Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:40

Асака заводи ишчиларига бир неча ойдан буён маош берилмаяпти


Андижондаги GM Uzbekistan автомобиль заводи ишчилари 4 ойдан буён маош ололмаётгани ҳақида Озодликка шикоят келди. Ўзбекистон автомобилларининг Россиядаги бозори касод бўлиши ортидан завод ишчилари ҳафтада 3 кун ишлаб, 4 кун дам олмоқдалар. Ўзбекистон мустақиллигининг рамзига айланган завод маъмурияти вазият юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.​

"Ишчилар ярим иш, ярим татил режимида"

Исмини ошкор қилмаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка боғланган манба корхона ишчилари тўртинчи ойдирки маошини ололмаётганидан шикоят қилди:

"Қарийб ишчиларнинг ҳаммаси маошини олмаяпти. Маошни беришмаётганига сабаб, Асакада чиққан машиналарнинг Россияда сотилмаётгани бўляпти. Заводга пул тушмаяпти. Ишчилар ҳафтанинг 3 кунида ишлаяпти, холос. 4 кунида дам олишяпти", дейди манба.

Ўзи ҳам муқаддам шу заводда ишлагани, ҳозирга келиб ишдан бўшатилганини айтган манба ишчиларнинг маошсизликдан қийналгани, аммо ишдан қуруқ қолишидан қўрқиб, шикоят қилишмаётганини айтади.

Ўтган ойларда Ўзбекистондан Россияга автомобил экспорти деярли 60 фоизга қисқариб кетди.

Корхонанинг шахсига оид маълумотлар сир сақланашини сўраган бир неча ишчиси ўтган ойда ҳам Озодликка боғланган ва икки ойлик маошини ололмаётганидан арз қилган эди.

Қўшма корхона ходимларидан яна бирининг Озодликка маълум қилишича, охирги тўрт ой ичида завод жами икки ҳафтага беркитилган, ишчи ва хизматчилар “ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига” чиқарилган.

Озодлик ишчилардан келган шикоятларга GM Uzbekistan маъмуриятидан ҳозирча бирор изоҳ ололмади.

Россияга экспорт сустлашди

GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобиллар экспортининг 90 фоиздан кўпроғи Россия ҳиссасига тўғри келади.

Шу ой бошида Европа бизнеси уюшмаси автомобиль ишлаб чиқарувчилари қўмитаси Россияда жорий йилнинг дастлабки беш ойи давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 8 минг 622 автомобил сотилганини эълон қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58,7 фоиз камроқдир.

Асака заводи ишчиларига бир неча ойдан буён маош берилмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:24 0:00
Бевосита линк

Савдонинг сустлашиши ортидан корхонанинг Россия автомобиль бозоридаги улуши ҳам қисқармоқда.

Ўтган йилнинг январь-май давридаги GM Uzbekistan ширкатининг 2 фоизлик улуши жорий йилда 1,3 фоизгача тушиб кетган.

Автомобиллар нархи тушди

Экспортнинг қисқариши баробарида Ўзбекистон ички бозорида автомобилларга таклиф талабга нисбатан ошиб бормоқда.

Тошкентаги энг йирик “Сирғали” машина бозорида савдо қилувчилардан бирининг Озодликка маълум қилишича, минилган автомобиллар нархи ҳам русуми ва ишлаб чиқарилган йилига қараб 20 фоиздан 30 фоизгача арзонлаган.

Яхши Laсetti машинасини ўтган йил 15 минг долларга сотиб олиш мумкин эди. Ҳозир эса худди шундай машиналар 10 минг долларга сотувда турибди. Лекин харидор йўқ. Менинг ўзим ўтган йил декабрида Каптивамни 24 минг долларга сотмаган эдим. Ҳозир, жуда борса, 19 минг долларга сотаман. Агар омадим кулса. Лекин, машинамнинг реал нархи 17-18 минг доллар" - дейди машинафурушлардан бири.

Daewoo ортидан General Motors

Асакадаги автомобил заводи 1996 йилда ташкил этилган. Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати ва Жанубий Кореянинг Daewoo Motor ширкати билан тенг шерикчилик асосида автомобил ишлаб чиқарадиган UzDaewooAuto қўшма корхонасини таъсис этган.

2005 йилда Ўзбекистон ҳукумати Daewoo акцияларининг 50 фоизини сотиб олди ва 2007 йилга келиб Ўзавтосаноат ҳамда АҚШнинг General Motors ширкатлари UzDaewooAuto ўрнида GM Uzbekistan қўшма корхонасини ташкил этиш ҳақида шартнома имзолади. GM қўшма корхонанинг 25 фоиз акциясига эгалик қилади.

General Motors Асакадаги заводни номинал баҳо - 10 долларга сотиб олган.

GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган Chevrolet автомобиллари Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Молдова, Украина, Беларус, Грузия, Арманистон, Туркманистон ва Афғонистонда сотилади.

XS
SM
MD
LG