Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:03

Гулнора Каримова ҳимоясига ўзбек ёшлари номидан очиқ хат эълон қилинди


Тошкентлик 19 яшар йигит ўзбек ёшлари номидан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган очиқ хатда уй қамоғида экани айтиладиган президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова рақиблари томонидан “синдирилгани” ёзилиб, унинг тез орада “озодлик”ка чиқишига ишонч билдирилади. Кейинги бир ҳафта мобайнида тармоқларда Гулнора ҳимоясига шу каби фикрлар кўпайгани кузатилмоқда.

"Гулнора Ўзбекистоннинг бош филантропи эди"

Очиқ хатда билдирилган фикрлар Гулнора Каримова ва унинг Фонд Форум ташкилоти билан боғлиқ вазият бўйича "Ўзбекистон ёшларининг позицияси" сифатида тақдим қилинган.

Гулнора Каримова кўкларга кўтариб мақталган мактубда у “мамлакат бош филантропи” сифатида таърифланиб, унинг бошчилигида ўтказилган хайрия тадбирлари бирма-бир саналади.

“У бизни барча йўналишлар бўйича қўллаган. Лойиҳалар учун грантлар ажратган. 2012 йилда 532та грант учун 1,320 миллиард сўм пул ажратилган. У спортни ривожлантирди, мусиқачиларга ёрдам берди, тарихий қадриятларни қайта тиклади. Аҳоли соғлиги учун курашди, унинг даврида Ўзбекистон бўйлаб ҳар йили 100 минг кишилик марофонлар ўтказилди”, дейилади очиқ хатда.

Очиқ хат муаллифи Ҳикматилла Убайдуллаев.
Очиқ хат муаллифи Ҳикматилла Убайдуллаев.

Ўзини Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети Инглиз тили факультети 2 курс талабаси Ҳикматилла Убайдуллаев, деб таништирган йигит Озодлик билан суҳбатда президент қизи ҳимоясига эълон қилинган очиқ хат муаллифи эканини иддао қилди:

“Бу очиқ хат бирор шахсга йўлланмаган. Балки Гулнора Исламовна тақдирига бефарқ бўлмаган барчага қаратилган”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Убайдуллаев.

Гулноранинг “ғоявий рақиблари томонидан четлатилгани” айтилган мактубда айнан унинг атрофидагилар унга панд бергани таъкидланган:

“Маълум шахслар Гулнора Исламовнани кучли рақиб сифатида кўришди. Лекин у ҳеч қачон ўзининг сиёсий амбициялари ҳақида эълон қилмаган. Мен унинг рақиблари кимлигини очиқ айтмайман. Улар кимлигини ҳамма яхши билади”, дейди Убайдуллаев.

"Хат заказной эмас"

Каримова ҳимоясига бағишланган мазкур очиқ хат ижтимоий тармоқларда тарқатилгач, кўпчилик бу мактубнинг махсус буюртма экани ва хат муаллифининг холислигига ишонмасликлари ҳақида ёзишди.

Ҳикматилла Убайдуллаев Озодлик билан суҳбатда бу эътирозларга муносабат билдирар экан, хатнинг буюртма эмаслигини иддао қилди:

Гулнора Каримова ҳимоясига Фейсбукда эълон қилинган очиқ хатнинг скриншоти.
Гулнора Каримова ҳимоясига Фейсбукда эълон қилинган очиқ хатнинг скриншоти.

“Бу ҳеч қандай заказной эмас. Ҳеч кимдан заказ олмаганман. Хатда ўзимнинг мустақил фикрим билдирилган. Бу фикрларни ўзбек ёшларининг фикри сифатида ҳам тақдим қиламан. Чунки тенгдошларим билан суҳбатлашганимда уларнинг ҳам фикри худди шундайлигига гувоҳ бўлганман. Гулнора Исломовнага қариндош эмасман. Афсуски, Фонд форумга ҳам алоқам бўлмаган. Лекин мен Форум тадбирларида меҳмон сифатида қатнашганман. Мен БМТ ташкилотининг ахборот марказида стажёр бўлиб ишлаганимда уларнинг тадбирларини мунтазам кузатиб борганман”, дейди Ҳикматилла.

Хат муаллифи Гулнора Каримованинг “синдирилгани”дан сўнг ёшларни қўллайдиган одам қолмаганини айтади:

“Гулнора Каримованинг изоляция қилингани ва Фонд Форумнинг ёпилганидан сўнг яхшиланиш кузатилмади, аксинча, ҳаммаси ёмонлашди... Бизни энди ким қўллаб-қувватлайди”, дейди Ҳикматилла Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

"Фонд Форум ёпилгани яхши бўлди"

Facebook тармоғи фойдаланувчилари орасида айримлар ушбу очиқ хатда билдирилган фикрларга қўшилмасликлари ҳақида ёзишди:

Жумладан, Leysan Olangina исмли фойдаланувчи шундай ёзди:

“Сиз биласизми, Фонд Форум кимнинг ҳисобига ташкил қилинди? Унинг ёпилгани жуда яхши бўлди. Кичик ва ўрта бизнес ундан азият чекди. Уларни ғазнага пул туширишга мажбурлашди, шунингдек, мамлакат бюджетидаги пуллар ҳам асата-секин кимнидир чўнтагига тушишни бошлади.”

Айримлар Фонд Форум номидан ўтказилган лойиҳаларда иштирокчилар ҳаражати қопланмаганини эслатишди. Жумладан, Roma Bagiroff Фонд Форум фанатларидан “кўзларини очишни” сўради. У мисол сифатида дўстининг саксофончи ўғлига Фонд Форум томонидан бир тийин ҳам пул ажратилмагани, барча ҳаражатни дўстининг ўзи зиммасига олганини ёзди.

Гулнора ҳимоясига постлар

Кейинги бир ҳафта ичида Гулнора Каримовани қўлловчи фикрлар ижтимоий тармоқлар орқали кўпайгани кузатилди.

Жумладан, Ўзбекистон парламент сайловларида номзод сифатида қатнашган Хушнуд Худайбердиев Twitter орқали Каримова ҳақида қуйидагиларни ёзди:

"Опа (Гулнора Каримовани ёшлар Опа деб аташади- таҳр.)нинг яхшиликларини унутиб бўлмайди. Гап фақат мен учун 6 йил контракт тўлаганликларида эмас, маънавий поддержкаларида ҳам. ФФ (Фонд Форум)да ўтган даврим, шахс сифатида шаклланишимдаги энг муҳим даврлардан бири бўлган. Бунда Опанинг роли жуда катта. Улар доим ўрнак бўлганлар".

Уй қамоғига олинган Гугуша

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2014 йил сентябрида Гулнора Каримова дохил уюшган жиноий гуруҳга қарши тергов олиб борилаётганини эълон қилган, лекин президент қизи айнан нимада айбланаётганини аниқлаштирмаган. Бош прокуратура Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканлигига ҳам ишора қилган.

Яқинда АҚШ Адлия вазирлиги суд қарори билан Россиянинг Vimpelсom ва МТС алоқа операторлари Ўзбекистонда пора берганига оид иш тергови билан боғлиқ равишда 300 миллион долларни музлатиб қўйишга эришди.

Тергов тахминича, бу маблағлар халқаро пул ювиш схемасида иштирок этган. Пулларнинг бир қисми “Ўзбекистон президентининг қариндоши билан боғлиқ” Takilant Limited ширкатига тегишлидир. Takilant фирмаси президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли экани Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувлар доирасида аниқланган.

Ундан бироз аввал Озодлик иштирок этган журналистик суриштирувда Ўзбекистонда фаолият юритадиган VimpelCom, MTS ва TeliaSonera телеком ширкатлари Гулнора Каримовага камида бир миллиард АҚШ доллари миқдорида пора бергани фош этилган эди.

XS
SM
MD
LG