Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:43

Андижондаги ҳарбий гарнизонда портлаш юз берди


Андижон шаҳридаги ҳарбий горнизонда 1 августда бир неча портлаш, унинг ортидан эса ёнғин бўлгани хабар қилинмоқда. Мустақил манбалар иддаосича, горнизонда қурол-яроғ портлаган ва аскарлар эвакуация қилинган. Аммо, расмий манбалар ҳарбий қисмда машғулот ўтказилди, деб хабар қилмоқда.

"Ҳарбий қисмда қурол-яроғ заҳираси портлади"

Озодликка ижтимоий тармоқлардан келаётган хабарларга кўра, 1 август куни Андижон шаҳрининг Боғишамол мавзеига яқин ҳудудда жойлашган ҳарбий қисмда бир неча кучли портлаш овози эшитилган ва бунинг ортидан ёнғин бўлган.

"5-20 сония оралиғида 7-8 маротаба портлаш овозлари эшитилган. Айниқса, 4-5-портлаш овозлари жуда кучли бўлган. Бир ярим соатдан сўнг гарнизон томонга вертолёт учиб ўтган. Тарқалган овозларга кўра, ҳарбий қисмда бепарволик ёки ўта иссиқ ҳаво ҳарорати боис, қурол-яроғ заҳираси портлаб кетган", деб ёзди Озодлик манбаси.

Шаҳарлик оддий аҳоли вакилларининг ёзишича, 20 дан ортиқ аскар жароҳатлангани ва шаҳар шифохонасига ётқизилгани ҳақида ҳам овозалар урчиган.

"Ҳақиқатга яқинлаштирилган машғулот ўтказилди"

12news.uz нашри 1 август куни ҳарбий қисмда бир неча кучли портлаш бўлганига оид овозаларни тасдиқловчи хабар тарқатди.

2 август куни пайдо бўлган расмий хабарда айтилишича, Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, МХХ ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида шанба куни Андижон шаҳридаги 45605-сонли ҳарбий қисмда аксил-террор ҳарбий машғулоти ўтказилган.

Машғулот давомида, гўёки, террорчилар гуруҳи ҳарбий қисмнинг бир қисмини ишғол қилган ва ҳарбийлар замонавий қурол-яроғлар воситасида уни озод қилган. Шунингдек, портлаш ва ёнғин ўчоғига яқин ҳудудлардаги аҳолини эвакуация қилиш тактикаси ҳам синовдан ўтказилган.

Муҳими, расмий хабарда машғулотлар бу гал "ҳақиқатга яқин шароитларга мослаштирилган ҳолда ўтказилгани" алоҳида таъкидланди.

Муқаддам ҳарбий амалиётларга доир расмий хабарларда бундай таъкид кузатилмаган.

"Портлаш бўлди, одамлар сабабидан бехабар"

Озодлик норасмий манбаларнинг ҳарбий қисмда қурол-яроғ портлаганига оид, расмий нашрнинг эса ҳарбий машғулот ўтказилганига оид зиддиятли хабарларига аниқлик киритишга уринди.

2 август куни Озодлик боғланган андижонлик манбалар шанба куни ҳарбий қисмдан портлаш овозлари эшитилгани, бунинг кенг кўламли ҳарбий машғулот эканидан бехабарлиги, унга тайёргарлик ёки машғулот арафасида ҳарбий қисм теграсида бунга ишорат берувчи ҳаракатларни ҳам кузатмаганини айтмоқда.

Жумладан, Озодлик сўрови билан бу маълумотларга аниқлик киритишга уринган андижонлик бир манба бундай маълумот берди:

"Боғишамолдан чиқаверишдаги Янги Ўш кечасида катта ҳарбий қисм бор эди. Ўша ерда озгина портлаш бўлиб, ўт кетибди. У ерда турма ҳам бор. Солдатларни кўчиришибди. Атрофида домлар бор экан, домларга ҳам ўт илашибди, дейишяпти. Лекин, солдатлар яралангани ё касалхонага олиб кетилгани ҳақида аниқ гап билмайди ҳеч ким. Ўзи аниқ маълумотнинг ўзи йўқ", деди исми сир қолишини истаган андижонлик манба.

2 август куни куни шаҳарни кезиб чиққани, ҳарбий қисм теварагини ҳам кўздан кечирганини айтган андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов эса 1 август куни шаҳарда бундай амалиёт бўлганидан бехабарлиги, 2 август куни шаҳар "сув қуйгандай жим-жит" эканига гувоҳ бўлганини таъкидлади.

Андижон шаҳар ва вилоят шифохоналари қабулхоналаридан эса 1 ва 2 август кунлари жароҳатланган аскарлар келтирилмагани ҳақида маълумот олинди.

"Андижон эҳтимолий беқарорлик ўчоғи"

Озодлик Андижон шаҳар ҳокимлиги, Андижон шаҳар ва вилоят Мудофаа бошқармасига ҳам боғланди. Шаҳар ҳокимлигининг микрофонсиз гаплашган ходими "тез-тез машғулотлар ўказиб турилиши", аммо 1 август куни бундай машғулот ўтказилганидан бехабарлигини билдирди.

Андижон шаҳар ва вилоят Мудофаа бошқармаси вакиллари ҳам шаҳарда ҳарбий машғулот ўтказилганидан бехабарлигини айтди. Бироқ, Андижон ҳуқуқ-тартибот идоралари яқин манба, 1 август куни шаҳарда ҳарбий машғулот ўтказилганига ишорат қилди ва бунинг сабабини: "Ҳукумат Фарғона водийсини эҳтимолий беқарорликлар ўчоғи, деб билади ва шунинг учун бунинг олдини олишга ҳаракат қилади", деб изоҳлади.

Дарвоқе, шу йилнинг 15 майида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ҳам БТРлар воситасида ҳарбий амалиёт ўтказилган ва аҳоли ўртасида ваҳима тарқалган эди. Туман мутасаддилари эса буни Андижон воқеаларининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилган ҳарбий машғулот, деб изоҳлаганлар.

"Нега халққа хабар бермайдилар?"

Андижондаги ҳарбий қисмда ҳам "ҳақиқатга яқин шароитга мослаштирилган ҳолда" ҳарбий машғулот ўтказилдими ёки, Озодлик манбалари ишонгани каби, бепарволик ёхуд ўта иссиқ об-ҳаво боис, қурол-яроғ портлаб кетдими, деган савол жавоби очиқ қолмоқда.

Озодлик суҳбатлашган андижонлик манбалар: "Агар ҳарбий қисмда бунчалик ваҳимали машғулот ўтказилган бўлса, нега унинг атрофидаги одамлар эҳтиёт чораси ўлароқ ёки ортиқча ваҳима кўтарилмаслиги учун огоҳлантирилмаган?" деган саволни ҳам тилга олдилар.

Айни пайтда, Озодлик бу борадаги қўшимча маълумотларни ўрганишга уринмоқда. Янгиликларни Озодликда кузатинг!

XS
SM
MD
LG