Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:18

Тулада ўзбек аёли боласини бўғиб ўлдирганликда гумонланмоқда


Russia - baby generic
Russia - baby generic

Россиянинг Тула шаҳрида ўзбекистонлик аёл янги туғилган боласини бўғиб ўлдирди. Ҳибсга олинган 28 ёшли бу аёлнинг Тергов қўмитаси ходимларига тушунтиришича, болани ўлдиришга уни оғир иқтисодий аҳволи ундаган. Аёлнинг яна иккита норасида боласи эса тергов якунига қадар Россия ҳукумати томонидан болалар уйига топширилди.

2015 йилнинг 27 августида Тула шаҳар Тергов қўмитаси томонидан 1987 йилда туғилган ўзбекистонлик аёлга нисбатан “янги туғилган чақалоқни ўлдириш” моддаси асосида жиноий иш қўзғатилди.

Ҳодиса тафсилотларини Озодликка гапириб берган Тула вилояти бўйича Тергов қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Зинаида Каминская Д. исмли аёл аллақачон ўз қилмишига иқрор бўлди ва жиноятга қўл ургани сабабларини тушунтирди, дейди.

- Бу аёл очилган жиноий иш бўйича гумонланувчидир. У ўз айбига иқрор бўлди ва тушунтирдики, оғир моддий вазиятда қолгани туфайли бу жиноятга қўл ўрди, чунки унинг яна икки нафар вояга етмаган боласи бор экан. Болалар ҳозир ундан вақтинчалик олиб қўйилди ва васийлик идораси ходимлари қарамоғига топширилди. У билан бирга яшаб келган эркак, яъни Д. билан шаърий никоҳда бўлган Ўзбекистон фуқароси, миграция қоидаларини бузгани учун ҳозир депортация лагерига жойлаштирилган: яқин орада у Ўзбекистонга бадарға қилинади. Болалар айнан ҳозир шифохонага карантинга ётқизилди, кейинчалик болалар уйига юборилса керак, деди Зинаида Каминская.

Тергов қўмитаси вакиласи сўзларига кўра,жорий йилнинг 20 августида Тула шаҳар туғруқхонасидан 16 август куни туғилган қизчаси билан чиқарилган 28 ёшли ўзбекистонлик аёл ўзи яшаб келаётган мавзе томон жамоат транспортида жўнаган. Шаҳар шифохонаси бекати ёнида у боланинг оғиз-бурнини қўли билан ёпган ва чақалоқнинг нафас олиши тўхтагунига қадар ушлаб турган...

Бир неча кундан кейин – 24 август куни, - она-болани туғишдан кейин назорат қилиб борувчи навбатчи врач Д.нинг қайд этилган манзили бўйича борган, аммо гўдакни квартирада топа олмаган. Чақалоқни қайдга олган поликлиника раҳбари дарҳол бу ҳақда ҳуқуқ мухофазаси органларига хабар берган.

Терговчилар она билан олиб борган сўроқ давомида у болани ўзи ўлдирганини тан олган. Аниқланишича, 4 кунлик қизалоқни ўзбек аёли Тула шаҳрининг Кимовский мусулмонлар қабристонига дафн этган.

- У гумонланаётган жиноят Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 106 моддасида белгиланган. Унга биноан ўзбекистонлик аёл 5 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. У Россияда 2009 йилдан буён ноқонунан яшаб келган, эрининг тайинли иши бўлмаган, чунки эр ҳам 2011 йилдан миграция қоидаларини бузганлар “қора рўйхатида” бўлган. 24 август куни боланинг отаси шаҳарнинг Пролетар туман суди томонидан 2000 минг рубл жаримага тортилди ва Россиядан депортация қилинди. Агарда суд иккита боласи борлигини инобатга олиб қамоқ жазоси тайинламаса, аёл ҳам аниқ Россиядан чиқариб юборилади, деди Зинаида Каминская.

Тула шаҳар Пролетар тумани прокуратураси Д.га нисбатан жиноий иш қўзғатилишини қонуний деб топди ва туман прокурори бу иш тафтишини шахсий назоратига олгани маълум бўлди. Боланинг жасади мусулмонлар қабристонидан эксгумация қилинди ва суд-тиббий экспертиза текширувига юборилди.

Тула вилояти бўйича Тергов қўмитаси тергов олди тафтиш ишларини давом эттирмоқда.

Озодлик Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик аёллар шаърий никоҳдаю никоҳсиз туққан фарзандлари жонига қасд қилаётгани, чақалоқларни кўчага ташлаб кетаётгани ҳолатлари кўпайиб бораётгани тўғрисида гапириб қелмоқда.

Жорий йилнинг август бошларида Калининградда ўзбекистонлик Зебо оғир иқтисодий шароити боис янги туғилган чақалоғини бошқа оилага бериб юборгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

2015 йилнинг май ойида Россиянинг Санкт Петербург шаҳри Красногвардейский туман суди боласини ресторанлардан бирининг ҳожатхонасида туғиб, кўчага ташлаб кетганликда айбдор деб топилган ўзбекистонлик 25 ёшли аёлни 8 ойлик ахлоқни тузатиш ишларига жалб қилиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Ўтган йилнинг 2 декабрида Петербургнинг Красногвардейский туман судида 1992 йилда туғилган хоразмлик Азиза Давурова ва 1985 йилда туғилган тожикистонлик Сайлигул Нуралиевага нисбатан ҳам суд 3,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлашган эди. Бу аёллар Давурова Азизанинг энди туғилган ўғлини 25 минг рублга оператив ходимга пуллагани учун жавобгарликка тортилган.

2015 йилнинг 6 апрелида Ярославлдаги маршруткалардан бирида олти кунлик чақалоқни целлофан халтада олиб кетаётган ўзбек аёли қўлга олингани тўғрисида видео ижтимоий тармоқларда тарқаган эди.

XS
SM
MD
LG