Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:05

Қирғизистонда кўп хотинлик масаласи яна муҳокама қилинмоқда


Айрим диндорларнинг бу ташаббуси ҳуқуқ ҳимоячиларининг кескин танқидига учрамоқда. Диндорларга кўра, икки хотин олишга рухсат берувчи қонун қабул қилиниши ортидан турмушга чиқмай ўтириб қолаётган қолаётган қизлар ва аёллар сонини озайтиради ҳамда фохишаликка барҳам беради.

Ўтиб бораётган ҳафта сўнгида Ўшда “Умумий манфаатларни излаш” ташкилоти ташаббуси билан икки хотин олишни қонунийлаштириш масаласи муҳокама қилинди. Муҳокамада асосан икки хотин олишга ташвиқ қилувчи фикирлар устунлик қилди.

- Оллоҳ бизнинг табиятимизни билгани учун ҳам табиятимизга зид нарсаларни бизга раво кўрмаган. Оллоҳ қонунларининг барчаси инсон ривожланишига ҳисса қўшади. Шу сабабли ҳалол ва ҳаромни бўлиб қўйган. Эркак кишига бир вақтнинг ўзида бир неча аёл билан яшашга рухсат берилга, - деди иккинчи хотин олишни қонунийлаштириш тарафдорларидан бири, Қирғизистон Мусулмон аёлларининг “Мутакаллим” ташкилоти вакили Жамила Жапашева.

Қирғиз жамоатчилигида кўп хотин олишга қарши бўлганларнинг ҳам сони кўп. Кўп хотинлилик билан курашувчи “Қирғизистон ташаббускор аёллари” ташкилоти қўш хотинлик оиладаги жанжалларнинг асосий сабабигина бўлмай, аёлларнинг шахсий гигиена, одоб - аҳлоқини ҳам бузади, деган фикрда.

-Биз диндан ажратилган ҳуқуқий, демократик, дунёвий мамлакатда яшаймиз. Шу сабабли ҳеч қачон кўп хотинлиликни қабул қила олмаймиз. Агарда кимдир биров уни хоҳласа, бунга рухсат берувчи ерга кўчиб кетиб, ўша ниятини амалга ошираверсин, - дейди “Қирғизистон ташаббускор аёллари” ташкилоти раҳбари Авазқан Ўрмўнова.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда икки ва ундан кўп хотин олиш ҳолати бўйича 2010-йилдан буён фақат беш жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг орасида тўрт иш судга юборилган. Адвокатлар эркак кишининг кўп хотин олганини судда исботлаш қийин бўлаётганини айтмоқда.

- Бундай кўринишларга кўп гувоҳ бўламиз. Мен шу кунгача эркак икки аёл олгани учун судланганини эшитмадим. Негаки, икки аёл олган кишини жазолаш учун ўша аёллардан бири жабрланувчи сифатида арзланиши керак. Эркакнинг икки хотин олгани ҳеч бир ҳужжатда кўрсатилмайди, унинг иккинчи хотинига моддий ёрдам бериб келганини исботлаш ҳам керак бўлади. Эркаклар бўлса “мен унга ҳеч қандай моддий кўмак кўрсатмаганман”, деб туришади. Қисқаси, икки хотинлиликни исботлаш бизда деярли мумкин эмас, - дейди адвокат Медет

Айни пайтда, айрим диншунослар ислом дини кўп хотинлиликка чақирмаслигини айтадилар:

- Мухаммад пайғамбар замонида араблар орасида 10-20 хотин олиш урф бўлган. Пайғамбаримиз буни дарҳол таъқиқлаш қийин бўлгани сабабли босқичма-босқич кўп хотинлиликни йўқ қилишга ҳаракат қилган. “Нисо” сурасининг 129-оятида тўртагача бўлган аёлларингларни қолдириб, қолганлари билан ажрашинглар деган. Пайғамбаримиз вафотидан 3 йил аввал “сизлар қанчалик хоҳласанглар ҳам аёлларингларга ҳолислик қилолмайсизлар,шу сабабли бир аёл билан яшаш яхшироқ”, деб айтган. Демак, ислом, кўп хотинлиликка чақирмайди, -дейди диншунос Маметбек Мирзабаев.

Қирғизистон қонунчилиги кўп хотин олишга йўл бермайди. Айни пайта халқ орасида икки ёки ундан кўп хотин олганлар сифатида айрим амалдорларнинг номи ҳам тилга олинади.

Қирғизистонда кўп хотинлиликни қонунийлаштириш ҳаракати президент Қурманбек Бакиев ҳукумронлиги даврида бўлган эди. Ўшанда Қирғизистон Адлия вазирлиги қирғиз парламентига кўп хотинлилик тўғрисидаги қонун лойиҳасини таклиф қилган эди. Аммо фуқаролик жамиятининг қаттиқ норозилиги ортидан мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинмай қолган.

XS
SM
MD
LG