Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида маданий-гуманитар соҳалар бўйича ўринбосар лавозими таъсис қилинди.
Озодликнинг Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги манбасига кўра, сешанба куни бу янги лавозимга давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келган Баҳодир Ходиев тайинланган.
Бу тайинлов тўғрисида расмий матбуотда ҳозирча билдирилмади.
Озодлик манбасининг айтишича¸ бу лавозим учун аввалига икки номзод бўлган:
- Олдин Бош вазирнинг маданий-гуманитар соҳалар бўйича ўринбосари йўқ эди. Бундай лавозим таъсис этилгани ҳақида душанба куни маълум бўлди. Душанба куни Вазирлар маҳкамасидаги мажлис бу янги лавозимга икки номзоддан бирини танлаш масаласини кўрди. Номзодлардан бири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси¸ Ўзбекистон халқ шоири, 48 яшар Иқбол Мирзо (Иқболжон Мирзалиев) эди. Яна бир номзод эса, Баҳодир Юнусович Ходиевдир. У киши қатағон қилинган шоир Ботунинг набираси. Нархозда (институт - таҳр.) ректор¸ кейин эса Олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлган. Охирги йилларда Ўзбекистон президентининг фан ва таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаëтган эди. Сешанба куни бу иккки номзод борасида бир фикрга келинмади. Лекин чоршанба куни Баҳодир Юнусович вице-премьер бўлиб тасдиқдан ўтди. Маданият ва шоу-бизнес назорати бу кишининг қўлида жамланади энди¸ деди Озодликниннг Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги манбаси.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси профессори исмини айтмаслигимиз шарти билан янги тайнланган вазир ўринбосарига таъриф берди:
- Тасодифми, йўқми – билмадим, ҳар ҳолда Ходиев Таълим вазири бўлган даврида ўқув юртлари учун замонавий муҳташам бинолар қурилди. Фанлар структурасида ўзгаришлар, модернизация амалга оширилди. Яхши ишласаям, ишламасаям фаолияти ҳукуматнинг, Президентнинг олий таълим соҳасидаги ислоҳотлари даврига тўғри келиб қолди. Ходиев академиямизда 10 кун ўқиган ва ўзи тўғрисида ёмон фикр қолдирмаган, деди профессор.
Шундай қилиб, Бош вазир ўринбосарлари сони яна етти нафарга етди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йилги қарорига кўра, Бош вазир ўринбосарлари сони еттидан олтига қисқартирилиб, Ташқи ишлар вазири Бош вазир ўринбосари лавозимидан олиб ташланган эди.
Маданиятни “бошқариш” эхтиëжидан туғилган лавозим
Озодлик манбасига кўра, кейинги пайтларда Ўзбекистонда “Маданиятни ким бошқаради” деган савол пайдо бўлган:
- Албатта, бу соҳани Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири бошқаради, деган жавоб бор. Аммо қўшиқчиликни ҳам маданиятнинг бир қирраси, деб олсак бу соҳани “Ўзбекнаво” назорат қилади. Кино эса “Ўзбеккино” назоратида. Буларнинг устидан қараш Президент давлат маслаҳачиси Ҳайриддин Султоновга юкланган эди. Аммо кейинги пайтда яна икки киши бу соҳа бўйича дангал гапира бошлади. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова қўшиқчиларни “Робинзон” деб атади¸ Сенатор Иқбол Мирзо эса радио ва телевидениеда совет даврида амал қилган "бадиий кенгаш"ларни қайта тиклаш ҳақида чақириқ билан чиқди. Ўз-ўзидан Бош вазир ўрибосари лавоими рутбасидаги қаттиққўл ва қудратли бошлиққа эхтиëж туғилди. Бўлажак раҳбар Боситхонова каби тилига эрк бермайдиган ва Иқбол Мирзо каби “советпарвар” бўлмаслиги керак эди. Шу боис оғир-босиқ Баҳодир Юнусович (Ходиев) маданият ишлари бўйича вице-премьер қилиб тайинланди¸ дейди Озодлик манбаси.
Шуни қайд этиш керакки, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда маданият масалалари бўйича “танқидий фикр айтиш” Ўзбекистоннинг ўрта бўғин раҳбарлари ўртасида урф бўлган эди.
Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али жорий ойда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида клип суратга олинишини қоралаб чиқди.
Бундан олдин Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова айрим хонандаларнинг "миллийликка ёт" кийиниш услуби ҳамда "беҳаё ва беандиша" клипларини танқид қилган эди.
Тошкентда ўтган маданият ва санъат арбоблари билан учрашув чоғида. Бош вазирнинг хотин – қизлар масалалари бўйича ўринбосари "Маънавиятимизни, ёшларимиз тарбиясини соат сайин бой бериб қўймаяпмизми?" - дея хитоб қилган эди.
Кейинги икки ой ичида Сенатор ва депутатлар ҳам иштирок этган ўнлаб мажлисларда “Мазмунсиз кинолар¸қўшиқчиларнинг кийиниш ва юриш-туриши” муҳокама қилинди.