Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:32

Ўзбек чегарачилари ўқидан яраланган қирғизистонлик Наманганда даволанмоқда


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг айрим қисмлари тиконсим ва деворлар билан тўсилган.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг айрим қисмлари тиконсим ва деворлар билан тўсилган.

Ўзбекистон чегарачилари томонидан чегарани бузиб ўтган пайтда яралангани айтилаётган Қирғизистон фуқароси айни пайтда Наманган вилоятидаги касалхоналардан бирида даволанмоқда. Ўзбекистон томони қирғиз расмийлари билан олиб борилган музокаралардан сўнг чегарабузарни ватанига қайтаришга розилик берган.

Қирғизистон Чегара хизматининг 8 сентябрь куни Озодлик радиосига маълум қилишича, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманига қарашли Гулистон қишлоғи яқинида қирғиз фуқароси Ўзбекистон чегарачиси отган ўқдан яраланган. Хабарда айтилишича, бу воқеа 4 сентябрь куни содир бўлган.

Ўзбекистон томонининг билдиришича, қирғизистонлик икки давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтган. Ўзбек чегарачилари уни Ўзбекистон ичкарисига 250-300 метр кириб келган пайтда сезиб қолган ва унга қарата ўқ отган. Ўқдан яраланган қирғизистонлик Наманган вилоятидаги касалхоналардан бирига ётқизилган. Айнит пайтда унинг ҳаётига хавф йўқлиги айтилмоқда.

Қирғизистон Чегара хизматининг маълум қилишича, воқеадан сўнг ўзбек ва қирғиз чегара хизмати расмийлари телефон орқали музокара ўтказган. Музокаралар натижасида Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон фуқаросини соғайганидан сўнг ватанига қайтаришга розилик берган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида ўқ отилиши сўнгги йилларда одатий воқеага айланиб бормоқда. Бунга икки давлат ўртасидаги 1300 километрдан кўпроқ чегара чизиғининг қарийиб 400 километрга яқини шу кунгача аниқланмай қолаётгани сабаб бўлаётгани мутахасислар томонидан эътироф этилади.

Масалан, шу йилнинг 29 июнида икки давлат ўртасидаги чегаранинг аниқланмаган худуди ҳисобланадиган Машаланг назорат пунктида ўзбек ва қирғиз чегарачилари ўртасида содир этилган отишмада Ўзбекистоннинг бир аскари оғир яраланган эди. Воқеадан сўнг икки томон бир-бирини аниқланмаган чегара ҳудудини назорат қилиш тартиби бузилганликда айблаган.

Бу воқеадан бир ой ўтгач, 29 июль куни Ўзбекистон билан чегара муаммосини муҳокама қилиш учун Тошкентга борган Қирғизистон делегацияси қабул қилинмаганди. Қирғиз томони ўзбек ҳамкасблари учрашувга келмагани сабаб, икки кундан сўнг Бишкекка қайтишга мажбур бўлган.Ўзбекистон эса учрашувдан бош тортишига меҳмон делегация таркибидан рози бўлмаганини сабаб қилиб кўрсатган.

Бироқ орадан яна бир ой ўтгач, 25-28 август кунлари Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан чегара бўйича музокаралар қайта жонланган ва Тошкентда чегарани аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтган.

Аммо мазкур учрашувларда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида тез-тез ўқ отилишига сабаб бўлаётган баҳсли ҳудудлар масаласида томонлар муросага кела олмаётир.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 60 га яқин баҳсли ҳудуд мавжуд.

XS
SM
MD
LG