафар қиз никоҳсиз фарзанд кўриб, она бўлади. Афсуски, бу ҳолат ўзбек қизлари орасида ҳам учрамоқда (“Ҳуррият”, 1 июль).

“Ишхонага йўлим Амир Темур хиёбони орқали ўтади. Ҳайкал атрофидаги ўнлаб ўриндиқларни банд этган “севишганлар” орасида мактаб ёшидаги қизчалар ҳам йўқ эмас. Бор-йўғи 12-16 ёш… Катта авлод бу манзарага танқидий қараши шубҳасиз, бироқ ёшлар буни бошқачароқ изоҳлайди: “Севги ёш танламайди!” деб ёзади мақола муаллифи М.Қаюмова.

Мақолада вояга етмаган қизлар ўртасида оила ва жамиятда тарбияни кучайтириш тавсия этилади.

“Исрофгарчилик акс этган шов-шувли видеога Озодбек Назарбековнинг алоқаси йўқ”

Ўтган ҳафта Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков билан боғлиқ интернетда тарқалган фотосурат ва видео шов-шувларга сабаб бўлди (“Даракчи”, 2 июль).

Мазкур видеода таниқли хонанда оққуш, товус ва кабутарлар қотирилган ҳамда атрофи таомлар билан безатилган идиш қошида тургани акс этган.

Мазкур антиқа таом О.Назарбеков буюртмаси билан тайёрланган деган хабарлар тарқалган.

Газетага кўра, Рамазон ойида исрофгарчилик акс этган бундай фото ва видеонинг тарқалиши эътирозларга сабаб бўлган. Хонанданинг маъмури эса О.Назарбековнинг бунга алоқаси йўқлиги, шунчаки халқ хизматида бошқалар қатори ўша таомни томоша қилганини маълум қилган.

“Тошкентда ўрнатилган янги светофор жазирамада эриб кетди”

Тошкент шаҳридаги Қоратош кўчасига ўрнатилган янги светофор шу кунларда кузатилаётган жазирамага дош бера олмади (“Оила даврасида”, 2 июль).

Светофорнинг икки кўзи деворлари иссиқда эриб, деярли ёпилиб қолган. Мазкур светофорлар Тошкентда видеокузатув мосламалари ўрнатиш тадбири доирасида яқиндагина ўрнатилган эди.

“Қизиқ, олдингилари ўн йиллаб чидаб берганди-я, уларнинг жонига тўзим берсин”, деб ёзади газета.

“Сергели автомобиль ўғирлаган аёл қўлга олинди”

Тошкент шаҳар Сергели туманидаги автомобиль бозоридан Олмазор туманида яшовчи фуқаронинг “Матиз”и ўғирлаб кетилган.

Маҳаллий матбуотнинг Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беришича, тезкор тадбир натижасида мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб Сирдарё вилояти Янгиер туманида истиқомат қилувчи 48 ёшли аёл ва 18 ёшли йигит қўлга олинган.

Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган, тергов олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG