Линклар

Шошилинч хабар
09 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:54

Ўзбекистон бозорларида нарх-наво 20-30 фоизга кўтарилиб кетди


Нарх-навонинг кўтарилишига Ўзбекистонга четдан олиб келинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари божининг 1 сентябрдан кўтарилгани, мамлакатда иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ошгани¸ шунингдек “қора бозор”да сўм қурбининг АҚШ долларига нисбатан кескин пасайиб кетгани сабаб кўрилмоқда.

Тошкентда шу кеча-кундузда бир килограмм гуруч нархи 4000-5000 сўмга етди. Уннинг килоси 3000-3500 сўмдан сотиляпти. Пахта ёғининг бир литри 5000-5500 сўмга чиқди.

Чорсу бозорида савдо-сотиқ қилувчи тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам сўнгги бир ҳафта ичида 20-30 фоиз ошган:

- Писта ёғи 8000 мингдан ошиб кетди, олдин 6 ярим мингга ҳам бор эди. Картошка 1300 сўм, олдин 800-900 сўмга ҳам олса бўлар эди. Олдин 400 сўм бўлган пиёз ҳозир 650-700 сўм бўлиб кетган. Ҳозир айни пишиқчилик пайти одатда арзонлашиши керак бўлган мева-сабзавот нархи ҳам ошaяпти. Гўшт, мол гўшти нархида ҳозирча катта ўзгариш йўқ, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Нархлар кўтарилишининг мамлакат ҳудудига олиб кириладиган айрим озиқ-овқат маҳсулотларига шу ой бошидан акциз солиғи ва божхона божи ошгани билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Ўзбекистон президенти 2015 йил 13 август куни имзолаган қарорга мувофиқ, давлат божи ва акциз солиғи миқдори оширилиши белгиланган истеъмол маҳсулотлари рўйхатига гўшт ва парранда гўшти, чўчқа гўшти, сут ва сут маҳсулотлари, шакар ҳамда қандолат маҳсулотлари киритилган.

Шунингдек, мева, қанд-қурс ва турли ширинликлар, ун, ун маҳсулотларига ҳам 1 сентябрдан акцизлар оширилди.

Жорий қилинган акциз солиғи 10 фоиздан 70 фоизгачани ташкил қилади. Бу эса ўз-ўзидан импорт озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишига олиб келди.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Абдураззоқ Содиқовнинг айтишича, ташқаридан кираëтган моллар устига акциз юкланиши бозорда маҳаллий маҳсулотлар нархларнинг асоссиз ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.

- Қозоғистон уни ёки четдан олиб келинган писта ёғи устига солиқ қўйилса нархи ошади, ўз-ўзидан бу ўзимизнинг ун ва ўзимизнинг пахта ёғи нархи ошишига олиб келади, - дейди Содиқов.

Ўзбек фаолига кўра, нарх-наво кўтарилаётганига яна бир сабаб ойликлар ошгани ва АҚШ доллари курси "қора бозор"да кўтарилаётганидир.

- Бизда ойликлар 10 фоиз ошса, нарх-наво 20-30 фоизга ошади. Коммунал хизматлар ҳам шунчага ошади. Ҳозир ҳам шундай бўляпти. Бундан ташқари доллар кўтарилган. Бозорда сотувчилар ҳам ҳозир доллар курсига қараб сотадиган бўлган, - дейди Абдураззоқ Содиқов.

Айни пайтда ҳукумат деҳқон бозорларидаги нарх-навони маъмурий усуллар билан жиловлашга ҳаракат қилмоқда.

Тухумнинг донаси 600 сўм

Тошкентда шу кунларда бозор нархидан икки баравар арзон бўлган “ижтимоий тухум” учун ур-йиқит давом этмоқда.

“Ижтимоий тухум”нинг донаси 300 сўм. Дўконларда эса тухумнинг нархи икки баравар қиммат, 500-600 сўм.

Ижтимоий тармоқларда ҳаридорларнинг эски нарх ёзиб қўйилган тухум расталари олдида навбатга турганини кўриш мумкин.

Тошкентнинг Чорсу бозоридаги савдогарлардан бирининг айтишича, тухум учун навбатлар шу ой бошидан бошланган.

– Донаси 300 сўмдан, навбатга турсангиз оласиз. Дўконда ҳозир тухум 600 сўмдан ошиб кетган, - дейди тошкентлик сотувчи.

Кузатувчилар Ўзбекистонда бир қанча парранда фабрикалари ёпилиши ортидан тухум нархи ошганини айтишади.

Ҳукумат эса бозорда тухум нархини 300 сўм атрофида ушлаб туриш учун мажбурий амалларга қўл урмоқда.

Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, ҳукуматнинг нарх-навони жиловлаш бўйича амаллари иш бермаяпти.

- Чунки бу ерда навбат кутиб турганларнинг аксари олибсотарлар. Ҳозир улар тухумни 300 дан олади-да кейин икки баравар қилиб сотади. "Элга хизмат" тарафидан эрталаб тухум 300 сўмдан бир соат ичида сотилади, кейин тугаб қолади. Ҳеч нарса ўзгармайди. Ҳозир қайтанга тухумнинг нархи ҳам ошиб кетаяпти, - дейди Шосалимов.

Бозорда нарх-навонинг ошиши ўзбек сўмининг хорижий валюталарга нисбатан курси тушиб бораётгани фонида кузатилаяпти.

Шу кунларда Ўзбекистонда мавжуд хорижий валютанинг "қора бозор"ида 1 АҚШ долларининг қиймати 5000 сўмга яқинлашиб қолгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG