Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:22

“СамАвто” ходими иш вақтида намоз ўқигани учун ишдан ҳайдалди


Самарқанддаги “СамАвто” автомобиль заводининг омборхонаси бошлиғи иш вақтида намоз ўқигани учун ишдан ҳайдалди. Озодлик манбаларига кўра, ушбу заводнинг яна беш нафар ишчисига айни сабаб билан хайфсан берилиб, иш вақтида намоз ўқишса ишидан айрилишлари ҳақида огоҳлантирилган.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган завод ходимига кўра, “СамАвто”да яқинда ўтган мажлисда завод ҳудудида намоз ўқишни тақиқлаш ва бунга бўйсунмаганларга жиддий чора кўрилиши айтилган ички кўрсатма ўқиб эшиттирилган:

- Кўп йиллардан бери ишлаб келаётган намозхон завскладимиз бор эди. Иш вақтида намоз ўқидинг, деб яқинда бўшативоришди. Шу воқеадан сўнг мажлисда ҳаммага айтишди, мумкин эмас намоз ўқиш, деб. Ўқисаларинг ишдан кетасизлар, деб огоҳлантиришди. Ҳозир нима қилишни ҳам билмай қолдик, - дейди завод ходими.

Сўнгги пайтларда Озодлик таҳририятига давлат ташкилотлари ва жамоат жойларида намоз ўқимаслик, ишни ташлаб жума намозига бормаслик ҳақидаги тавсиялар берилаётгани хусусидаги хабарлар бир-биридан мустақил манбалардан тез-тез келиб турибди.

“СамАвто” автомобиль заводининг ходими аксар аҳолиси мусулмон бўлган Ўзбекистон шароитида бундай тақиқ мутлақо мантиқсиз деб билишини айтади:

- Бизда намозхон кўп. Ўзбекмиз, мусулмон бўлганимиздан кейин намоз ўқиймиз-да. Бир хил ходимлар цехда ўқийди жойини тозалаб, иш жойида ўқийди бир хили. Ишидан бўшатилган завсклад ҳам омборхонада жой қилиб олган эди. Хуллас ҳамма ўзига намоз ўқийдиган шароит қилиб қўйган эди-да. Кўриб қолишиб, дарров складчимизни ҳайдашди, қолганларга ҳайфсан берилди. Ҳозир завод ҳудудида намоз ўқиш тақиқлаб қўйилди, - дейди “СамАвто” автомобиль заводининг ходими.

“СамАвто” автомобиль заводи раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда завод ҳудудида намоз ўқишга тақиқ жорий этилгани ва шу тақиқни бузганлар ишдан ҳайдалишини тасдиқлади:

- Яқинда заводда инспекция ўтказдик ва намоз ўқиладиган жойларни ликвидация қилдик. Туалетлар ва бошқа жойларда бакалашкаларни йўқ қилдик. Намоз ўқиб, бакалашкалар ташлаб кетилиши холатлари аниқланди. Бу завод бу, намоз ўқийдиган жой эмас. Заводда иш қилинади. Намозни бошқа жойда ўқишлари мумкин, завод ҳудудида эмас. Нафақат намоз, ишлаб чиқилган ички тартиб доирасида завод ҳудудида сигарет чекишни ҳам тақиқладик. Завод ходимларига бу ҳақда айтилди ва улардан ҳеч қанақа эътироз бўлмади, - деди “СамАвто” автомобиль заводининг исмини айтмаган раҳбарларидан бири.

Мулозим бу тартибга бўйсунмаган ходимлардан бири ишдан бўшатилганини ҳам қўшимча қилди.

Айни пайтда завод ходимларининг эътирози бор. Уларга кўра, ишчиларга ташқарига чиқиб намоз ўқишга ҳам рухсат берилмаяпти:

- Жума куни ҳам намозга чиқиб келишга рухсат йўқ. Ҳозир кўпчилик қийин вазиятда қолди. Ҳаммага ҳам иш керак, ойлик керак. Ойлик яхши. Бир ярим икки миллион сўм ойлик беради. Ё намозни танлаш керак ё ишни танлаш керак бўлиб қолди-да, - дейди автомобиль заводи ходими.

Намоз ўқишга тақиқ биргина Самарқанддаги автомобиль заводида жорий этилгани йўқ. Кейинги вақтларда давлат ташкилотлари, айниқса, банк, телевидение, ҳокимиятлар ва турли давлат идораларида намоз ўқиш ёзилмаган қонун асосида тақиқланлани ҳақида Озодлик аввал хабар берган.

Самарқанддаги автомобиль заводи автобуслар, юк ташиш ва махсус автомобиллар ишлаб чиқаради.

1999 йилнинг март ойидан иш бошлаган заводда мингдан зиёд ишчи ишлайди. Завод йилига икки минг дона автобус ва минг дона юк машинаси ишлаб чиқаради.

XS
SM
MD
LG