16 сентябрь куни Фарғонага борган Ўзбекистон Ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев анчадан бери бўш турган вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига янги амалдор тайинлади. Айни пайтда¸ ички ишлар тизимининг вазир кўзидан панага ташланган оддий ходимлари Озодликка икки ойдан бери ойликсиз ишлаëтганлари хусусида шикоят қилди.
Фарғонага "меҳмон" келди
“Салом Озодлик. Бугун 16 сентябрь куни Фарғонада меҳмон тадбири ўтказилаяпти. Бир неча ойлардан буëн Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ҳайҳотдек хонаси вакант бўлиб бўшаб қолган эди. Собиқ ИИБ бошлиғи вазифасини бажарган Мирали Соттиевнинг қинғир ишларидан кейин бўшаб қолган бу лавозимга мана бугун янги раҳбар тайинланадиган бўлди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бугун эрталаб Ички ишлар вазири¸ генерал-лейтенант Аҳмадбоев Адҳам Акрамовични кутиб олди. Ҳозирда вазир Аҳмадбоев янги ИИБ раҳбарини тайинлашга ҳозирлик кўриш билан овора; бу ëқда ходимларни кичик бошлиқлар ҳайдаш билан овора. Бугун развод ҳам вазир келиши туфайли тонг саҳар 5 да бўлиб ўтди. Сабаби¸ ўзимизнинг вазиримиз майда-чуйда ходимларни кўрмаслиги керак экан. Вазир ўз милициясидан қўрқсая¸ ëки милиция ходимларининг уст-бошлари хароблигини кўриб дарғазаб бўлармикан? Ëки икки ойдан бери ҳувиллаб ëтган пластик картасига ойлик маоши тушмаганини билиб қолса “хурсанд” бўлиб кетишидан қўрққан порахўр бошлиқларимиз ташвишдамикинлар? Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига ҳар галгидек тошкентлик раҳбар тайинланади¸ эски ҳаммом¸ эски тос - ҳеч нарса ўзгармайди. На бир ойлик маошимиз вақтида олинади ва на ишда тартиб-қоида бор. Бугун Қўриқлаш хизмати ходимлари тонг саҳар 4 да йиғиб олинди¸ тезроқ разводни ўтказиб¸ тезроқ постларга юборишди. Уларга вазир машинасига умуман қарамаслик шарти қўйилди. Ана сизга тартиб¸ ўз ички ишлар вазиримиз милицияни кўргани кўзи бўлмаса¸ офарин!” деб ëзди Озодликка фарғоналик милиция зобитларидан бири.
"Соттию кетти"¸ Султонов келди
Фарғона Ички ишлар бошқармасининг хавфсизлик нуқтаи назаридан шахси сир қолишини сўраган ходими йўллаган бу тафсилотлар кун давомида ўз расмий тасдиғини топди.
Озодликнинг Фарғона ҳокимлигидаги манбаси¸ бугун эрталаб Ички ишлар вазири Аҳмадбоевнинг вилоят ИИБ янги раҳбарини тайинлаб¸ Андижонга ўтиб кетганини билдирди.
Унга кўра¸ Фарғона ИИВ бошлиғи лавозимига асли самарқандлик¸ йиллардан бери вазирликнинг ички инспекциясида ишлаб келган милиция полковниги Султонов Оловуддин Пўлатович тайинланган.
Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев Ички ишлар бошқармаси бошлиқлигига келадиганларнинг ҳам¸ ундан кетадиганларнинг ҳам қайси хизмати учун мансабга тайинлангани ва қайси айби учун ишдан олингани ҳақида жамоатчиликка ҳеч қачон ахборот берилмаслигини айтади:
- Аввалги бошлиқ Мирали Соттиевнинг нима учун ишдан олингани ҳақида бирор расмий изоҳ йўқ. Биров у дейди¸ биров бу. Билганимиз¸ бу одам Тошкентдан бўлса ҳам¸ ҳозирча Фарғонада яшаяпти¸ дейди ҳуқуқ фаоли.
Фарғона Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига қандай шахс¸ қандай кадр келгани оддий одамлар ҳаëтида у ëки бу шаклда сезиладими¸ ëки бунинг мутлқа аҳамияти йўқми¸ деган саволга Абдусалом Эргашев:
- Кимнинг бошлиқ бўлиши баъзи нарсаларни ўзгартиради. Масалан¸ вилоят ИИБсининг олдинги бошлиғи Сатторов асосий эътиборини ГАИга қаратди. Кўчада машина ҳайдаб бўлмай қолган эди¸ ҳамма ëқ бақир-чақир¸ уруш-жанжал эди. Милициянинг бутун иши фақат ГАИ функциясини бажариш бўлиб қолган эди унинг замонида. Кейин келган Соттиевнинг¸ аксинча¸ ГАИ билан иши бўлгани йўқ. Милиция унча-унча нарсага аралашмай қўйди. Буниси нима қилади¸ ҳали билмаймиз¸ дейди ҳуқуқ фаоли.
"Янги бошлиқдан ойлик кутаяпмиз..."
Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган фарғоналик милиция ходимлари ўз янги бошлиқларидан кутилаëтган “энг катта каромат” ходимларнинг 100 фоиз пластик карточкага ўтказилган ойлигининг вақтида тўланишини таъминлаш эканини билдирдилар.
Фарғона милиционерларининг ойлик маошини ўз вақтида ола олмай қолгани ҳақидаги бу шикояти Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари томонидан Бош вазирга 10 апрель куни юборилган мактубда келтирилган ҳукуматнинг ҳатто махсус контингент ташкилотларига ойлик бера олмас даражасига келиб қолгани ҳақидаги огоҳлантирувни тасдиқлайди.
“Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра¸ 58¸2 млрд.сўмлик пенсия тўловлари¸ 53¸8 млрд.сўмлик махсус контингент ташкилотлари тўловлари Андижон¸ Бухоро¸ Қашқадарë¸ Навоий¸ Наманган¸ Сурхондарë¸ Сирдарë¸ Фарғона вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида тўланмасдан қолди” деб ëзган эди 2015 йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоев Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëвга 10 апрель куни юборилган 10-11/41 сонли рақамли мактубида.
Мазкур мактубда ҳукумат нақд пул тақчиллиги муаммосини ҳал этиш учун зудлик билан чора-тадбир қўлламаса¸ вазиятнинг пахта йиғим-терим мавсумига бориб¸ янада оғирлашиши айтилган эди:
“Ҳисоб-китобларга кўра¸ аҳвол шу тарзда давом этса ва тезкор амалий чора-тадбирлар кўрилмаса¸ махсус контингент¸ мониторингга олинган стратегик корхоналар иш ҳақи¸ пахта йиғим-теримчилари учун Марказий банк томонидан 2015 йилда 3¸0 трлн.сўмдан кўпроқ мадад пуллари чиқаришга тўғри келади ва бу ўз навбатида¸ муомаладаги нақд пул миқдорининг ошишига таъсир кўрсатади.
Муомаладаги нақд пул миқдорининг ошиб бориши¸ ўз навбатида¸ инфляцион босимнинг кучайишига¸ норасмий валюта бозорининг кенгайишига¸ пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасининг ва оқибатда “хуфиëна” иқтисодиëт ҳажмининг ошишига¸ ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг мураккаблашишига олиб келиши билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин”¸ дейилади Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари томонидан апрель ойида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëевга юборилган мактубда.
Ҳукуматнинг “махсус контингент ташкилотлари” деб таснифланадиган Ички ишлар вазирлиги ходимларига икки ойдан бери ойликни ҳатто пластик карточкага ўтказа олмай қолгани¸ пахта терими авж паллага кирган 2015 йил кузига келиб¸ Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ҳақиқатда “мураккаблашгани” тасдиғи сифатида кўрилмоқда.