Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:56

Тожикистон “Исломий Давлат”га қарши ахборот уруши бошлади


Тожикистонлик жангари Гулмурод Ҳалимов
Тожикистонлик жангари Гулмурод Ҳалимов

Тожикистоннинг “Ховар” расмий агентлиги “Исломий Давлат”га қарши “ахборот уруши” бошлади. Агентлик жангариларнинг мудҳиш қотилликлари, аёлларни қул қилиши ҳамда бошқа зўравонликлари ҳақида хабар бериш орқали гуруҳнинг тарғиботи билан курашмоқчи.

Яқинда “Ховар”нинг директори этиб тайинланган Заробиддин Қосимий Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатда ахборот агентлиги фуқароларни “Исломий Давлат” қўл урган “ғайриинсоний ишлар”дан бохабар қилиш мақсадида “ахборот урушига каттароқ ҳисса қўшишга” уринаётганини айтди.

“Бу материалнинг чоп этилиши муштарийларнинг фикрлашига таъсир қилиши керак, деб ўйлайман”, деди Қосимий. “Уруш оқибатини ўз кўзлари билан кўришса, ўзлари хулоса чиқарадилар”.

“Ховар” агентлиги “Исломий Давлат”га қўшилиш хавфини ва гуруҳ қўл ураётган ваҳшийликларни ёритиш қарорига ҳудудда “Исломий Давлат”га қўшилишлар юзасидан хавотирлар ўсиб бораётган бир пайтда келди.

Расмий маълумотларга кўра, 400 дан ошиқ тожикистонлик “Исломий Давлат” сафларида жанг қилмоқда. Сурия ва Ироқда ҳалок бўлган тожикистонликлар сони 120 дан кўп.

“Исломий Давлат”га қўшилган тожик жангариларни ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган тарғибот видеороликларида кўриш мумкин. Яқинда олинган видеода тожикистонлик жангарилар Душанбедаги ҳукуматни ағдаришларини айтиб таҳдид қилишди.

Тожикистонлик “Исломий Давлат” жангарилари орасида энг машҳури Гулмурод Ҳалимовдир. ОМОН қўмондони бўлиб ишлаган Ҳалимовнинг май ойида жангари гуруҳ сафига қўшилиши матбуотда кенг ёритилди. Аммо Тожикистондаги радикализмни ўрганиб келаётган олим Жон Ҳизершоу Ҳалимов мамлакатдаги умумий аҳволнинг намоёндаси эмаслигини айтади.

Тожикистон “Исломий Давлат”нинг мамлакат фуқароларини ёллаши билан курашиш мақсадида турли йўллардан фойдаланиб келади. “Ахборот уруши” бошланишидан аввал тожик ҳукумати “Исломий Давлат”ни ман қилинган террорчи гуруҳ, дея эълон қилди ва четда жанг қилаётган тожикистонликларнинг фуқаролигини бекор қилди.

Тожикистон олиб бораётган “ахборот уруши” жангари гуруҳнинг Интернет, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни радикаллаштираётгани ва ёллаётганидан расмий Душанбе хавотирда эканлигини кўрсатади.

Тожикистон президенти қошидаги Стратегик изланишлар маркази етакчиси Худойберди Холиқназар “Исломий Давлат” “таълимсиз ёшларни” жалб қилиш мақсадида Интернетда мудҳиш видеоларни тарқатаётганини айтади.

Озодлик билан суҳбатда “Экстремистларнинг ҳақиқий башарасини кўрсатиш орқали биз уларга қарши ахборот урушини олиб боряпмиз”, деди Холиқназар. “Биз яна ёшларга бу бемаъни уруш эканлигини, унда иштирок этиш беҳуда эканлигини тушунтиришимиз керак”.

“Ховар” директори Қосимий Тожикистон ёшлари “Исломий Давлат” ҳақида ҳақиқатни билиши керак, деган фикрга қўшилади.

Унинг айтишича, ёши катталар “дестабилизация оқибатларини яхши билади”, лекин ёшлар билмайди.

“Исломий Давлат”га қарши хабарларни кўпайтиришдан ташқари Тожикистон 16 та экстремист гуруҳга, жумладан, “Исломий Давлат”га алоқаси бор сайтга тўсиқ қўйиш орқали жангари гуруҳ тарғиботига қарши курашиб келади.

Аммо тўсилган сайтлар орасида Тожикистон “Исломий Давлат”га алоқаси бор, деб ҳисоблайдиган тўрт сайт бор холос. Булар орасида маркази Британияда бўлган Исломий мерос маркази сайти ва жангариларнинг ёпиб қўйилган Facebook саҳифаси бор.

Тожикистон “ахборот уруши”ни олиб бораётган бир пайтда, “Исломий Давлат” собиқ совет мамлакатларидан кўпроқ жангари ёллаш мақсадида ўзининг рус тилидаги тарғиботини кучайтирмоқда.

Гуруҳ рус тилида хабар тарқатувчи Furat Media матбуот қанотига асос солди. Furat Media ўз мақсадига эришиш учун ўрта осиёлик жангариларни ишга солаётганини кўрсатувчи далиллар бор. Тожикистонлик жангари Абу Довуднинг (Парвиз Саидраҳмонов) “Исломий Давлат”га тегишли “медиа маркази”да олинган сурати бунга мисол бўла олади.

Рус тилида сўзлашувчи “Исломий Давлат” жангариларининг ВКонтакте ва Одноклассники каби тармоқларда осонликча кўриш мумкин бўлган, одатда ҳаммага очиқ бўлган ҳисоблари бор. Жангарилар бу тармоқларда тарғибот қилади ва бошдан кечирганлари ҳақида ёзиб боради.

XS
SM
MD
LG