Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:16

Шикоятчи ҳамшира ишдан ҳайдалмасликка умид қилмоқда


Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари ойлигидан бу йилги пахта терими учун пул ушлаб қолинаётгани ҳақида шикоят қилган тошкентлик ҳамшира босимлар остида қолган.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсига кўра, Тошкентнинг Олмазор тумани поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишловчи Саодат Содиқова ойликларидан пахта учун пул ушлаб қолинаётгани ҳақида жамоатчиликка маълумот сиздирганидан сўнг бир неча марта сўроққа чақирилган. Ундан нега йиғим-терим кампанияси учун пул йиғилиши ҳақидаги "давлат сири"ни фош қилгани ҳақида сўрашган.

Альянс фаолларининг Озодликка маълум қилишича, Саодат Содиқова 13 август куни аттестацияга чақирилган ва унга ишдан ҳайдаш билан пўписа қилишган.

Ўзбекистонда ҳали пахта терими бошланмасидан Тошкентнинг Олмазор тумани поликлиникаси ҳамширалари ойлигидан 30 минг, врачлардан эса 60 минг сўмдан ушлаб қолинаётгани тўғрисида Озодлик ҳамшира Саодат Содиқованинг ​турмуш ўртоғи - ҳуқуқ фаоли Абдураззоқ Содиқовдан олинган маълумот асосида хабар берган эди.

Абдураззоқ Содиқов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:10 0:00
Бевосита линк

7 август куни Озодлик билан суҳбатда Содиқов: "Докторларнинг ҳаммасидан, ойлигидан пул оляпти. Ҳамширалардан 30 минг, докторлардан 60 минг ушлаб қолиняпти. Пахтага борадиганларнинг овқатланишига, йўл харажатлари ҳаммаси шу корхоналарнинг зиммасида. Юқоридан оғзаки буйруқ бўлган экан. Бизда, биласиз, оғзаки буйруқ ҳар қандай қонундан кучли туради. Агар пул бермаса, ишдан кетади", деб айтган эди.

Содиқов 15 август куни Озодлик билан суҳбатда ўшандан кейин турмуш ўртоғи бир неча марта сўроққа чақирилгани ва пировардида олинган пуллар шифокорларга қайтариб бериладиган бўлганини айтди.

– Бу хабар тарқалганидан кейин хотинимни главврач чақирган. Кейин ўзини "Меҳнат вазирлигидан" деб таништирган мулозим хотинимга: “Мен сизни муҳофаза қилгани келдим”, деб айтган. Кеча хотинимни аттестацияга ҳам чақиришди. Келаси ҳафта натижаси чиқади. Лекин халқаро ташкилотлар, сиз журналистлар бу ҳақда бонг урганларингиздан сўнг вазият яхши томонга ўзгараётгандек. Аттестация натижалари ижобий бўлади, деб умид қиляпмиз. Бундан ташқари, ҳозир ҳамшира, врачлардан пахтага деб олинган пуллар ҳам қайтариб бериладиган бўляпти. Келаси ҳафта ҳамма пул қайтариб берилар экан, - деди Абдураззоқ Содиқов.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиб келаётган бир қанча ташкилотни ўзида бирлаштирган “Cotton Campaign” фаоли Мэттю Фишер Дали шифокорларнинг ўз хоҳишларига зид тарзда пахта теримига жалб этилиши ва ойликларидан ушлаб қолинишини меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши сифатида баҳолайди:

- Ўзбекистонда йиллардан бери ўқитувчилар, шифокорлар ва бюджет идоралари ходимлари ишдан ҳайдалишлари ҳақидаги таҳдидлар билан пахта теришга мажбурланади. Бунинг устига ойликлари кесилмоқда. Бу замонавий қулликнинг бир кўринишидир, - дейди Мэттю Фишер Дали Озодлик билан суҳбатда.

“Cotton Campaign” аввалроқ Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатни тақиқлаш, бу тақиқни бузганларни жазолашга чақирган эди.

XS
SM
MD
LG