General Motors ва "Ўзавтосаноат” акционерлик компанияси ҳамкорлигида автомобиль двигателларини ишлаб чиқарувчи GM Powertain Uzbekistan заводи қарийб бир ойга беркитилди. Ишчиларнинг Озодликка айтишича, 4 дан 29 августгача татил берилган.
GM Powertain Uzbekistan заводи, асосан, Асакадаги автомобиль ишлаб чиқариш заводига двигателлар етказиб беради.
Айни пайтда, Асакадаги GM Uzbekistan автомобиль заводи ишчилари ҳам 1-августдан бошлаб, “ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига” чиқарилган. Охирги беш ой давомида Асакадаги завод учинчи марта беркитилиб, ишчи ва хизматчилар таътилга чиқарилмоқда.
"Ўзавтосаноат" акционерлик компанияси матбуот хизмати ушбу хабарларни Озодликка тасдиқламади. Бироқ, аввалроқ бу компания Асакадаги завод ишчилари икки ҳафталик меҳнат таътилига чиқарилишини маълум қилганди.
“Жорий йилнинг август ойида (3-20 август кунлари) заводнинг йиғув цехига янги автомобиль русумини йиғиш учун мўлжалланган замонавий технологияларни ўрнатиш жараёни бошланди. Шу муносабат билан Асака автомобиль заводи ишчилари икки ҳафталик меҳнат таътилига чиқарилди,” дейилади компания расмий веб саҳифасида.
GM Powertain Uzbekistan заводи ходимларидан бири заводни ёпиш аввалдан режалаштирилганини билдирди.
Унга кўра, август ойи бошидан буён Асака заводида автомобилнинг янги тури учун двигателлар ишлаб чиқаришга тайёргарлик ишлари бормоқда.
"Янги турдаги автомобиль"
Шу йил март ойида GM Uzbekistan ширкати Т250 Chevrolet Aveo русумли автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режасини эълон қилганди.
Мазкур режага мувофиқ, ширкат 2020 йилга қадар янги турдаги автомобилни ишлаб чиқариш учун 150 миллион АҚШ доллари сарфлаши кутилмоқда.
Бу маблағ 2016 йилда Gentra бизнес-класс русумидаги автомобилларига ўзгача безак бериш, 2017 йилда эса Aveo модели базасида В-классдаги хетчбекларни ишлаб чиқаришга сафарбар этилиши лозим.
General Motors ҳозирда Ўзбекистонда 9 та русумда автомобиль ишлаб чиқаради.
Lacetti ва Cobalt ўзбек сўмига
8-августдан Ўзбекистон автосалонлари Lacetti ва Cobalt автомобиллари учун ўзбек сўмида шартномалар қабул қила бошлади.
Бу ҳақда Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлар хабар тарқатди.
Хабарларга кўра, эндиликда Cobalt автомобилининг 1-позицияси харидорларга 43 миллион 250 минг сўмдан, 2-позицияси 47 миллион 300 минг сўмдан, Lacetti автомобилининг 1-позицияси 47 миллион 350 минг сўмдан, 2-позицияси эса 54 миллион 850 минг сўмдан таклиф қилинмоқда.
Бунгача GM Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқилган автомобиллар Ўзбекистонда хорижий валютага сотилган.
Айтилишича, шу кунда мазкур машиналарни сотиб олиш учун Ўзбекистондаги 77 та автосалонда эркин шартнома тузиш мумкин.