Жалолободлик 20 ёшли йигит Сурияда ўқдан яраланиб ва ногирон бўлиб ватанига қайтиб келди. Айни пайтда Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати унинг Суриядаги фаолиятини ўрганмоқда.
Ўқдан жароҳатланиб, баданидаги жароҳати тўлиқ тузалмаган Саидмурод (исми ўзгартирилган-таҳр.) ҳозирда Жалолободдаги ўз уйида даволанишда давом этмоқда. Ўтган ҳафта у Туркиянинг Кўня шаҳридаги касалхонадан Жалолободга олиб келинган. У ўзининг нотаниш одамлар ташвиқотига учиб Сурияга кетишига ишсизлик сабаб бўлганини айтади.
- 2014 йилнинг март ойида Грозний шаҳрига ишлашга кетганман. Кейин Ислом деган йигит билан дўстлашиб, биз ишлаётган кафе ёпилгани учун Истамбулга бирга кетганмиз. Ислом менга жиҳод тўғрисида кўп даъват қиларди. Истанбулда бизни Мусаб деган 35 ёшлардаги киши кутиб олди. У ерда 4 кун яшадик. Кейин бир тожик ва чечен фуқаросини биз билан бирга Сурияга юборишди. Чегарада бизни араб кутиб олиб, Риф шаҳрига олиб кетди. Биз у ерда бомбадан вайрон қилинган шаҳарни тозалаш билангина шуғулландик, - дейди Саидмурод.
У жиҳод тўғрисида доимий равишда айтилган даъватлар ва кўп миқдорда пул берилиши тўғрисидаги сўзлар уни йўлдан урганини ва Суриядаги асл вазият бошқача эканини айтади:
- Биз Сурияга таксида кетаётганимизда “жангда иштирок этсанг 5 минг доллардан 10 минг долларгача тўлаб беришади”, дейишган. Кейин паспортларимизни ҳам олиб қўйишди. Ўша ерда Абдулла деган ўзбекистонлик йигит жиҳод тўғрисида бизга даъват қилган. У ерда ҳаёт бошқача экан. Жиҳод эмас, мусулмон билан мусулмон уришаяпти. “Қайтиб кетаман”, десам мени қўйиб юборишмади. Бизни жангга тайёрлашди. Яшаган еримиз совуқ, қоронғи хоналар эди. У ерда шамоллаб ҳам қолдим. Кунига икки маҳал овқат беришарди. Магазинга бирон нарса олгани чиққандим, қўлим ва белимга ўқ тегиб йиқилдим. Бир ҳафтадан кейин ўзимга келсам Туркиянинг Кўня шаҳридаги касалхонада эканман. Мени уч марта операция қилишди, ҳозир ўпкамнинг ярми йўқ, ногирон бўлиб қолдим. Мен ёшларга алдовларга учиб Сурияга борманглар демоқчиман, -дейди Саидмурод.
Жорий йилда Жалолобод вилояти ҳудудидан 83 одам Сурия ва Ироққа “жиҳод қилиш учун” кетгани аниқланди.Уларнинг аксарияти 30 ёшгача бўлган фуқаролардир. Ўтган ойда ҳуқуқ тартибот органи ходимлари Сурияга кетаётган тўрт қизни Ўш аэропортидан ортга қайтарган.
Миллий хавфсизлик қўмитасининг Жалолободдаги бошқармаси раҳбари Канжарбек Бокоев ёшлар орасида тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлигини таъкидлайди.
- Биз ярим йил ичида 184 маротаба жой-жойларда тушунтириш ишларини олиб бордик. Бироқ бу ишлар етарли бўлмаяпти. Ҳозир мактаб ўқувчилари орасида ҳам бу ишларни олиб бормасак бўлмайди. Негаки ўқувчиларни ҳам нотўғри йўлга бошлаб, у ерга олиб кетаётган ҳоллар учрамоқда. Юқорида тилга олинган йигит ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. У қурол ушлаб, жангларда иштирок этганми? Йўқми? Ростдан ҳам алданганми? Шуларни аниқлаб, кейин чора кўрилади. Сурияга кетган фуқароларимиздан кўпчилиги урушда ҳалок бўлаяпти. Ҳозир сурияга асосан аёллар кетмоқда, - дейди Канжарбек Бокоев.
Расмий маълумотларга ишонилса, шу кунгача Сурияга кетган қирғизистонликлар сони уч юздан ортган. Уларнинг асосий қисми Ўш ва Жалолободдан экани айтилади. Ўтган йили Суриядан 17 ва 24 ёшдаги икки қиз Қирғизистонга қайтарилган эди.