Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:28

Ёзёвонда касалхонага бемор кўргани келган одам портлашдан нобуд бўлди


Кислород баллонлари.
Кислород баллонлари.

Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги касалхонага бемор кўриш учун борган 33 ёшли Раҳмонали Раҳмонов отилиб кетган кислород баллонидан олган жароҳати туфайли жон берди. Озодлик манбаларига кўра, касалхона ходимлари Раҳмонали ва яна бир йигитдан кислород баллонини ичкарига олиб кириб беришни илтимос қилган, бироқ зинадан кўтарилаётган пайтда, йигитлар қўлидан баллон тушиб кетиб, фожиа рўй берган.

Ёзёвон тумани марказий касалхонасида даволанаётган яқинини кўриш учун 4 август куни борган 33 ёшли Раҳмонали Раҳмоновнинг ҳаёти фожиали якун топгани тўғрисида Озодликка хабар берган ёзёвонлик манбага кўра, касалхона ходимлари Раҳмонали ва унинг ўртоғидан кислород баллонини касалхона ичкарисига олиб кириб беришни илтимос қилган:

“Касалхона эҳтиёжи учун кислород баллони олиб келишган экан. У жуда ҳам оғир бўлганлиги учун касал кўргани келган одамларга ёрдам беринглар деб, Раҳмоналидан илтимос қилишибди. У шериги билан баллонни зинадан кўтариб чиқаётганда қўлидан тушиб кетган. Баллоннинг бўғзи узилиб кетиб, напор билан Раҳмоналини эзиб юборган”, деди манба.

Унинг айтишича, бу воқеадан сўнг Раҳмонали касалхонанинг реанимация бўлимида операция қилинган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган:

“Бу воқеадан сўнг, Раҳмоналининг яқинлари касалхонага келиб роса тўполон қилишди, нега бундай хавфли ишни бегона одамга топширади, деб. Фалокат оёқ остида деб шуни айтишса керакда”, деди манба.

Ёзёвон тумани марказий касалхонасининг исми сир қолишини сўраган шифокорларидан бири шундай воқеа содир бўлганини тасдиқлади:

“Фожиа зинадан иккинчи этажга чиқаётганда содир бўлган. Кислород баллони йигитнинг қўлидан тушиб кетганда. Бўғзи узилган баллон Раҳмоновнинг ички органларига жуда ҳам жиддий шикаст етказган экан. Тўрт соатча операция қилдик, лекин ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади”, деди шифокор.

Шифокорнинг айтишича, айни пайтда бу иш юзасидан жиноят иши очилган. Кислород баллонини бегона одамларга кўтартирган касалхона ходимлари сўроқ қилинган. Тергов давом этмоқда.

Ёзёвонда касалхонага бемор кўргани келган одам портлашдан нобуд бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:33 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG