Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:06

Фарғонанинг Сўхида икки ошиқ ўзини тоғдан ташлаб нобуд этди


Фарғона вилояти, Сўх туманидаги Сурати тоғи. Расм Одноклассникдаги "Садои Сўх" гуруҳидан олинди.
Фарғона вилояти, Сўх туманидаги Сурати тоғи. Расм Одноклассникдаги "Садои Сўх" гуруҳидан олинди.

Фарғона вилоятининг Сўх туманида истиқомат қилган 15 яшар мактаб ўқувчиси 21 яшар севган йигити билан ўзини тоғдан ташлади. Севишганлар ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган. Озодлик манбаларига кўра, қиз билан йигит уйдан қочиб кетиб, бир неча кун тоғда яшириниб юрган ва қидирувчилар келганда жонларига қасд қилган.

Сўх туманининг Тўл ва Қалъача қишлоқларида истиқомат қилган 15 яшар қиз ва 21 яшар бола (қиз билан йигитнинг номи Озодликка маълум, лекин маълум сабабларга кўра у ошкор қилинмайди – таҳририят) 23 август куни ўзларини Қалъача қишлоғи яқинидаги тоғдан ташлаб нобуд бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган сўхлик манбага кўра, ёшлар бир неча кун аввал уйидан қочиб кетган:

“Тўл қишлоғининг яқинида Сурати деган тоғ бор. Қиз билан йигит ана шу тоғнинг тепасига чиқиб, тахминан 200-250 метр жойдан ўзларини пастга ташлаб юборган. Қиз Тўл қишлоғидан, йигит Қалъачадан бўлган. Севишган экан бу ёшлар. Ўрталарида нима гап бўлган бунисидан хабарим йўқ. Фақат жонларига қасд қилишдан икки кун олдин йўқолиб қолишган экан. Кейин чегарага яқин бўлгани учун ҳарбийларга хабар беришибди. Ҳарбийлар, милиция излаб топишиибди, уларни. Улар эса тоғнинг тепасига қараб қочаверган ва ўзларини пастга ташлаб юборишган”, деди манба.

Унинг айтишича, жасадларнинг қўллари қизнинг рўмоли билан бир-бирига боғланган ҳолатда топилган.

Қалъачалик бошқа бир манба эса қиз билан йигитнинг таъқибдан қўрқиб, тоғнинг тепасидан сирпаниб тушиб кетган бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилади:

“Уларнинг қўли боғланганини қидирувчилардан бошқа ҳеч ким кўрмаган. Балки, қўрқанидан тоғдан сирпаниб йиқилиб кетгандир. Лекин йигит ҳам, қиз ҳам қаттиқ қўрқиб кетгани аниқ. Чунки қизбола энди 16 ёшга қадам қўяётган эди”, деди қалъачалик манба.

Сўх тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Айни пайтда бу воқеа юзасидан жиноят иши очилган. Тергов тугамагунча бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бера олмайман”, деди мулозим.

Ўзбекистонда севишган йигит-қизларнинг биргаликда ўз жонларига қасд қилиш ҳолатлари аввал ҳам учраган.

Хусусан, 2013 йилнинг 18 октябрь куни Наманганнинг Чуст тумани “Кўприкварзик” маҳалласида истиқомат қилган 21 яшар йигит ва “Дўзанда” маҳалласида яшаган 17 яшар қиз Деҳқонобод қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги ташландиқ гаражда ўзларини дорга осган эди.

XS
SM
MD
LG