Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Туркманистонда мустақил журналист 3 йилга қамалди


Туркман журналисти Сапармамед Непесқулиев.
Туркман журналисти Сапармамед Непесқулиев.

Озодликнинг туркман хизмати билан ҳамкорлик қилиб келган журналист Сапармамед Непесқулиев 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Айни пайтда Непесқулиевнинг яқинлари ҳалигача журналист билан кўриштирилмаяпти.

Сапармамед Непесқулиев 3 йилга қамалгани ҳақида Озодликка журналистнинг онаси Райсина Сариева маълум қилди. Онахоннинг айтишича, ўғлининг суди 31 август куни бўлиб ўтган, бироқ бу ҳақдаги хабар Сапармамеднинг яқинларига бир неча кун кечикиб етиб келган.

Райсина Сариева ўғли қамалганига оид хабар уларга қизининг таниши орқали етиб келганини, расмийлар ҳали ҳам бу ҳақда сукут сақлаётганини айтди.

- Бизга ҳеч нарса айтишмаяпти. Бу қанақаси ахир? У менинг ўғлим! Унга нима бўлганини билишга ҳақим бор, - дейди онахон.

Озодликнинг туркман шўъбаси ва “Альтернативние новости Туркменистана” нашри билан ҳамкорлик қилиб келган Сапармамед Непесқулиев шу йилнинг 7 июлида Туркманбоши шаҳрида тўсатдан ғойиб бўлиб қолганди. Бир неча кунлик қидирувлардан кейин журналист Балкан вилоятидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида экани аниқланганди. Маълум бўлишича, уни “ичида наркотик модда бўлган” ҳапдори сақлаганликда айблаб, қўлга олганлар.

Райсина Сариева ўғлига қўйилган бу айблов ҳеч қанақа қолипга сиғмаслигини айтади.

- Уни бангфурушликда айблашибди. Биз мен оладиган пенсияга кун кўрардик. Қанақасига у бангфуруш бўлсин? Улар (расмийлар демоқчи – таҳр.) ақлдан озганми? – деган журналистнинг онаси ўғли билан у қўлга олинганидан буён кўриштирилмаётганидан шикоят қилади.

Сапармамед Непесқулиевга нисбатан очилган жиноят иши уйдирилганига журналистнинг ҳамкасблари ҳам, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам шубҳа қилмайди. Аввалроқ Ҳюман Райтс Уотч, Чегара билмас мухбирлар, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Халқаро Амнистия каби ташкилотлар ва Озодлик радиоси туркманистонлик журналист ҳимоясига чиқиб, туркман расмийларини Сапармамед Непесқулиевни зудлик билан озод қилишга чақирган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги масалалари бўйича мутасаддиси Дунья Миятович эса Туркманистон расмийларига йўллаган мактубида Непесқулиев тақдиридан хавотир изҳор қилган.

Туркманистон дунёда матбуот ва эркинлиги энг кўп бўғилаётган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг бу йилги рейтингида Туркманистон сўз эркинлиги бўйича қарийб охирги, яъни 178-ўринни эгаллаган.

XS
SM
MD
LG