Қирғиз Республикаси Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Ўрўзбек Мўлдалиевнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган видео-радиосуҳбатидан ўзбекистонлик ҳизбчилар қаерга кўчиб кетгани ва қорасувлик имом Рашод қори Камолов нега жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди.
Мўлдалиев суҳбат давомида Қирғизистонда диний радикализм таҳдиди, диннинг сиёсатга аралашувидан юзага келадиган таҳликаларга оид фикрлари билан ўртоқлашди.
Азаттиқ радиоси бундан бир ҳафта олдин ўтказган суҳбат чоғида Қирғиз Республикаси Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Ўрўзбек Молдалиев Қирғизистонда Ислом дини ва мусулмонлар билан боғлиқ вазият тўғрисидаги гапни “Терроризм билан экстремизмнинг динга алоқаси йўқ” эканлигини таъкидлашдан бошлади.
- Исломнинг терроризмга алоқаси йўқлигини оддий овул масжиди имоми ҳам айтиб беради, - деди Мўлдалиев.
Шунга қарамай, суҳбатдошнинг фикрича, экстремизм хавфи мавжуд ва бунга далил тариқасида у 1999 йилги Боткен воқеаларини, сўнгги йилларда Бишкекда амалга оширилган портлашларни эслаб ўтди.
Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси яқинда олди олинган террористик хуружларни эслаб, бу вазиятни давлат назорат қилаётгани белгиси, деб атади.
Сурияга кимлар кетаяпти?
Юқоридаги саволни суҳбат давомида Ўрўзбек Мўлдалиев ўзи ўртага ташлар экан, унга қуйидагича жавоб берди:
- Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Сурияга кетганларнинг 90-95 фоизи экстремистик ғояларга эргашган кишилардир. Ҳизбут-Таҳрир ва шунга ўхшаган гуруҳлар аъзолари кетмоқда.
“Таблиғи жамоат” Қирғизистонда тақиқланган эмас
Ўрўзбек Мўлдалиев “Таблиғи жамоат”нинг “Россияда, Қозоғистонда ва бошқа қўшни мамлакатларда тақиқланганини эслатар экан, Қирғизистонда бу жамоанинг тақиқланмагани”ни таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Қирғизистонда “Таблиғи жамоат” фаолияти синчиклаб таҳлил қилинган ва унинг “яхши потециалидан фойдаланиш”га қарор қилинган.
Ўзбекистондан кўчиб келган ҳизбчилар тўғрисида
Қирғиз Республикаси Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Ўрўзбек Молдалиев шахснинг диний эътиқодига қарши курашда ғалабага эришиб бўлмаслиги тўғрисида фикр юритаётиб, бундай деди:
- Одамнинг эътиқодига қарши курашиб, ғалаба қила олмайсиз. Мана, масалан, Ўзбекистон экстремизмга қарши курашди. Натижаси бизга келди. Ҳизбут-Таҳрир аъзоларининг ҳаммаси бизга кўчиб келиб олди, - деди Орозбек Молдалиев.
Лекин у Ўзбекистондан ҳизбчилар қачон ва неча киши кўчиб келгани тўғрисида ҳеч нарса демади.
Рашод қори Камолов тўғрисида
Суҳбат давомида Ўш вилояти, Қорасув шаҳридаги Ас-Сарахсий масжиди имом-хатиби Рашод қори Камолов ҳам тилга олинди.
- Камолов бўйича мана бундай бўлган: ҳозир энди айтаверсак бўлади, Камоловнинг ғайриқонуний равишда имомлик қилаётгани тўғрисида Ўшнинг қозисига ўтган йилиёқ айтган эдик. Иккинчидан, биз сутдан оғзимиз куйгани учун қатиқниям пуфлаб ичадиган бўлиб қолдик. Миллати ўзбек имомни ишдан олсак - имомнинг ўзи: “Ишдан олсангиз, ортимдагилар кўтарилади”, деган ишораларни қилган - мен айтдим, "қўрқманглар" деганман, "қарорни шариат асосида қабул қилинглар", деганман. Қўрқиб, масалани ечишмади ва вазият янада мурккаблашди. Мана энди қаранг: ҳуқуқ-тартибот органларида статистика бор. (Камолов) қамалгунча кетганларнинг сони билан қамалгандан кейин кетганлар орасида катта фарқ бор, - деди Ўрўзбек Молдалиев, лекин сўнгги гапи юзасидан аниқ рақамлар келтирмади.
Суҳбатнинг умумий мазмунидан Мўлдалиев “кетганлар” дер экан, Сурияга кетганларни назарда тутаётгани тушунилади.
37 яшар қорасувлик имом Рашодхон қори Камолов Қирғизистон Жиноят кодекси 299-моддасининг бир неча бандлари бўйича айбланмоқда.
У шу йилнинг 9 февралида ўз уйидан бир неча ниқобли милиция ходими етовида Қорасув милициясига олиб кетилган, сўнгра Ўш шаҳар милициясига олиб келиниб, ҳибс қилинганди.
Рашодхон қори Камолов иши юзасидан маҳкама Қорасув туман судида 23 июлдан бери давом этмоқда.
4 август куни бўлиб ўтган маҳкамада қорасувлик бир гувоҳ кўрсатмаси тингланган, кўрсатма бермоқчи бўлган яна икки аёлга эса “гувоҳлар рўйхатида йўқсизлар” деган важ билан рад жавоби берилган.
Камолов иши бўйича навбатдаги маҳкама 11 август куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.