Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Ўзбекистонда жазирама пайти ишчиларга енгиллик борми?


OzodJavobнинг бугунги сонида ҳаво ҳарорати ўта баланд бўлган пайтлари ишчи-хизматчилар учун Ўзбекистонда енгилликлар яратилганми - йўқми, деган саволга жавоб излаймиз.

OzodJavobга кейинги кунларда бўлаётган мурожаатларда “Ўзбекистон қонунларида жазирама пайти ишчиларга бирор-бир енгиллик кўзда тутилганми?” деган мазмундаги саволлар кўп бўлаяпти.

Нукуслик муштарий иссиқ кунлари ишчи-хизматчиларга қийин бўлаётганини айтиб, жазирамада иш соатларини қисқартиришни таклиф қилади:

- Ишлайдиган одамларга кичкина дам олиш берса бўлмайдими, ёмон иссиқ. Бошқа мамлкатларда бўлади-ку дам олиш. Ўзбекистонда нимага бўлмайди? Ҳамма касб эгасига қийин бўлаяпти иссиқда ишлаш,- дейди нукуслик муштарий.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳароратнинг кундузи 32°С, кечқурун 24°С даражадан ошмаслигини меъёр сифатида белгилаган.

Шифокорларнинг айтишича, бундан баланд ҳароратда ишлашнинг одам соғлигига салбий таъсир қилиш эҳтимоллари жуда кучли:

"Ҳаво ҳароратининг меъёрдан баланд бўлишидан биринчи навбатда қон босими баланд ва юраги хаста кишилар азият чекади. Агар офисдаги ҳарорат 32 даражадан баланд бўлса, бу тоифадаги кишиларда патологик ҳолатлар кузатилиши мумкин. Меъёрдан баланд ҳароратда ишлаш оқибатида юрак уришининг мароми бузилиши мумкин. Умуман иссиқ ҳароратда юрак-қон томир ва респиратор касалликлар оғирлашиши мумкин", дейди Тошкент шифохоналаридан бирининг шифокори.

Бугунги кундаги ҳарорат Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган меъёрлардан анча ошиб кетди. Бироқ Ўзбекистонда меъёрдан ортиқ - экстремал иссиқ ҳарорат пайти ишчи-хизматчилар учун енгилликни кўзда тутувчи бирор бир норматив ҳужжат йўқ.

“Бизда ҳарорат меъёрдан ошиқ бўлган пайтда ишчи-хизматчилар учун имтиёз белгиловчи умумий ягона норматив ҳужжат йўқ. Бироқ мамлакатимизда 500дан зиёд норматив ҳужжатда турли корхоналарнинг ишлари муҳофазасига доир нормативлар белгиланган”, деди Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мутахасиси.

Жумладан, қурилиш ташкилотларига белгиланган санитария қоидаларига кўра, бино ташқарисида ишловчилар учун ҳарорат ёз пайтлари +32° С, қиш пайтлари -10° С даражада бўлиши нормал ҳисобланади.

Лекин ёз пайтлари +32° Сдан +40° Сгача, қишда эса -10° Сдан –20° С гача даражадаги ҳарорат хавфли дея классификация қилиниши айтилган мамлакат ҳужжатларида.

Сўнгги кунларда мамлакатнинг айрим ҳудудларида иссиқнинг 50 даражадан ошгани инобатга олинса, ишчи-хизматчиларнинг хавфли ҳароратда ишлаётгани маълум бўлади.

Мутасаддилардан олинган маълумотга кўра, яқинда тегишли ташкилотлар томонидан меъёрдан ортиқ ҳароратда ишчилар учун норматив қоидаларни белгиловчи ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига тавсия сифатида берилган.

“Вазирлик район коэффициентлари бўйича белгиланган нормаларни ўрганаяпти. Табиий иқлим шароитлари ноқулай бўлган ҳудудларда ҳарорат баланд бўлганда ишчилар фаолиятига салбий таъсир қилиш ҳолатлари илмий жиҳатдан текширилиши керак. Ҳозирда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси суриштирув ишлари ўтказаяпти. СанПиН нормаларига тўғри келмаса, меъёрдан ортиқ ҳолатда иш соатларини қисқартириш, қўшимча шароитлар яратиш масалалари кўрилиши мумкин” деди вазирлик мутахасиси.

Ҳозирча Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги суриштирувлари натижаси қачон чиқиши номаълум.

Унгача Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги экстремал иссиқ ҳарорат пайти ҳимояланиш бўйича аҳолига берган тавсияларидангина фойдаланиш мумкин:

“Жазирамада юришдан сақланинг. Кўпроқ салқин хоналарда бўлишга ҳаракат қилинг. Куннинг энг иссиқ палласида кўчага чиқишдан сақланинг. Имкон қадар оғир жисмоний ҳаракатлар қилманг. Болалар ва жониворларни автомобил ичида қолдирманг”, дейилади жумладан, вазирлик тавсиясида.

Рекорд даражадаги иссиқ

Синоптиклар маълум қилишича, Ўзбекистонда бугунги кунда кузатилаётган иссиқ оби-ҳаво 1961 йилдан бери илк бор қайд қилинган.

Meteonovosti.ru нашри ёзишича, Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларида юқори даражадаги иссиқ ҳарорат қайд этилаяпти. Энг юқори даражадаги иссиқ Ўзбекистоннинг Навоий вилояти Томдибулоқ қишлоғида қайд этилган.

Ўзбекистон синоптиклари иссиқ оби-ҳаво августгача сақланиб қолиши, ҳарорат кундузи +44 ва +45 даражада бўлишини айтаяпти.

Бироқ 14 июль куни мамлакат жанубида яшовчи Озодлик муштарийлари ҳарорат 50 даражадан ошиб кетганини айтишди.

Кейинги йилларда бутун дунё бўйлаб ҳаво ҳароратининг ошиши кузатилмоқда. Бироқ Ўзбекистондан фарқли ривожланган давлатларда экстремал иссиқ ҳароратларда ишчилар учун кўплаб имтиёзлар яратилган.

Айрим ғарб давлатларида офис ичкарисидадаги ҳарорат +21 даражада бўлиши нормал ҳисобланади. Россияда эса +28 даража бино ичкарисида ишловчилар учун меъёр ҳисобланади. Ҳарорат бундан ошса ишчилар иш вақтини қисқартиришни талаб қилишга ҳақли.

XS
SM
MD
LG