ТИУП: "Абдуҳалим Назарзода биздан эмас"
Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси (ТИУП), эндиликда мудофаа вазирининг собиқ муовини Абдуҳалим Назарзода ва Ваҳдат шаҳри ички ишлар бўлинмасининг ўлдирилган ходими Зиёраддин Абдуллоевнинг тожик расмийлари томонидан ТИУП аъзолари дея таништирилганига қарши чиқди.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари хабарига кўра, ҳозирда Ромит дарасида яширинган Абдуҳалим Назарзода ва унинг шерикларини ТИУП аъзолари эканини даъво қилмоқда.
У ва яна бир гуруҳ ҳарбийлар Душанбе ва Ваҳдат шаҳарлари ички ишлари идорасига ҳужум қилишда айбланмоқда.
ТИУП сиёсий кенгаши фавқулодда йиғин ўтказиб, "расмийлар даъволари мамлакат қонунчилиги ва мантиққа зид" дея баёнот тарқатди.
Чунки, ТИУП сиёсий кенгашига кўра, Тожикистон қонунлари ҳарбийларни сиёсий партияларга аъзо бўлишларини тақиқлаб қўйган.
"Қолаверса, бу қўмондон ва зобитларнинг бир гуруҳи яқинда ТИУПнинг Тожикистонда беркитилишини қўллаб баёнот тарқатган ва ТИУП аъзоларини уни тарк этишга чақирган эди," дея таъкидланади ТИУП баёнотида.
ТИУП сиёсий кенгаши 4 сентябрда юз берган қуролли тўқнашувлар чоғида ҳалок бўлганлар яқинларига ҳамдардлик билдирган.
ТИУП ўз баёнотида шунингдек Тожикистон расмийларини "фожиадан сиёсий ғаразларда" фойдаланмасликка чақирган.
Август ойи охирида Тожикистонда ТИУП фаолияти расман таъқиқланган эди.
КХШТ: Ҳужумлар - Тожикистон ички иши
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) Тожикистондаги вазиятни кузатаётганини маълум қилди.
КХШТ сўзчиси Владимир Зайнуддиновнинг айтишича, 4 сентябрь тонгида Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида юз берган ҳужумлар Тожикистон ички ишидир.
Владимир Зайнуддинов мазкур ҳужумларни "йўлтўсарлик" дея баҳолади.
"Ишончимиз комилки, Тожикистон расмийлари йўлтўсарларни йўқ қилади," деб айтди у.
КХШТ навбатдаги саммити 15 сентябрда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтиши керак.
Озодлик манбаларига кўра, Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Икки шаҳарга кириш ва чиқиш йўлларида милиция ходимлари барча машиналарни текширувларни ўтказмоқда.
Душанбе ва Ваҳдат шаҳарлари кўчаларини қуролли милиция патруллари қўриқламоқда.
ТАСС агентлигининг Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати котиби Фаридун Маҳмадалиевга иқтибосан хабар беришича, Мудофаа вазирлиги баъзи оммавий ахборот воситаларининг 25 нафар аскар ўлгани ҳақидаги хабарларини рад этди.
Фаридун Маҳмадалиев берган маълумотга кўра, "қуролли гуруҳнинг террорчилик хуружи" пайтида бирорта ҳарбий хизматчи зиён кўрмаган.
"Тожикистон ҳуқуқ-тартибот тизимлари томонидан ўтказилган ва ўтказилаётган махсус амалиётда ҳарбий хизматчилар иштирок этганлари йўқ", — деб айтди Маҳмадалиев.
Аввалроқ ҳужумлар пайтида ўлганлар сони 44 нафарга етгани ҳақида хабарлар тарқалганди.