Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:40

АҚШ элчихонаси Бишкекнинг норозилик нотасига жавоб қайтарди


Азимжон Асқаровни қамоқдан озод қилиш учун ҳуқуқ фаоллари 5 йилдан бери курашиб келмоқда.
Азимжон Асқаровни қамоқдан озод қилиш учун ҳуқуқ фаоллари 5 йилдан бери курашиб келмоқда.

АҚШнинг ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячиси мукофотини бериш қарорига жавобан Қирғизистон ҳукуматининг Бишкек билан Вашингтон ўртасида 22 йил аввал имзоланган ҳукуматлараро ҳамкорлик келишувни бир томонлама равишда бекор қилиш таҳдидига Қўшма Штатлар элчихонаси 18 июль куни жавоб қайтарди.

17 июль куни Қирғизистон ҳукумати умрбод қамоққа ҳукм этилган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни Қўшма Штатлар Давлат департаментининг нуфузли мукофоти билан тақдирланишига норозилик билдириб, Бишкекдаги АҚШ элчисига нота топширган эди.

Норозилик нотасида Қирғизистон фуқароси Азимжон Асқаров “этник низони келтириб чиқарганлик, оммавий тартибсизликларни уюштирганлик ҳамда ҳуқуқ-тартибот ходимини вахшиёна ўлдирганлик”да айбдор деб топилиб, умрбод қамоққа маҳкум этилгани таъкидланган.

Нотада, шунингдек, Азимжон Асқаровга нуфузли халқаро мукофотнинг топширилиши муносабати билан Қирғизистон ҳукумати Қўшма Штатлар билан 1993 йил 19 майда имзоланган ҳамкорлик келишувини бекор қилиш ниятини ҳам билдирган.

Мазкур нотага АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси 18 июль куни жавоб қайтарди. Жавобда Қўшма Штатлар Бишкекнинг 1993 йилги шартномани бекор қилиши Қирғизистонда маориф, иқтисод, хавфсизлик ва демократияни ривожлантириш каби бир қатор соҳаларга қаттиқ зарба бериши ва бундан фақат Қирғизистон халқига жабр бўлиши таъкидланади.

Жавоб хатида Азимжон Асқаров масаласида мана булар айтилган: “Асқаров ташкилот тузиб, милиция фаолиятини таҳлил қилган, уларнинг ноқонуний ҳаракатларини аниқлаган. Бунинг ортидан бир қатор амалдорларга айблов билдирилган. Асқаров 2010 йил июлида содир этилган миллатлараро низо пайтида қотилликлар ва ваҳшийликларни ҳужжатлаштирган. Шундан кейин уни воқеаларга алоқадорликда айблаб қамоққа олишган. Унинг ишини ўрганиш давомида судларда процессуал қонунлар бузилган ва қийноқлар қўлланилган”.

Бишкеклик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова эса Азимжон Асқаров 2010 йилда мамалкатни бошқарган муваққат ҳукумат аъзоларига тегишли сирларни билгани учун ҳам соҳталаштирилган айблов билан умрбод қамалган, деб ҳисоблайди:

- Азимжон Асқаров муваққат ҳукумат аъзоларининг фарзандлари аралашган жиноятларни, улар томонидан қурол қўлланиб оддий одамларни ўлдириш, уйларни вайрон этиш каби жиноятларни фош этиб қўймаслиги учун қамоқда сақланмоқда. Мен ўйлайманки, АҚШ Давлат департаменти мукофотни лойиқ кишига берди, бироқ бу мукофот кечикиб берилмоқда. Қирғизистон ҳукуматининг бунга муносабатини эса асабий тутқаноқ сифатида қабул қилиш мумкин, - деди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистонлик таниқли жамоат арбоби Эдил Байсалов "Азимжон Асқаровнинг мукофотланиши кейинги йилларда Россия пинжига кўпроқ суқилишга интилаётган Қирғизистон ҳукумати учун шунчаки бир баҳона бўлди", деб ҳисоблайди.

- Азимжон Асқаров баҳонасида ҳукумат анчадан бери режалаштириб келган ишини амалга оширмоқчи. Бу қадамни кўприкка ўт қўйиш сифатида баҳолаш мумкин, -деди Эдил Байсалов.

Айни пайтда Қирғизистон сиёсий доираларида ва жамиятида Асқаровнинг иши сохталаштирилганига ва унинг қийноқларга солинганига ишонмайдиган шахслар ҳам бор. Уларнинг айтишича, судларда Асқаровнинг айби тўла исботланган ва у жиноятчи сифатида ўз жазосини олиши керак.

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров 2010 йил 15 сентябрида Қирғизистон суди тарафидан Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонишларини айтиб келишади. Унинг ҳамкасблари ва халқаро ташкилотлар Асқаровнинг айбсиз эканига амин бўлган ҳолда, қарийб беш йилдан буён ҳуқуқ фаолининг озод қилиниши учун ҳаракат қилиб келади.

XS
SM
MD
LG