Линклар

Шошилинч хабар
15 феврал 2025, Тошкент вақти: 23:21

Халқаро хабарлар

Эрон президенти Ғарб билан келишувни тарихий воқеа, деб таъкидлади

Президент Ҳасан Руҳоний дунёнинг қудратли давлатлари билан Теҳрон ядровий дастури бўйича бир битимга келишиш Эрон учун тарихий воқеа эканини яна бир карра таъкидлади.

Ўтган ойда имзоланган келишувда ядровий дастурни қисқартириш эвазига Эронга нисбатан Ғарб жорий қилган санкцияларни бекор қилишга келишилди.

2 август куни жонли телевидение орқали халқига юзланган Руҳоний энг бошидан бери бундай келишувга эришиш мумкинлигига ишончи комил бўлганини таъкидлади.

Эрондаги расмий IRNA ахборот агентлиги берган хабарга кўра, Руҳоний "ҳеч қачон тушкунликка тушмагани" ва "ғалабага эришиш мумкинлигига бир сония бўлсин, шубҳа қилмагани"ни таъкидлаган.

Эрон президенти таъкидича, дунёнинг 6 қудратли давлати - АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция, Германия ва Эрон ўртасидаги музокараларда эришилган муваффақиятнинг бош омили қарама-қаршилик ўрнига муттасил мулоқот йўлидан борилганидир.

Айни пайтда, у бу мулоқот натижаси, танқидларда айтилгани каби, Теҳроннинг "барча ҳарбий сирлари фош этилиши" ва оқибатда, унинг Ғарбга "таслим бўлишига олиб бормаслиги"ни ҳам алоҳида таъкидлаган.

Кун янгиликлари

Мюнхенда хавфсизлик бўйича 61-конференция иш бошламоқда

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс (ч) Мюнхенда Украина президенти Владимир Зеленский (ў) билан учрашиши кутилмоқда.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс (ч) Мюнхенда Украина президенти Владимир Зеленский (ў) билан учрашиши кутилмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский ўз мамлакатидаги уруш якуни истиқболлари билан боғлиқ вазиятни Европа лидерлари билан 14 февраль куни Мюнхенда (Германия) очиладиган хавфсизлик бўйича конференцияда муҳокама қилмоқчи.

Аввалроқ 13 февраль куни Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Украина можарони ҳал қилиш бўйича музокараларда иштирок этиши, бироқ бу музокараларда Москванинг асосий “визави”си Вашингтон бўлиб қолишини билдирган эди

Конференциянинг илк кунида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашади. Уларнинг иккиси ҳам жума куни анжуманда нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси Германиянинг Мюнхен шаҳрида 1963 йил февралидан буён ўтказиб келинаётган йиллик халқаро анжуман бўлиб ҳисобланади. Унда дипломатлар, сиёсатчилар ва ҳарбийлар тинчликни сақлаш масалаларини муҳокама қилиб келишади. Мюнхен конференцияси халқаро хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун дунёдаги энг йирик форум бўлиб ҳисобланади.

Молдова расмийлари “Рус уйи”ни ёпишга қарор қилишди

Россиянинг Молдовадаги элчихонаси биноси (архив сурати)
Россиянинг Молдовадаги элчихонаси биноси (архив сурати)

Молдовада мамлакат расмийлари қарорига кўра Россия илмий ва маданий маркази (“Рус уйи”) ёпиладиган бўлди. Бу ҳақда 13 февраль куни маълумот тарқатган Молдова Ташқи ишлар вазирлигига кўра, мазкур қарор Россиянинг ҳужумчи дронлари мамлакат ҳаво ҳудудини бузгани муносабати билан қабул қилинган.

Молдова ТИВ 1998 йили Россия билан тузилган маданий марказлар ташкил қилиш ва улар фаолияти тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувни бир томонлама денонсация қилиш ҳақида қарор қабул қилган.

“Шартномани бекор қилиш жараёни якунланганидан кейин Россия маданий маркази мамлакатимизда ўз фаолиятини тўхтатади”, дейилган вазирлик сайтида ёйинланган хабарномада.

Аввалроқ Молдова президенти Майя Санду Россия дронларининг Одесса вилоятига (Украина) ҳужуми чоғида иккита дрон Молдова ҳудудига учиб киргани ва иддаога кўра, ўша ерда портлагани ҳақида маълум қилган. Дронлар портлашидан ҳеч ким зарар кўрган эмас.

Ҳодиса ортидан Россия элчиси Олег Озеров зудлик билан Молдова ТИВга чақирилган.

Учрашув чоғида Молдова томони қабул қилиб бўлмас бу ҳуқуқбузарликлар юзасидан қатъий норозилик изҳор қилиб, бу каби нохуш ҳодисалар Молдова Республикаси миллий хавфсизлиги ва фуқаролари учун жиддий таҳдид туғдиришини урғулади. Россиялик дипломатга бу каби хатти-ҳаракатлар миллий суверенитетни бузиш экани ва Россия Федерация томонидан галдаги дўстона бўлмаган ҳаракат бўлиб ҳисобланиши маълум қилинган”, дея қайд этилган ТИВ хабарномасида.

Маълумотларга кўра, Россия элчисига портлаган дрон парчалари кўрсатилган. Москва Молдова томони қарори юзасидан ҳали муносабат билдирганича йўқ.

Аввалроқ Озодлик Бокуда “Рус уйи” ёпилиши ҳақида хабар қилган эди. Озарбайжон расмийлари Россотрудничество ваколатхонасига юридик эътирозлар борлигини билдиришган.

Боку билан Москва ўртасидаги муносабатлар 2024 йил декабрида Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида Azerbaijan Airlines авиаширкати учоғи ҳалокатга учрагани ортида ёмонлашиб кетган. Озарбайжон расмийлари мазкур учоқ Россия ҳаводан мудофаа тизими тарафидан атайлаб ўққа тутилганини иддао қилиб, ҳодиса учун масъулиятни Россия томонига юклашмоқда.

ЕИ ва Украина тинчлик музокараларида иштирок этишлари лозимлигини билдиришди

Украина, Франция, Буюк Британия, Испания, Италия, Польша, Германия ташқи ишлар вазирлари ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси ( “Веймар+” гуруҳи) Париждаги учрашув якунларига кўра Россиянинг Украинага қарши уруши тўхтатилишига оид муҳтамал бўлажак музокараларда ҳам Украина, ҳам ЕИ вакиллари иштирок этиши лозимлигини ёқлаб чиқишди.

Вазирлар “Украина ва унинг Европадаги иттифоқчилари манфаатларини кафолатлаши” лозим бўлган “адолатли, кенг қамровли ва барқарор тинчлик”ка эришилиши тарафдори эканларини билдиришган. Ҳужжатда, шунингдек, Украинани дастаклашни давом эттириш ҳамда унга хавфсизлик кафолати берилишига тайёрлик билдирилган. Баёнотда тинчликка эришиш йўлларини америкалик иттифоқчилар билан муҳокама қилишга ҳозирлик ҳам қайд этилган.

Баёнот АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан, кейин эса Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилгани маълум бўлганидан бир неча соат ўтиб ёйинланган. Трампнинг билдиришича, Путин билан сўзлашув чоғида томонлар “тегишли командаларимиз [Россиянинг Украина билан ҳарбий можаросини ҳал қилиш бўйича] зудлик билан музокаралар бошлашлари ҳақида” келишиб олган. АҚШ президенти иддаосича, у Украина бўйича музокара жараёнига етакчилик қилишни Давлат котиби Марко Рубио, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтц ва махсус элчи Стив Уиткоффга топширган.

Трампнинг баёнотида ЕИ мамлакатлари музокара иштирокчиси ўлароқ зикр этилган эмас. Музокара командаси иштирокчилари орасида АҚШнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлогг исми ҳам эслатилмаган. Бироқ, АҚШ Давлат департаменти сайтининг маълум қилишича, 13 февраль куни Келлогг Европа сафарига отланган. Келлоггнинг ўзи сафардан мақсад “президент Трампнинг Украинада куч орқали тинчликни таъминлаш ҳамда АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадини олға суриш” бўлиб ҳисобланишини айтган.

Келлогг, хусусан, Мюнхенда ўтаётган хавфсизлик бўйича конференцияда иштирок этиши ҳамда Брюсселдаги НАТО ва ЕИ қароргоҳларига ташриф буюриши кутилмоқда. Маълум қилинишича, у “Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш ва Европада барқарорликни тиклаш учун Қўшма Штатлар билан ишлашга тайёр бўлган” Европадаги иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан учрашишни режаламоқда.

14 февраль куни очиладиган Мюнхень конференциясида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Давлат котиби Марко Рубио ҳам иштирок этишади. Улар ҳам айни пайтда Европада юришибди.

13 февраль куни Брюсселда НАТОга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари мажлис ўтказишган. НАТО бош котиби Марк Рютте аввалроқ Трамп ва Путин суҳбати тинчлик музокаралари бошланганидан далолат бериши мумкинлигини билдирган. У ҳам Украина музокараларнинг тўла ҳуқуқли иштирокчиси бўлиши лозимлигини айтган. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам шу каби таклиф билан чиқиб, “Европада тинчлик хавф остида бўлгани учун” музокараларда Европа ҳам иштирок этиши лозимлигини қайд этган.

Трамп куни кеча журналистлар билан суҳбатда Путин билан ўтказилган суҳбати ҳақида гапира туриб, Украина ўзининг халқаро майдонда тан олинган ҳудудининг ҳаммасини ўз назорати остига ола билишининг эҳтимоли кам эканини билдирган. Айни пайтда у ҳозирда Россия ишғоли остида бўлган ҳудудларнинг бир қисми музокаралар натижасида Украина назорати остига қайтиши мумкинлигини айтган. Аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ҳам Украинанинг 2014 йилгача бўлган чегараларини қайтариб олиш худди Украинанинг НАТОга кириши каби реалистик мақсад бўлиб ҳисобланмаслигини билдирган эди.

Трамп тинчлик музокараларида ЕИ мамлакатлари иштирок этиши мумкинлиги ҳақида бирор гап айтган эмас.

Песков: Россия билан Украина ўртасида ҳудуд алмашуви имконсиз

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “Россия билан Украина ўртасида ҳудудлар алмашуви имконсиз” эканини айтди.

Мулозимга кўра, Россия ўз ҳудудини алмашиш мавзусини ҳеч қачон муҳокама қилмаган ва қилмайди ҳам.

“Ўз-ўзидан маълумки, Украина қўшинлари бу ҳудуддан ҳайдаб чиқарилади. Йўқ қилинмаганларнинг ҳаммаси ҳайдаб солинади”, дея билдирган Песков.

Куни кеча Украина президенти Владимир Зеленский музокаралар ўтказилган тақдирда, Москвага Курск вилоятидаги Украина Қуролли кучлари назорати остида бўлган ҳудудларни Украина ерларига алмаштиришни таклиф қилиши мумкинлигини билдирган эди.

Зеленский Киев Курск вилоятининг бир қисми ўрнига Россия томонидан ишғол этилган ерларнинг қайси қисмини сўрашини ҳозирча билмаслиги қайд этган.

Зеленский Россия билан музокараларга тайёр эканини, бироқ ўз мамлакати кучли позицияда туриб гаплашишини исташини ҳам айтган.

Суриянинг янги раҳбари аш-Шараа Путин билан гаплашди

Аҳмад аш-Шараа
Аҳмад аш-Шараа

Сурия ўтиш даври ҳукумати раҳбари Аҳмад аш-Шараа ва Россия президенти Владимир Путин илк бор телефон орқали мулоқот қилишди.

Кремль вакилларининг маълум қилишларича, Путин Москва гуманитар ёрдам тақдим қилиш дохил Суриядаги ижтимоий-иқтисодий вазият яхшиланишига кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлаган. Томонлар савдо-иқтисодий, таълимий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган.

Аш-Шараа Путин билан суҳбатда мамлакатлар ўртасида “мустаҳкама стратегик муносабат” мавжудлигига эътибор қаратди, дейилган Сурия раҳбари девонхонасининг музокара ортидан тарқатилган баёнотида.

“Аш-Шараа, агар Сурия халқи манфаатларига мос тушадиган бўлса, <...> Сурия ҳамкорлик учун очиқлигини таъкидлади”, дея билдирган Сурия томони.

Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан ҳам танилган Аҳмад аш-Шараа АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари ва Россия дохил кўплаб мамлакатларда тақиқланган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” радикал гуруҳининг лидеридир. Аввал аш-Шараа собиқ президент Башар Асад режими ва уни дастаклаган Россия қўшинларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этган.

Ўтган йилнинг декабрь ойи бошларида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги аксилҳукумат гуруҳлари Асад назорати остидаги қўшинлар мавқеларига ҳужум бошлашган ва пойтахт Дамашқни ўз назоратлари остига олишган. Асад Россияга қочган.

Москва Тартус ва Хмеймимдаги ўз ҳарбий базаларни сақлаб қолишга интилиб, Дамашқдаги янги расмийлар билан музокаралар олиб бормоқда. Айни пайтда Озодликнинг суриштирувчи журналистлари Россия Суриядан ўз ҳарбий мулкларининг каттагина қисмини олиб чиқиб кетиб бўлганини тахмин қилишмоқда.

Январь ойи охирида Сурияда ҳокимият алмашганидан кейин илк бор у ерда Россия ТИВ делегацияси бўлиб қайтган. Reuters агентлиги Сурия ҳукмрон доираларидаги манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда Суриянинг феълан раҳбари бўлган Аҳмад аш-Шараа музокараларда Москвадан Башар Асадни экстрадиция қилишни сўраганини маълум қилган. Бу талаб ҳақида расман ҳеч қанақа баёнот берилган эмас.

Трамп Путин ва Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди

Дональд Трамп
Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп 12 февраль куни эрталаб Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилган. Бу ҳақда Трамп TrueSocial ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Биз Украина, Яқин Шарқ, энергетика, сунъий интеллект, доллар кучи ва бошқа мавзуларни муҳокама қилдик. Биз иккимиз миллатларимизнинг буюк тарихи ҳақида фикр юритдик”, деб ёзган Трамп.

АҚШ лидерига кўра, томонлар ўзаро ташрифлар тўғрисида келишиб олишган.

Шунингдек, биз тегишли командаларимиз [Россиянинг Украина билан ҳарбий можаросини ҳал қилиш бўйича] зудлик билан музокаралар бошлашлари ҳақида келишиб олдик, биз бу ишни бўлиб ўтган суҳбатдан Украина президенти [Владимир] Зеленскийни хабардор қилиш учун унга қўнғироқ қилишдан бошлаймиз ва мен буни ҳозироқ амалга ошираман”, деган Трамп.

АҚШ президенти иддаосича, у Украина бўйича музокара жараёнига етакчилик қилишни Давлат котиби Марко Рубио, Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Уолтц ва махсус элчи Стив Уиткоффга топширган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков президентлар суҳбати қарийб бир ярим соат давом этганини билдирган. Путин Трампнинг Москва ва Вашингтон бирга ишлаши лозимлигига оид тезисини дастаклади, дея урғулаган Песков.

Кремль вакилига кўра, Путин Трампнинг ҳарбий можаро узоқ муддат ичида ҳал бўлишига музокаралар йўли билан эришиш мумкинлигига оид фикрига қўшилган.

Шундан сўнг Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийга қўнғироқ қилган. Мазкур суҳбат бир соатча давом этган.

Ҳозиргина Украина президенти Владимир Зеленский билан гаплашдим. Суҳбат жуда яхши кечди. У ҳам президент Путин каби ТИНЧЛИКка эришишни истайди. Биз уруш билан боғлиқ кўплаб мавзуларни муҳокама қилдик, бироқ асосий гап жума куни Мюнхенда ташкил этиладиган ҳамда делегациямизга вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс ва Давлат котиби Марко Рубио етакчилик қиладиган учрашув ҳақида бўлди. Мен бу учрашув натижаси ижобий бўлади, деб умид қиламан. Оммавий ва ҳеч кимга керак бўлмаган ЎЛИМ ва ВАЙРОНАЛИК келтирган бу бемаъни урушни тўхтатиш вақти келди. Худо Россия ва Украина халқини ёрлақасин!” деб ёзган АҚШ президенти.

Зеленский Трамп билан бўлиб ўтган суҳбат ҳақида ижтимоий тармоқда қуйидагиларни ёзди: “Узоқ суҳбат. Тинчликка эришиш имкониятлари ҳақида. Командалар даражасида биргаликда ишлашга ҳозирлигимиз ҳақида. Скот Бессент бизнинг суҳбатимиз ҳамда хавфсизлик, иқтисодий ва ресурс ҳамкорлиги бўйича янги келишувимизни тузишга тайёргарлик масаласини муҳокама қилдик”.

Президент Трамп менга Путин билан суҳбати тафсилотларини гапириб берди. Украина тинчликни ҳаммадан кўра кўпроқ истайди. Россия тажовузини тўхтатиш ҳамда ишончли, узоқ муддатли тинчликни кафолатлаш учун Америка билан биргаликда қўйиладиган қадамларимизни белгилаяпмиз”, дея билдирган Зеленский.

Ирина Винер гимнастика бўйича Россия терма жамоаси мураббийи лавозимини тарк этди

Ирина Винер собиқ турмуш ўртоғи Алишер Усмонов билан (архив сурати)
Ирина Винер собиқ турмуш ўртоғи Алишер Усмонов билан (архив сурати)

Бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоасининг бош мураббийи Ирина Винер эгаллаб турган лавозимини тарк этди, дея хабар қилди ТАСС агентлиги.

“Бадиий гимнастика – бу менинг ҳаётим ва мен спортнинг бу гўзал тури ривожи ўз ҳиссамни қўша олганимдан бахтиёрман”, дея иқтибос келтирган агентлик Ирина Винер сўзларидан. У “орттирилган тажрибаларни спорт юлдузларининг келажак авлодини тайёрлайдиган мураббийларга” топширмоқчи эканини қайд этган.

Бир неча ҳафта аввал Би-би-сининг рус хизмати Россия президенти Владимир Путиннинг йўлдоши экани айтиладиган олимпия чемпиони Алина Кабаева Винерни Россия бадиий гимнастикасида етакчилик ўрнидан сиқиб чиқараётгани ҳақида ҳикоя қилган эди.

Терма жамоа бош мураббийи лавозими асли ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмоновнинг собиқ хотини Ирина Винер эгаллаб келаётган ягона расмий лавозим эди. Нашр билан суҳбатлашган спорт журналисти Винер билан содир бўлаётган воқеаларни “барча жабҳалар бўйлаб мағлубият” деб атаган, чунки Россия термалари халқаро мусобақалардан четлатилгани туфайли бош мураббийнинг қиладиган иши “деярли қолмаган” эди.

Винер Бутунроссия бадиий гимнастика федерациясига 2008 йилдан 2024 йилгача, яъни федерация тарқатилгунича президентлик қилган. У мураббий сифатида Олимпиадаларда, Жаҳон ва Европа чемпионатларида совринли ўринларни олган ўнлаб гимнастикачиларни тайёрлаган, улар орасида Евгения Канаева, Юлия Барсукова ва юқорида исми зикр этилган Алина Кабаевалар бор.

Шунингдек, Винер президентлик сайловларида уч марта Владимир Путиннинг ишончли шахси бўлган ва ҳалигача “Единая Россия” партиясининг олий кенгашига киради.

Бишкекда жинсий зўравонликда гумонланган милиция ходими ушланди

Бишкек Ички ишлар бош бошқармаси Қирғизистон пойтахтида жинсий зўравонликда гумонланган милиция ходими қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатди.

Маълумотларга кўра, 6 февраль куни ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган 24 ёшли аёл бир кун аввал Бишкекдаги меҳмонхонада уни номаълум эркак куч ва таҳдидлар билан зўрлагани ҳақида билдирган.

Қайд этилишича, ИИВ Ички тергов бошқармаси ва Октябрь туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида гумонланувчи ўлароқ милиция лейтенанти К.У. қўлга олинган. Ҳодиса юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (“Зўрлаш”) бўйича жиноят иши очилган.

Аввалроқ 2022 йилда милиция ходимлари аралашувида 13 яшар қизчанинг зўрланиши билан боғлиқ шов-шувли ҳодиса рўй берганди. Ўша йилнинг август ойида Бишкекнинг Свердлов тумани суди уларга нисбатан ҳукм чиқарган. Жинсий зўравонликда гумонланган милициянинг икки ходими 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган, бу ишга алоқадорлиги тахмин қилинган яна бир киши 10 йилга қамалган.

Бундан ташқари, судланувчиларнинг ҳар бирига маънавий зарарни қоплаш учун жабрланувчи тарафга 100 минг сўмдан товон пули тўлаш юклатилган.

Трамп давлат идораларидан штатларни қисқартиришни талаб қилмоқда

Дональд Трамп томонидан имзоланган фармонлардан бири (архив сурати)
Дональд Трамп томонидан имзоланган фармонлардан бири (архив сурати)

АҚШ президенти Дональд Трамп 11 февраль куни федерал хизматларга штатларни сезиларли даражада қисқартириш режаларини тайёрлашни топширувчи фармонни имзолади.

Президентнинг янги фармонида давлатнинг барча вазирлик ва бошқармаларида ходимлар сонини “кенг кўламда қисқартириш” зарурлиги ҳақида айтилган − бундан ҳуқуқ-тартибот фаолияти учун жавобгар муассасалар ва иммиграция хизматлари мустасно, холос.

Дональд Трамп томонидан тузилган ва миллиадер Илон Маск етакчилик қилаётган Давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти (DOGE) режасига мувофиқ, сезиларли даражада маблағларни тежашга эришиш учун давлат хизматчилари сонини 5 фоиздан 10 фоизгача қисқартириш зарур.

Саккиз ой давомида маош ва бошқа имтиёзларни сақлаб қолган ҳолда ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш тўғрисида Оқ уй томонидан январь ойида эълон қилинган таклифга давлат хизматчиларининг 2 фоизга яқинигина жавоб берган.

Дональд Трамп давлат тузилмаларидаги ходимлар сонини белгилаш бўйича DOGE’га катта ҳуқуқлар берган. Раҳбарлик лавозимларига ҳар қандай тайинлов DOGE вакили маъқуллови билан амалга оширилиши лозим. Илон Маск ходимларига муассасаларнинг раҳбар лавозимларни ташкил қилиш ёки сақлаб қолиш бўйича илтимосларини рад этиш ҳуқуқи берилган.

Одамлар давлат бошқарувидаги йирик ислоҳотлар учун овоз беришди ва бу улар оладиган нарсадир. Бу демократия деганидир”, дея билдирган Илон Маск Оқ уйда президент Трамп билан бирга ўтказилган брифинг чоғида.

Президент Трампнинг давлат хизматчилари сонини қисқартириш уринишлари судларга кўплаб даъво аризалари берилишига сабаб бўлди. Даъвогарлар президентнинг кўплаб фармонлари қонуний эканига қарши чиқишмоқда. Судлар бу фармонлардан айримларининг амалини тўхтатиб қўйган, улар орасида Дональд Трампнинг АҚШ халқаро тараққиёт агентлигини (USAID) ёпиш тўғрисидаги фармони ҳам бор.

Зеленский: Курск вилояти украин ерларига алмаштирилиши мумкин

Владимир Зеленский
Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский, Россия билан музокаралар олиб борилган тақдирда, Москвага Курск вилоятидаги Украина Қуролли кучлари томонидан назорат қилинаётган ҳудудларни Россия армияси назорати остида бўлган украин ерларига алмаштиришни таклиф қилиши мумкин. Бу ҳақда Зеленский Британиянинг The Guardian нашрига берган интервьюсида билдирди.

Биз бир ҳудудни бошқасига алмаштирамиз”, деган Зеленский Киев Курск вилоятининг бир қисми ўрнига Россия томонидан ишғол этилган ерларнинг қайси қисмини сўрашини ҳозирча билмаслиги айтди.

Билмайман, кўрамиз. Ҳудудларимизнинг ҳаммаси биз учун муҳим, бу ерда устуворлик бериладиган жойнинг ўзи йўқ”, дея урғулаган Украина президенти.

Зеленский Россия билан музокараларга тайёр эканини, бироқ ўз мамлакати кучли позицияда туриб гаплашишини исташини қайд этган.

Президент АҚШ ширкатларига Украинани қайта тиклаш учун шартномалар ва инвестицион имтиёзлар таклиф қилишга тайёрлигини қўшимча қилган.

Зеленскийга кўра, урушни тўхтатиш учун Киев фақат Европадангина эмас, Қўшма Штатлардан ҳам хавфсизлик кафолатини олиши лозим. Аввалроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц NBC телеканалига берган интервьюсида Вашингтон уруш тугашидан манфаатдор эканини, бироқ Киев учун хавфсизлик кафолати Европа зиммасига юкланажагини билдирган эди.

Ўз навбатида, АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уй нодир металлар эвазига Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттиришга тайёр эканини айтган.

Bloomberg агентлиги АҚШ молия вазири Скотт Бессент Вашингтон Украинанинг фойдали қазилмаларидан фойдалана олишини муҳокама қилиш учун шу ҳафта Украина боришини хабар қилган. Бу Трамп маъмурияти вакилининг Киевга илк ташрифи бўлади.

Февраль ойи бошида Зеленский Украина металл қазиб олиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилган.

2024 йил августида украиналик ҳарбийлар Курск вилоятининг бир қисмини эгаллаб олишган. Ярим йиллик жанговар ҳаракатлардан кейин Россия армияси вилоят ҳудудларининг бир қисмини ўз назорати остига қайтаришга муваффақ бўлган, бироқ Сужа туман маркази дохил қатор аҳоли пунктлари ҳалигача Украина Қуролли кучлари назорати остида.

Аннексия қилинган Қримдан ташқари Донбасснинг катта қисми, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг бир қисми Россия назорати остида бўлиб турибди. Аввалроқ Кремль Украина билан музокаралар олиб бориш учун юзага келган воқеликни ҳисобга олиш зарурлигини билдирган. Айни пайтда Дональд Трамп, тафсилотларга тўхталмаган ҳолда, Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилганини, у жанг майдонларида бундан буён одамлар ўлишини истамаётганини билдирган.

Трамп урушни тўхтатишда воситачи бўлишни хоҳлаётганини иддао қилган, бироқ ўз режасига оид тафсилотларни келтирмаган. 10 февраль куни Fox News телеканалининг икки томонни музокара столига ўтқизиш истиқболларига оид саволига жавоб бераркан, Трамп бунинг имкони борлигини ҳамда сўнгги ҳафтада бу борада “катта силжиш”га эришилганини айтган. Кремль ҳам Украина бўйича АҚШ билан сўзлашувлар сони ортганини билдирган.

Гаровдагилар қайтарилмаган тақдирда, Исроил Ғазода жанглар қайта бошланиши мумкинлигини билдирди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху

Агар АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб топилган ҲАМАС гуруҳи шанба, 15 февраль куни тушгача гаровга олинган исроилликларни озод қилмаса, Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни қайта бошлашга тайёр. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ҳарбий ҳукумат мажлиси якунларига кўра билдирди.

Исроил нашрлари қайдича, Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги сулҳнинг илк босқичи доирасида шанба куни тирик қолган гаровдагилардан тўққиз нафари озод қилиниши лозим этилиши кутилмоқда.

Ynet нашри ҳарбий ҳукумат ўз қарори билан АҚШ президентининг ультиматумини дастаклаганига эътибор қаратган. Аввалроқ Дональд Трамп, агар 15 февраль куни тушгача гаровдагилар қайтарилмаса, Ғазода оташкесим тартибини бекор қилишни маслаҳат беришини билдирган эди.

Исроил билан ҲАМАС ўртасидаги оташкесим тартиби январь ойи ўртасидан буён давом этмоқда. Илк 42 кун давомида ҲАМАС гаровга олинган 33 нафар исроилликни озод қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган, улардан саккиз нафари ўлгани тахмин қилинмоқда. Бунга жавобан эса Исроил қарийб икки минг нафар фаластинлик маҳкумни озод қилиши ва ўз қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқа бошлаши лозим.

Тўққизинчи февраль куни келишув доирасида Исроил секторнинг марказий қисмини иккига бўлувчи Нецарим йўлагидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетган.

АҚШга импорт қилинажак пўлат ва алюминий учун 25% бож киритилди

Металлургия корхонаси (иллюстратив сурат)
Металлургия корхонаси (иллюстратив сурат)

АҚШ президентп Дональд Трамп мамлакатга импорт қилинаётган бутун пўлат ва алюминий учун 25 фоизлик бож жорий этиш кўзда тутилган фармонни имзолади.

“Ҳужжатда истиснолар кўзда тутилмаган”, дея таъкидлаган Трамп. Фармонга мувофиқ, эндиликда Канада, Бразилия, Мексика, Жанубий Корея, Вьетнам ва бошқа ишлаб чиқарувчилар АҚШга етказиб бераётган пўлат ва алюминийнинг барчаси учун бож тўланади.

Трампга кўра, кўрилган чоралар металлар учун бож тизимини соддалаштиради. Бу ҳақда куни кеча билдирган Қўшма Штатлар президенти АҚШ маҳсулотларига нисбатан тариф белгилаган давлатларга қарши яқин келажакда жавоб божлари киритилишини ваъда қилди.

Трампнинг савдо масалалари бўйича маслаҳатчиси Питер Наварро божлар америкалик пўлат ва алюминий ишлаб чиқарувчиларга кўмак бериши ҳамда АҚШнинг иқтисодий ва миллий хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилганини урғулаган.

Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида пўлатга 25 фоиз, алюминийга эса 10 фоиз миқдорида бож киритган, бироқ кейинчалик АҚШнинг айрим савдо ҳамкорлари – Канада, Мексика ва Бразилияга божсиз савдо учун квоталар тақдим этган эди.

Россиялик юзлаб ҳарбий Шимолий Кореяда даволанмоқда

Украинада яраланган кўплаб россиялик ҳарбий Шимолий Кореяда даволаниб, реабилитациядан ўтмоқда. Бу ҳақда Россиянинг КХДРдаги элчиси Александр Мацегора “Российская газета”га берган интервьюсида билдирган. Элчига кўра, улар Шимолий Кореядаги энг яхши касалхона ва оромгоҳларда бепул муолажа олишяпти. Мацегора КХДРда даволанаётган россияликлар сони “юзлаб” эканини айтган.

Биз [шимолий кореялик] дўстларимизга харажатларнинг ҳеч бўлмагандан бир қисмини қоплашни таклиф қилганимизда, улар бундан астойдил хафа бўлишди ва бундан кейин ҳеч қачон бундай қилмасликни сўрашди”, деган элчи.

Дипломат Шимолий Кореяда Украинада ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг фарзандлари ҳам бепул дам олишаётганини, ОТМлар ўртасида талаба алмашуви ривожланаётгани ҳамда Россия Шимолий Кореяга кўмир, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бераётганини қўшимча қилган.

2024 йил ноябрида Россия билан Шимолий Корея ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ратификация қилганди. Унда савдо-сотиқ, илмий-техник ва мудофаа ҳамкорлигини ривожлантиришга оид ниятлар баён қилинган, бироқ ҳужжатда россиялик ярадорларни даволаш режалари ҳақида айтилган эмас.

Ўтган йил кузидан Шимолий Корея қўшинлари Россиянинг Украина билан урушида иштирок этаётгани ва улар, хусусан, Россиянинг Курск вилоятига жойлаштирилгани тўғрисида хорижий разведкаларнинг кўплаб хабарлари чиқа бошлаган. Бундай ҳарбийларнинг бир қанчаси Украина Қуролли кучлари томонидан асирга олинган.

Кейинроқ улар Курск вилоятида сезиларли даражада талафотлар беришгани, шу сабабли жанггоҳ ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган. Россия президенти Владимир Путин журналистларнинг шимолий кореялик ҳарбийлар жанговар ҳаракатларда иштирок этаётганига оид саволларига мужмал жавоб берган.

Марко Рубио: АҚШ бошқа давлатларга ёрдам беришда давом этади

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио

Қўшма Штатлар хорижий ўлкаларга ёрдамни давом эттиришдан бош тортаётгани йўқ, бироқ бундай ёрдамни кўрсатиш шакли ва жараёни АҚШнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қайта ташкил этилиши лозим. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио SiriusXM’даги Patriot подкасти бошловчиси Скотт Дженнингсга берган интервьюсида маълум қилди, дея хабар қилди “Америка овози”нинг рус хизмати.

Интервьюда Рубио АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ишига Дональд Трамп маъмурияти томонидан киритилаётган жиддий ўзгартишларга оид саволга ҳам жавоб берган.

Биринчидан, биз хорижий ёрдамдан бош тортаётганимиз йўқ. Биз ёрдам кўрсатишда давом этамиз, чунки мен тўғри ташкил этилган ёрдам мамлакат учун фойдали, деб ҳисоблайман. Бироқ у тўғри ташкил этилган бўлиши лозим. Биз хорижга ёрдам учун 40 миллиард доллардан 60 миллиард долларга сарфлашимиз лозим ва бу пулларнинг ҳаммаси оқилона мақсадларга кетяпти, деган ҳозирги тасаввур бемаъниликдир. Бу маблағнинг бир қисми самарасиз сарфланмоқда”, деган Рубио.

АҚШ Давлат котибига кўра, ҳозирда Трамп маъмурияти хорижий ёрдамнинг ҳаммасини тўхтатиб қўйган ва уни лойиҳа-лойиҳа таҳлил қилиб бормоқда.

Маъниси бўлмаган [лойиҳалар] чиқариб ташланади, фойда келтираётганлари эса сақлаб қолинади ёки ҳатто кучайтирилади”, дея урғулаган Марко Рубио.

Ўзининг Марказий Америка мамлакатларига (Панама, Сальвадор, Коста-Рика, Гватемала ва Доминикан Республикаси) яқинда амалга оширилган сафари ҳақида сўзларкан, Рубио бу мамлакатларнинг барчасидаги расмийлар АҚШга “жуда ижобий” муносабатда эканини қайд этган. АҚШ Давлат котибига кўра, улар Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилишни истаяпмоқда. “Улар ноқонуний миграция ва наркотрафик ўтган йўлда жойлашган, шу сабабли улкан муаммоларга дуч келишяпти”, деган Рубио.

Бир неча кундан кейин АҚШ Давлат котиби Германияга йўл олиши кутилмоқда. У 14 февралдан 16 февралгача хавфсизлик бўйича Мюнхенда бўлиб ўтадиган конференцияда иштирок этади. У ерда ҳамма учун асосий масала Украинадаги уруш бўлиб ҳисобланади.

Рубиога кўра, президент Трамп бу уруш тугаши лозимлиги ҳақида очиқ-ойдин баёнотлар берган. “Чамаси, биз бу масалани ташқи ишлар вазирлари ва бошқа дунё лидерлари билан муҳокама қиламиз”, деган АҚШ Давлат котиби.

Озарбайжон россиялик депутат Николай Валуевни “исталмаган шахс” деб эълон қилди

Николай Валуев
Николай Валуев

Озарбайжон Россия Давлат думаси депутати, собиқ боксчи Николай Валуевни “исталмаган шахс” (персона нон грата) деб эълон қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар взаирлиги билдирди.

Бунга Озарбайжон “Россотрудничество” фаолиятини тўхтатиб, унинг Бокудаги ваколатхонаси - “Рус уйи”ни (“Русский дом”) ёпганидан кейин Валуев томонидан билдирилган кескин фикрлар сабаб бўлган.

“Рус уйи” ёпилгани ортидан Валуев Россиядаги озарбайжон диаспорасини тугатиш, унинг вакиллари бизнеси ва мол-мулкини тортиб олиш, виза тартиби жорий қилиш ва Россияда яшовчи озарбайжонлик фуқароларни депортация қилишга чақирган эди

Озарбайжон ТИВ Валуевнинг бу гапларини таҳқирли ва мутлақо номақбул, деб атаган. Унинг исми Озарбайжонга кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритилган. Мазкур рўйхатга Валуевдан аввал унинг Давлат думасидаги ҳамкасблари бўлмиш Константин Затулин ва Виталий Милоновлар киритилган эди. Уларнинг ҳаммаси Россия парламенти қуйи палатасида “Единая Россия” ҳукмрон партиясини тамсил этишади.

Валуев “Газета.ру” нашрига берган интервьюсида Боку қарори уни ҳайрон қолдиргани ва тақиқ сабаблари ўзи учун тушунарсиз эканини, бироқ у бундан хафа эмаслигини билдирган.

Озарбайжон ТИВ 3 февраль куни Москвани мамлакатда “Россотрудничество” фаолияти тўхтатилгани ва унинг ваколатхонаси - “Рус уйи” информацион-маданий маркази ёпилгани ҳақида хабардор қилган эди. Бунга расмий сабаб ўлароқ “Рус уйи” гўё “юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмаган”и ва “ташкилот Озарбайжон қонунчилигини жиддий бузган”и айтилган.

Аввалроқ Озарбайжон расмийлари назорати остида бўлган Baku.tv Озарбайжондаги “Рус уйи” фаолияти ҳақида лавҳа тайёрлаган. Лавҳада “Рус уйи” ходимлари феълан дўст бўлмаган, ҳатто жосуслик фаолиятида айбланган.

Мазкур репортаж “Озарбайжон ҳаво йўллари” авиаширкати учоғи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида қулаганидан бир неча ҳафта ўтиб ёйинланган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев фожиага Россия алоқадорлигини билдириб, учоқ Грознийга қўнишга уринган пайтда у ерда Россия ҳаводан мудофаа тизими ишлаб турганини қайд этган. Алиев Россия расмийлари содир бўлган воқеа учун масъулиятни ўз зиммаларига олмаганини танқид қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG