Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:33

"Патриот"лар ўзбек билан юрган қирғиз қизни калтаклади


Интернет тармоқларидан ўзларини “патриот” деб атаган миллатчилар 19 ёшли қирғиз қизни ўзбек йигитлар билан юрганликда айблаб калтаклагани тўғрисидаги видеонинг пайдо бўлиши Қирғизистон жамоатчилигини яна ташвишга солди.

Интернет тармоқларидан ўзларини “патриот” деб атаган миллатчилар 19 ёшли қирғиз қизни ўзбек йигитлар билан юрганликда айблаб калтаклагани тўғрисидаги видеонинг пайдо бўлиши Қирғизистон жамоатчилигини яна ташвишга солди.

Мазкур видеода ўзларини “патриот” деб таништирган бир гуруҳ йигитлар қизни ечинтириб олиб, уни ўзбек йигитлари билан юрганликда айблаб жазолаётгани тасвирланган.

Сўроқ пайтида қиз ўзининг Боткен вилоятидан эканини, эридан ажрашиб кетганини айтган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги видео Россияда тасвирга олинганини, бу борада текширув ишлари бошланганини билдирди. Вазирлик матбуот котиби Бақит Сейитовга кўра, қизни хўрлаганларни қидириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

- Мазкур воқеани раҳбариятимиз ўз назоратига олиб, тегишли хизматларга кўрсатма берди. Ҳозирда қидирув, текширув ишлари олиб борилаяпти. Боткенлик ходимларимиз видеодаги қизнинг суратини Бужум қишлоғига олиб бориб, аҳолидан суриштирганида, уни таниганлар топилмаган. У қиз Ўшдан бўлиши ҳам мумкин, -дейди Бақит Сейитов.

Айни пайтда ўз миллатдошини бошқа миллат вакили билан юрганликда айблаб хўрлаган “патриотлар”нинг ҳаракатлари жамоатчилик орасида баҳсларга сабаб бўлди. Кўпчилик “патриот”лар ҳаракатини танқид қилмоқда, аммо бундай бўлишига қизнинг ўзи айбдор, дегувчилар ҳам бор.

Аёллар ҳимояси билан шуғулланувчи “Қирқ қиз” ташкилоти раҳбари Перизат Суранова “патриотлар”ни танқид қилганлардан бири.

- Йигитларга бундай ҳуқуқни ҳеч ким бермаган. Қирғизнинг урф-одати бўйича жаноблар хонимларга ғамхўрлик қилиши керак. Улар кўкрак кериб, “патриотмиз” дейишмоқда. Бундай мард бўлишса, иш топишга ёрдам беришмайдими? Қизларни сўроқ қилишга ҳеч кимнинг ҳуқуқи йўқ, - дейди Перизат Суранова.

Бошқа миллат вакиллари билан муносабатда бўлгани учун “патриотлар” томонидан жазоланган қизлар бундан ҳам аввал бўлган. Масалан, 2012 йилда Москвада ўнга яқин қирғиз йигит томонидан яланғоч қилиниб калтакланган Сапаргул исмли қиз воқеаси ҳам жамоатчиликда катта шов-шувга сабаб бўлганди.

“Бир дунё Қирғизистон” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Тўлўйқан Исмаилова қизларни хўрлаганлар жазоланмагунича бундай воқеалар такрорланаверади, деб ҳисоблайди:

- Россияда "патриотмиз" деганлар ўзларича мафия бўлиб кетди. Сапаргулни хўрлаганлар жазоланса, бундай воқеалар такрорланмас эди. Айбдорларни халқ олдида жазолаш керак. Ҳар бир ноқонуний ҳаракат учун жазо бўлмаса, ўзбошимчалик ҳукм сураверади, - дейди Тўлўйқан Исмаилова.

Россиядаги қирғиз қизларини бошқа миллат вакиллари билан юргани учун калтаклаган “патриот”лар бир неча йил аввал қидирувга берилган эди. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари улардан айримлари қўлга олингани ҳақида хабар берган. Бироқ қўлга олингани айтилган “патриот”ларнинг бирортаси ҳам шу кунгача суд қилингани йўқ.

XS
SM
MD
LG