Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги икки қишлоқнинг 200 дан ортиқ ёшлари ўртасида 7 август куни кечқурун катта муштлашув бўлди. Озодлик манбаларига кўра, коллеж ўқувчиларининг камситилиши ортидан келиб чиққан бу тўқнашувда тош, калтак ва арматуралар ишлатилган. Норасмий манбалар ўндан ортиқ ёшлар турли хил тан жароҳати олганлигини айтмоқда. Айни пайтда икки қишлоқ ўртасига кучайтирилган милиция постлари ўрнатилган.
Қўшработ туманининг Истиқбол ва Қўрғон қишлоғининг 200дан ортиқ ёшлари орасида 7 август куни кечқурун бўлиб ўтган муштлашувда ўндан ортиқ одам жабрланди.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган қўшработлик манбанинг айтишича, жанжал бир қишлоқ ёшларининг иккинчи қишлоқ ёшларини камситилиши ортидан келиб чиққан:
- Бизда ўзбекларнинг қуллар уруғидан бўлганлар ўша Истиқбол қишлоғида яшайди. Ўша ерда коллеж бор. Коллежнинг директори ва ўқитувчилари ҳам асосан ўша қишлоқдан. Бу коллежда Қўрғон қишлоғидан бўлган болалар ҳам ўқийди. Улар ўзларини беклар уруғидан дейишади. Хуллас, “беклар” болалари коллежда доим “қуллар” уруғи томонидан камситилиб келинган экан. Бу болаларга ҳар ойда беш минг сўмдан олиб келасан деб, солиқ солишар экан. Шу муаммо газаклаб, 7 август куни ёрилди. Коллеж яқинидаги кичкина жанжалдан сўнг юзлаб қишлоқ ёшлари ўзаро муносабатларини аниқлаб олишга йиғилган, - деди манба.
Унинг айтишича, бу муштлашувда икки томондан ҳам ўнлаб ёшлар жароҳатланган:
- Ёшлар тош, калтак ва арматуралар билан қуролланиб келишган экан. Роса қиёмат муштлашув бўлди. Қўшработ милицияси ҳам уларни ажрата олмади. Кейин вилоятдан омончилар келиб тинчитишди. Қўли, оёғи синган, боши ёрилган ўнлаб ёшлар туман касалхонасига ётқизилган эди, - деди манба.
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:
- Буни миллий низо ҳам, ирқчилик ҳам деб атаб бўлмайди. Жанжал ёшларнинг бир-бирининг уруғини камситиши ортидан келиб чиққан. Жанжални бошлаган ёшлар аниқланди, улар билан тергов-суриштирув ишлари олиб бориляпти. Бир киши жароҳат олиб касалхонага ётқизилган эди, у ҳам даволаниб чиқиб кетди. Айни пайтда икки қишлоқдаги вазият милиция ходимлари назоратида, - деди вилоят ички ишлар бошқармаси мулозими.
Қўшработлик манбанинг айтишича, айни пайтда Истиқбол ва Қўрғон қишлоқлари орасида милиция постлари ташкил қилинган:
“Милисалар палатка ўрнатиб олишган, қишлоқдан ҳеч кимни чиқармаяпти ҳам, киритмаяпти ҳам”, деди манба.
Ушба ҳодиса Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан тергов қилинмоқда.