Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:11

Ўзбекистондан келтириладиган қази-қартага Россия очган "уруш" давом этмоқда


6 августдан бошлаб президент Путин 22 июлда имзолаган фармонга биноан, жорий тақиққа хилоф равишда Россияга олиб кирилган озиқ-овқат маҳсулотларини йўқ қила бошлайдилар, лекин Россияга Ўзбекистондан келаётган йўловчилар қўл багажидаги озиқ-овқат маҳсулотлари йўқ қилинаётганига анча бўлди.

31 июль куни Қозон шаҳри аэропорти Чегара-ветеринария назорати текширув давомида Самарқанддан келган йўловчидан “мамлакатга ноқонуний киритилган бир дона хонаки колбаса аниқлангани ва мусодара қилингани”ни хабар қилди.

Аэропорт матбуот хизмати “қўлга олинган” қазини мусодара қилиш жараёни тасвирини Озодликка тақдим этди.

Қозон аэропортида қўл юки текшируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:31 0:00
Бевосита линк

Озодлик билан суҳбатда Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (“Россельхознадзор”)нинг Татаристон бўйича бошқармаси расмий вакили Наиль Файзраҳмонов бундай қаттиқ чорани Ўзбекистонда юқумли оқсим касаллиги билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолаётгани билан изоҳлади:

- Хориждан, айниқса Ўзбекистон, Тожикистондан келаётган рейслар йўловчилари қўл юкида мамлакатимизга олиб кириш тақиқланган мол гўшти маҳсулотларини ўтказишга уринади. Бу маҳсулотни улар ортга қайтариб олиб кетишни хоҳламаса аэропортнинг ўзида печда ёқиб юборилади, деди Наиль Файзраҳмонов.

Аэропорт санитария назорати расмийси Ўзбекистонда текширувдан ўтган ва тегишли ҳужжатга эга маҳсулотлар мусодара қилинмаслиги ва эгасига қайтариб берилишини маълум қилди.

Татаристон пойтахти аэропорти чегарачилари бу ҳодисадан олдинроқ, 19 июль куни, Самарқанддан учоқда келтирилган сузма, 5 июль кунги текширувда Фарғонадан олиб кирилаётган қўй ёғи ва гўшти, 7 июнь куни эса Ўзбекистондан келтирилган товуқ гўшти мусодара қилингани ва ёндириб юборилганини маълум қилди.

Наиль Файзраҳмонов Ўзбекистонда ўта хавфли бўлган оқсим касаллиги тарқагани муносабати билан мол гўшти ва сут маҳсулотларига Россия Федерацияси киритган карантин 2003 йилдан буён амал қилаётганини билдирди. У Ўзбекистон Республикасидан киритилаётган ва оқсим касаллигига иммунитети мавжуд тирик ҳайвонларнинг киритилишига тақиқ шу йилнинг апрель ойида бекор қилинганини ҳам илова қилди.

Аниқланишича, биргина Қозон аэропортида ўтган ярим йилда қўл юкини текшириш натижасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбайжондан келаётган йўловчилардан карантинга тушган 1,3 тонна маҳсулот мусодара этилиб, йўқ қилинган.

Қозон аэропортида мусодара қилинган маҳсулотнинг ëқиб юборилиши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:50 0:00
Бевосита линк

Қозон аэропорти фитосанитария назорати маълумотига кўра, Ўзбекистондан келтирилаётган ва рухсат берувчи ҳужжатлари бўлмаган бошоқли ҳамда қуруқ мева маҳсулотлари ҳам олиб қўйилади ва печга ташланади.

“Россельхознадзор” президент Владимир Путин имзолаган қарорга мувофиқ, Россияга қарши санкция эълон қилган мамлакатлардан киритилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хом-ашёси ва озиқ-овқатларни 2015 йилнинг 6 августидан йўқ қилишни бошлайди.

Россияга нисбатан санкциялар Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан ўтган йили Москва Қримни аннексия қилиб олганидан сўнг жорий этилган эди. Россия эса бу санкцияларга жавобан ўтган йилнинг 7 августидан Европа мамлакатлари, Канада ва Австралиядан сут, балиқ, гўшт, пишлоқ, мева-сабзавотлар сотиб олишга чеклов киритган.

2015 йилнинг 22 июнида ўтган Европа Иттифоқи саммитида Россияга нисбатан санкциялар муддати яна олти ойга узайтирилган.

XS
SM
MD
LG