Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:38

Ўзбекистон банклари икки ўт орасида қолди


50 минг сўм пулини нақд қилиб олиш учун шу кунларда одамлар эрталабдан кечгача бесамар навбат кутмоқда.
50 минг сўм пулини нақд қилиб олиш учун шу кунларда одамлар эрталабдан кечгача бесамар навбат кутмоқда.

Ўзбекистон Жиноят Кодексига 21 август кундан бошлаб киритилган ўзгартишга кўра¸ юридик ва жисмоний шахслар ойлик ва тўловларини ўз вақтида тўламаслик учун банк амалдорларига нисбатан жазо кучайтирилди. Бу ўзгартиш ортидан¸ мамлакатдаги нақд пул тақчиллиги учун масъулиятнинг катта қисми банкларга оширилди ва уларга нисбатан маъмурий босим кучайди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 21 август куни Ислом Каримов имзо чеккан “ҚОНУН”га кўра¸ бундан буëн ойлик ва ижтимоий тўловларни вақтида тўламаслик учун жавобгарлик банк масъуллари зиммасига юкланди.

Жиноят Кодексининг 192-моддасининг 7-бандига мувофиқ бундай ҳаракат учун жиноий жавобгарлик тайинланди.

Бу ўзгаришга кўра¸ “хўжалик юритувчи субъектларга ва бошқа ташкилотларга пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириш

Хўжалик юритувчи субъектларга ва бошқа ташкилотларга иш ҳақи, нафақалар, стипендиялар ва уларга тенглаштирилган ўзга тўловларни тўлаш учун пул маблағлари беришни банкнинг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан асоссиз равишда кечиктириш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –

энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Банк мансабдорларига ойлик ва ижтимоий тўловларни кечиктириш учун жиноий жазо тайинлаш Ўзбекистонда нақд пул муаммоси кун сайин кескинлашиб¸ Марказий банк раҳбарияти Бош вазирга бу муаммони ҳал қилиш ўз ваколатидан ташқарида эканини тушунтириб¸ ҳукумат раҳбаридан ëрдам сўраб турган пайтга тўғри келди.

Жазо кескинлашуви баробарида Ўзбекистонда фуқаролар ариза ва шикоятлари устида ишловчи “Ягона интерактив давлат хизматлари портали” жорий этилди ва банкдан пулини ола олмаëтган юридик ва жисмоний шахслар шикоятлари бўйича ҳам чора кўриш ташкиллаштирилди.

28 август куни Озодликка мурожаат қилган бухоролик Зуҳриддин¸ бу порталга мурожаат қилиш¸ банкдан пул ололмай сарсон бўлаëтганлар муаммосини маъмурий босим орқали қисман ҳал этишда қўл келишини айтади:

- Бугун Бухоро миллий банкига пул олиш учун бордим. Мустақиллик деб оғиз кўпиритишади¸ лекин ўз пулингни сўрасанг¸ бермайди. Ҳар хил баҳона қилишди. Кейин Тошкентга¸ ягона давлат порталининг 200-00-44 рақамига телефон қилдим. Ишонч телефони кўтаради. Олдин ҳам шикоят қилганим учун¸ мени овозимдан таниб қолишган. Операторга Миллий банк бошлиғига улаб беринг дейман¸ улаб берди. Бугун Бухоро миллий банки пул бермаëтганини айтдим. “Қанча керак?” дейишди. Мустақиллик ҳурмати¸ 200 минг сўм беринглар¸ дедим. “Шу арзимаган пул учун сиз бизга шикоят қилаяпсизми?” дейишди. Исми-фамилиямни ëзиб олишди ва “Шикоятингиз қабул қилинди¸Бухоро миллий банкига боринг”¸ дейишди. Шу ерда турибман¸ дедим. Икки дақиқа ўтмай¸ банкнинг пул берадиган ходими олдимга югуриб келди. “Нимага Тошкентга шикоят қилдингиз¸ берардик ўзимиз” деб гап бошлади. 200 минг сўм беринг унда¸ десам¸ йўқ¸ 50 мингдан ортиқ беролмайман¸ пенсионерларга пул йўқ¸ деди. Мен навбатда турганда¸ қизи прокурор бир аëл¸ пластик картасидаги 1 миллион 600 минг сўмни нақд қилиб олиб кетди¸ кассада пул қолмади. Кўриб турди халқ. “Агар ҳеч қандай шикоятим йўқ” деган қоғозга қўл қўйсанг¸ 50 минг оласан¸ деди. Мен яна тўполон қилдим. Охир¸ дағдирай-дағдирай 50 минг сўм берди¸ дейди Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллигини ҳашаматли тарзда байрам қилишга ҳозирлик бораëтган айни кунларда 10 долларга яқин пулни банкдан олиш саргузаштини ҳикоя қилган Зуҳриддин.

Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари томонидан Бош вазирга жорий йилнинг 10 апрель куни юборилган мактуб мазмунидан ўзбек банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани аëн бўлган эди.

Мактубда МБ мутасаддиси нақд пул тушумини таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса¸ мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият оғирлашиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Бош вазир ва олий ҳокимиятнинг бундай чора-тадбирлар доирасида қўйган қадамларидан бири¸ Жиноий кодексга киритилган ўзгартишга қаралса¸ муаммо учун жавобгарликни банкларга тўнкаш бўлган кўринади.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ Ўзбекистон банк тизими ходимларидан бири¸ нақд пул тақчиллиги учун масъулиятни Марказий банк ва банк тизимига юклаш адолатсизлик эканини таъкидлади:

- Ҳукумат Марказий банкдан иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини талаб қилади. Банкка эса¸ нақд пул тушмаяпти. Нега тушмаëтгани сабаблари Марказий банк ваколатларидан ташқарида ëтибди ва буни ҳамма яхши билиб турибди. Бу асосан¸ солиқ тизимидаги муаммолар ифодасидир. Нақд пулнинг асосий қисми қора бозорда айланаяпти¸ банкларга келмаяпти. Қора бозорни кимлар бошқараëтгани¸ савдогару тадбиркорнинг нега рисоладагидай солиқни давлат ғазнасига тўламаслиги билан шуғулланиш банк эмас¸ бошқа тизимлар ваколатидадир¸ дейди банк тизимидаги Озодлик манбаси шахси очиқланмаслиги шарти билан.

XS
SM
MD
LG