Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:56

Мустақиллик байрами арафасида Тошкентдан мардикорлар қувиляпти


Ички ишлар бўлимига олиб келинган мардикорлар кун бўйи ушлаб турилади
Ички ишлар бўлимига олиб келинган мардикорлар кун бўйи ушлаб турилади

Мустақиллик байрами арафасида, одатдагидек, Тошкент шаҳар милицияси вилоятлардан борган мардикорларни шаҳардан чиқариб юборишни бошлади. Озодлик манбаларига кўра, ҳар куни мардикор бозорларидан юзлаб одам ички ишлар бўлимига олиб борилиб, бармоқ излари олиняпти, зудликда шаҳарни тарк этиш сўралаяпти.

Тошкентда пойтахтга иш излаб келган мардикорлардан шаҳарни тозалаш тадбири ўтказиляпти. Бу иш туман ички ишлар бўлимлари зиммасига юкланган.

Тошкентлик мобиль мухбирлардан бири мардикор бозоридан ушланиб, Олмазор тумани ички ишлар бўлимига олиб борилган мардикорлар акс этган суратларни Озодликка тақдим этди.

Суратларда 18-30 ёш оралиғидаги йигитларнинг туман ички ишлар бўлимининг “Шахсни идентификация қилиш хонаси” олдида навбатда тургани акс этган.

Мобил мухбирнинг ёзишича, мардикор йигитларнинг бармоқ излари олиниб, пойтахтдан чиқариб юбориляпти:

“Тошкент шаҳрида тозалаш тадбири, деб оддий фуқаролар жабр чекяпти. Милиция пост-патрул бригадаси ходимлари кўчада, йўл бўйида турган ва мардикор бозорлардаги одамларни хор қиляпти. Улар туман ИИБларига олиб борилиб, 10 соатдан кўп ушлаб турилибди. Мардикор йигитларга дўқ-пўписа қилиниб, байрам ўтгунча Тошкентда қорасини кўрсатмаслик тайинланяпти”, дейди тошкентлик манба.

Мардикор йигитлар
Мардикор йигитлар

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураззоқ Содиқовнинг айтишича, тозалаш тадбири маҳаллаларда ҳам ўтказиляпти:

- Қўшнимнинг уйида ҳам мардикорлар ишларди. Участкавойлар келиб, уларга уйларига кетиш ва мустақиллик байрамидан сўнг келишини тайинлади. Бир-икки уй эгаси норозилик билдирган эди, участкавой: “Майли қола қолсин, лекин байрам ўтгунча кўчага чиқарманг, бизга гап тегади”, деб тайинлади. Оддий мардикорлардан ҳукумат бунчалик қўрқишини тасаввур ҳам қилолмайман, деди Абдураззоқ Содиқов.

Мустақиллик байрами арафасида Тошкентдан мардикорлар қувиляпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:56 0:00
Бевосита линк

Олмазор тумани ички ишлар бўлимида ишлайдиган Озодлик манбаси “тозалаш тадбири” бир ой давомида ўтказилишини тасдиқлади:

“Мустақиллик байрамигача бу тадбир давом этади. Асосан, мардикор бозорларидаги одамлар олиб келиниб, шахси аниқланади. Уларнинг суратлари, бармоқ излари олиниб, компютерга киргизилади. Кейин байрамгача пойтахтдан чиқиб кетиш тайинланади. Агар кетмай иккинчи бор қўлга тушса, қамаб қўйилиши ҳақида огоҳлантириляпти. Ҳар куни 140-150 нафар мардикорнинг шахси идентификация қилиняпти”, деди манба.

Тошкентлик фаоллардан бири Жаҳонгир Шосалимов ҳар йили байрам арафасида ўтказиладиган “тозалаш тадбири” бу йил анча кучайтирилганини айтади:

- Ўзи ҳар йили мустақиллик байрамидан олдин бундай тадбирлар бўлиб турарди. Бу тепадан келган буйруқ. Пастдаги хизматкорлар эса расмиятчилик учун буни жуда ҳам кучайтириб юборишади. Бўлмаса, мардикор бармоқ изини олишнинг нима ҳожати бор? Ҳукумат, асосан, норозиликлар туғилиб қолиши мумкин бўлган хавфдан чўчийди, бундай норозиликлар байрам арафасида бошланиб қолса энг ночор қатлам мардикорларнинг бунга қўшилиб кетишидан хавфсирайди. Шунинг учун ҳам “оч қорним, тинч қулоғим” деб бу йигитларнинг ҳаммасини байрам ўтиб бўлгунча уй-уйларига ҳайдайди, деди Жаҳонгир Шосалимов.

Тошкент шаҳридаги хонадонларни ёппасига текшириш 20 августдан бошлангани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG