Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:37

Ўзбекистонда телефон орқали фол очадиганлар пайдо бўлди


Халқ табобати академияси маълумотига кўра, бигина Тошкент шағрида 800дан ортиқ сохта фолбин ва табиб бор.
Халқ табобати академияси маълумотига кўра, бигина Тошкент шағрида 800дан ортиқ сохта фолбин ва табиб бор.

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида истиқомат қилувчи Тўлғаной исмли аёл телефон орқали фол очяпти. Мижоз ўзига фол очдириш учун пайнет орқали фолбиннинг телефон ҳисоб рақамига 7 минг сўм ўтказиши ва исми билан туғилган йилини айтиши сўралади холос. Фолбин телефон орқали фол очаётганини Озодликка тасдиқлар экан, бунинг сир-асрорини очиқламади.

Қорақалпоғистоннинг Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа туманларида телефон орқали одамларга фол очадиган Тўлғаной исмли фолбиннинг пайдо бўлгани ҳақидаги хабарни Озодликнинг тўрткўллик манбаси ёзди:

“Берунийда бир аёл бор. Телефонда гаплашиб туриб фол очяпти. 7 минг сўм телефонига ўтказсангиз, сизни нималар кутаётганини айтиб беради экан”, деб ёзди берунийлик манба.

Тўрткўл туманидаги бошқа манба эса, фолбин билан телефонда ўтказган суҳбатининг аудиоёзувини Озодликка тақдим этди:

Мижоз: Тўлғаной опа, сизни эшитиб қолгандим, телефонда фол очасиз экан. Менга ҳам очасизми?

Фолбин: Ҳа, ҳар куни кечки пайт соат 7дан 9гача телефон орқали фол кўраман.

Мижоз: Ундан олдин иложи йўқми?

Фолбин: Йўқ, ундан олдин Султон бовода бўламан, ёнимда одам бўлади, имкониятим бўлмайди. Ўзи шу 7дан 9гача телефонга вақт ажратишга имконим бўляпти, холос.

Мижоз: Мендан нима талаб қилинади?

Фолбин: Сиз олдиндан пайнет қилдирасиз, 7 минг сўм мени телефонимга ташлайсиз.

Мижоз: Майли, пул ҳам ташладим дейлик. Сиз мени кўрмасдан туриб қандай фол очасиз?

Фолбин: Мен исмингизни ва туғилган йилингизни сўрайман, бўлди. Шунга қараб кўравераман, дейди фолбин.

Фолбиннинг мижозга айтишича, нафақат қорақалпоғистонликлар, балки хориж давлатларида юрган ўзбекистонликлар ҳам унга қўнғироқ қилиб, фол очтиришган.

Озодликка ўзини Тўлғаной деб таништирган фолбин аёл билан боғланди. У телефон орқали одамларга фол очаётганини тасдиқлар экан, бу қандай қилиб узоқ масофадан туриб, умрида учратмаган одамга фол очиши ва умуман ўз хунарига доир бошқа сир-асрорларни очиқлашдан бош тортди:

- Мен 11 ёшимдан бошлаб фол очаман. Ҳозир элликдан ошдим. Беруний туманида яшайман. Лекин бу борада шов-шув бўлишини истамайман. Узр, узр, ҳозир мен меҳмондаман, бошқа саволларингизга жавоб беролмайман, деб суҳбатни қисқа қилди фолбин.

Ўзбекистон Халқ табобати академияси раиси Муҳаммаджон Ҳамроевнинг айтишича, фирибгар фолбинлар айни пайтда фан-техника тараққиёти воситаларидан ўз мақсадлари йўлида кенг фойдаланишга ўтмоқда:

- Қўл телефони пайдо бўлганидан сўнг фирибгар фолбинлар бундан ҳам фойдаланадиган бўлишди. Телефон орқали фол очиш деган гапнинг ўзида мантиқ йўғу, лекин бунақалар ҳозир жуда кўпайган. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 800 нафардан зиёд фирибгар фолбин ва сохта табиб бор. Бизнинг содда қалбли халқимиз эса уларнинг алдовларига пақ этиб тушиб қоляпти. Аслида ўзини мусулмон санаган одам фолга ишонмаслиги керак, дейди Муҳаммаджон Ҳамроев.

Ўтган йилнинг июль ойида Тошкент вилоятининг Келес шаҳридаги фолбинлардан бири кўзига сирли махлуқ кўрингани ҳақидаги гаплари тарқаб кетиб, шаҳарни бир неча кун ваҳима қоплаб босган эди.

XS
SM
MD
LG