Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:31

Бир болани мактабга тайёрлаш 1 миллион сўмга тушади


2-сентябрь куни миллионлаб ўзбекистонлик болалар янги ўқув йилини бошлайди
2-сентябрь куни миллионлаб ўзбекистонлик болалар янги ўқув йилини бошлайди

Ўзбекистон бозорларида нарх-наво ошгани сабаб ота-оналар фарзандларини мактабга тайёрлашга қийналиб қолганларини айтмоқдалар. Ўзбекистонлик ота-оналар орасида янги ўқув йили учун фарзандларига янги кийим олиб беролмаганлар ҳам учрайди.

Ўзбекистон мактабларида 2-сентябрь куни янги ўқув йили учун қўнғироқ чалинади. Миллионлаб ўзбекистонлик болалар мактаб остонасига қадам қўяди.

Аксарият ота-оналар ўз фарзандини мактабга бекаму-кўст тайёрлашни орзу қилади. Лекин ўзбекистонликларнинг айтишларича, бу орзуларни амалга ошириш бугунги нарх-наво осмонга ўрлаган, ойлик маошлар ва пенсиялар кечикаётган бир пайтда жуда қийин кечмоқда.

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қиладиган 45 яшар Наримон Озодлик билан суҳбатда бу йил икки нафар фарзандига мактаб учун янги кийим олиб беролмаганини айтади:

- Тайёргарлик ноль ака. Янги кийим-кечак олмадик ҳисоб. Болалар эски кийимлар билан борадиган бўлди, бу йил,- дейди суҳбатдош.

Наримоннинг айтишича, болаларга мактаб кийимлари олиб беришни уларнинг оилавий бюджети кўтармаган:

- Нарсалар жуда қиммат. Битта оёқ кийим 40-50 минг сўм, у ҳам бўмайдиган, икки ойда титилиб кетади. Кийим-кечаклар ҳам жуда қиммат. Ўтган йили икки боланинг кузги кийими учун 800 минг сўм сарфлаган эдик, бу йил эса кучимиз етмади. Шунга эскиларини ювиб, тикиб тайёрлаб қўйдик, дейди Наримон.

Унинг айтишича, болаларга арзон нархдаги кийимлар ҳам сотиб олиш мумкин, лекин:

- Арзон нарсалар “мендан кетгунча эгасига етгунча” қилиб тикилганда. Яхши нарсалар эса қиммат. Бир савдогар танишимнинг айтишича, бу йил савдо яхши эмас экан. Чунки долларнинг ошгани сабаб кийим-кечаклар ҳам қиммат бўлиб кетаётганмиш,- дейди Наримон.

Унинг айтишича, ҳозир кам таъминланган оилалар топганини асосан озиқ-овқатга сарфлашга мажбур бўляпти:

- Тадбиркорлар, савдо-сотиқ билан шуғулланадиганлар бу ҳаётда йўлини ҳам топяпти, пулини ҳам. Лекин куни маошга қолган одамларга жуда қийин бўляпти. Маошлар ҳам кечикяпти, боз устига пластик карточкаларга юз фоиз ўтказиб юборилган. Пластикдан нақд қилиш учун яна ўша оддий ишчи маошининг 15-20 фоизини йўқотмоқда,- дейди Наримон.

Қарши шаҳрида истиқомат қиладиган 50 яшар Собиржон ҳам маошдан маошгача яшайдиган оилалар болаларини мактабга тайёрлашда анча қийналиб қолганини айтади:

- Қимирлашиб турганга унчалик билинмайди, лекин маошдан бошқа даромади йўққа анча оғир. Энди ўзингиз биласиз, ҳозир кўпчиликнинг шароити йўқ. Мана мен қизимга костюм юбкасининг материалини сотиб олиб, тиктирдим. 85 минг сўмга тушди. Материали ҳам синтетика. Ҳали кофта, оёқ кийими ва бошқа майда-чуйда нарсалар керак. Қишки кийимлар олиш керак. Лўнда қилиб айтадиган бўлсам, 700 минг сўмлар кетади экан. Агар сифатли кийим-кечак оладиган бўлсангиз бир миллиондан ортиқ кетади,- дейди Собиржон.

Самарқандлик тадбиркор Музаффар эса уч фарзандининг мактаб кийими учун уч миллион сўм сарфлаганини айтади:

"Худога шукр, бир ўғлим ва икки қизимни юз фоиз тайёрлаб қўйдим. Сифатли кийим-кечаклар, сумкалар олиб бердим. Учта болага уч миллион сўмдан кўпроқ пул кетди. Зато яхши ўқишса бўлди",- дейди Музаффар.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда 9698та бошланғич, тўққиз йиллик ва махсус мактаблар фаолият юритади.

Бу мактабларда 2014-2015 ўқув йилида тўрт ярим миллион нафардан ортиқ ўқувчи таълим олган.

XS
SM
MD
LG