Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:12

Сардобалик ўқитувчилар мактаб қурилишига мажбурланмоқда


Сардобалик ўқитувчилар жўнатган сурат
Сардобалик ўқитувчилар жўнатган сурат

Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганликларидан шикоят қилишди. Ўқитувчиларнинг Озодликка ёзишича, ҳозирда мактаб биноси реконструкция қилинмоқда ва ўқитувчилар қурилиш ишларига мажбурланаяпти.

Сардоба туманидаги 2-сонли мактаб ўқитувчилари номидан Озодликка келган мактубда мактаб ходимлари қурилиш ишларида мажбурий равишда ишлатилаётгани ёзилган:

“Sirdaryo viloyati Sardoba tuman 2-umumta'lim maktabida o'qituvchilarni noqonuniy mexnatga jalb qilmoqda. 2-umumta'lim maktabi hozirda rekonstruksya qilinmoqda. Maktab direktori Boboqulov Bahodir hamda rekonstruksya qilayotgan tashkilotning bosh prorabi kelishib maktab o'qituvchilarini qurilish ishlariga jalb qilmoqdalar. Barcha o'qituvchilarning sabr kosasi to'lgan”, дейилади сардобалик ўқитувчилар мактубида.

Мактубга мактабда қурилиш ишлари кетаётгани акс этган суратлар ҳам илова қилинган.

Суратлардан бирида белкурак ушлаб турган киши "2-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Бахтиёр Хўжаназаров" экани таъкидланган.

Озодлик ушбу мактаб директори Баҳодир Бобоқулов билан телефон орқали боғланганида, у ўқитувчиларнинг қурилиш ишларига жалб қилинганини инкор қилишга уринди:

- Унақа иш бизда умуман бўлмаган. Қурувчилар ўзлари қилаяпти. “қурилишда ўқитувчиларни ишлатаяпти” деганига умуман тушунмадим. Ишлаган бўлиши мумкин: Атроф тоза, ҳовлимиз тоза бўлиши учун қурувчи ташлаб кетган нарсани олган бўлишимиз мумкин. Энди ободонлаштириш деб турган пайти. Мустақилликдан олдин. Қурувчига қараб ўтирса, у қачон олади? Тўғрими, масалан, ўзимиз уйда ремонт қилсак, ремонт тугаса оламан, деб қараб ўтирмаймиз-ку.

Озодлик: Лекин бизга келган мактубда суратлар ҳам борда. Ҳатто бу ерда директор ўринбосарининг белкурак ушлаб тургани ҳам бор. Ўқитувчиларнинг ишлаётгани акс этган...

- Мактаб ҳовлисида ўзимиз учун қилган нарсамиз бўлиши мумкин. Мактаб ҳовлисига гултувак қилдик. Ердан бир метр размерда ерга бетон қуйиб, тепасидан ғишт қуйиб, ўшаларга гулларни экдик. Ўшани ўзимиз қилдик. Ободонлаштириш учун қилдик. Ўшани қилдик, лекин,- деди Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Бобоқулов.

1962 йилда қурилган ушбу мактабда шу кунларда реконструкция ишлари олиб борилаяпти.

Мактаб директорининг айтишича, давлат дастури асосида бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари октябрь ойида якунига этиши режалаштирилган.

Ҳозирда мактаб биносининг асосий қисмида таъмир ишлари якунланиб, мажлислар зали ва спорт залида таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти.

“2 сентябрдан ўқиш бошлаш мумкин. Синф хоналари ҳаммаси таъмирдан чиққан”, деган Баҳодир Бобоқулов.

Ўзбекистонда давлат муассасалари ходимларининг ўз соҳаларига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб этилиши кенг тарқалган.

Айниқса, ўрта таълим муассасалари ўқитувчиларини мажбурий тарзда қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига жалб этиш ҳолати сурункали тус олмоқда.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммоси халқаро ташкилотлар тарафидан йиллардан бери танқид қилиб келинади. Лекин халқаро танқидлар кучайган сари Ўзбекистонда “беминнат хизматкор”га айланган ўқитувчию шифокорларни “қулдек” ишлатилиши ҳолатлари ҳам ошиб бораётганини кузатиш мумкин.

XS
SM
MD
LG