Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:30

Краснодарда 13 ўзбек муҳожири заҳарланди


Россиянинг Краснодар шаҳридаги “Динамо” стадиони қурилиш майдончасида рўй берган ҳалокат оқибатида 13 киши ис газидан заҳарлангани ва бир киши нобуд бўлгани айтилмоқда. Ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини бошлаб юборган Краснодар ўлкаси Тергов қўмитасида жабрланган ишчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эканини таъкидлашди.

17 август куни Россия жанубидаги Краснодар шаҳри “Динамо” спорт мажмуаси қурилишида бир гуруҳ меҳнат муҳожири канализация қувурида йиғилиб қолган газдан заҳарланди.

Ҳодиса жойидан оғир аҳволда тез ёрдам машиналарида олиб кетилганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эканилиги маълум.

Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Краснодар ўлкаси бўйича бошқармаси вакиласи Иветта Агаян Озодликка маълум қилди.

- Қурилаётган объект - “Динамо ” стадионида бир киши ўлди, яна ўн киши ис газидан заҳарланиб маҳаллий ўлка клиника шифохонасига олиб кетилди. Ҳодиса жойида тезкор гуруҳ иш олиб бормоқда, тафсилотлар ўрганилмоқда. Реконструкция ишлари олиб борилаётган стадионда барча қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилган, - деди Иветта Агаян.

Озодликка маълум бўлишича, 17 август куни кундузги соат 3 ларда спорт мажмуаси остида барпо этилаётган ер ости паркингида насос генератори бузилиб қолган.

Уни тузатишга тушган 22 ёшли ўзбекистонлик ишчилардан бири дренаж қудуғидан сувни ўз кучи билан тортиб чиқаришга уриниб кўрган.

Вентиляцияси бузилган ертўлада заҳарли газлар йиғила бошлаган.

Қайтиб чиқмаганини кўрган ишчи йигитнинг ҳамкасблари бирин-кетин коллекторга туша бошлаган.

Аммо муҳожирлар ҳам у ерда йиғилиб қолган ис газидан заҳарланган.

Мутахассислар ўзбек муҳожирини заҳарлаган газ меркаптан бўлиб, у энг аввало мушак толаларини ишдан чиқаришини гапирмоқда.

Гувоҳлар қурилиш майдончасига чақиртирилган 11та “тез ёрдам” машиналари беҳуш ҳолда бўлган 10 ишчини шифохонага олиб кетган.

Тергов қўмитасида насос станциясини тузатишга тушган биринчи ўзбек йигити нобуд бўлганини маълум қилишди.

Бироқ, Озодлик расмий келтиргандан бироз фарқ қилувчи маълумотларни олди.

Краснодардаги “Умид” ўзбекистонлик ватандошлар жамияти раиси Тожиддин Нурматов 1-сонли ўлка шифохонасининг реанимация бўлимига ҳодиса жойидан 15 ишчи келтирилгани, 11 нафари ўта оғир аҳволда реанимация бўлимига госпитализация қилингани, ўрта оғирликда бўлган яна уч киши пулманология бўлимига ётқизилганини айтди.

- Жами 15 киши жабрланди. Улар орасида малакали мутахассис бўлмагани бу ҳодисани келтириб чиқарди. Бунинг ҳаммаси билимсизликдан! Болаларимиз ҳоли ёш экан – барчаси 22 -25 ёшларда, бунақа вазият билан тўқнашмаган... Мен бу масалада маҳаллий Тергов қўмитасига сўровнома юбордим: ўлган йигитнинг исми-шарифини аниқлаб, кейин Ўзбекистон консуллигига хабар юборамиз. Ўзбек йигитлари ҳаммаси қонунан шартнома асосида ишлаб келган, ҳаммасини ҳужжатлари жойида экан. Демак, жавобгар тўлиқ иш берувчи: уларни даволаш ҳам, ўлган бечора йигитнинг жасадини Ўзбекистонга юбориш ҳам ташкилот ҳисобига қилинади, деди Тожиддин Нурматов.

Краснодардаги "Динамо" стадиони лойиҳаси
Краснодардаги "Динамо" стадиони лойиҳаси

Ўзбеклар жамияти раҳбари сўзларига кўра, стадионни қайта қуришга бир қатор қурилиш фирмалари қўл уриб кўрган, охир-оқибат пудрат асосида унга марказий осиёлик ишчилар жалб қилинган. 1 миллиард рубль сармоя киритилган “Динамо” стадиони таъмирланиши 2012 йилда бошланиб, аввалига 2014, кейин 2015 йил охирлари, эндиги режа бўйича 2016 йилнинг декабрида тугалланиши зарур.

Ҳозирча “Динамо”да қурилиш ишларини олиб бораётган иш берувчи ташкилотдан ўзбекистонлик муҳожирларнинг заҳарланишига бирор расмий муносабат билдирилганича йўқ.

Терговчилар ер ости парковкасини лойиҳалашда қурувчи-инженерлар томонидан жиддий хатоликларга йўл қўйилгани ва натижада у ерда сув йиғилиб қолаётганини аниқлади.

Йиғилаётган сувни тортиш учун иккита насос ўрнатилгани, улардан бири электр токи узатилмагани боис тўхтагани, иккинчиси эса тиқилиб қолгани маълум.

Россия Тергов қўмитасининг Краснодар ўлкаси бўйича бошқармасида текширув натижалари юзасидан жиноий иш қўзғатилиши мумкинлигини маълум қилишди.

XS
SM
MD
LG